Линклар

logo-print

Президентликка даъвогарлар зарарсизлантирилмоқда


Қирғиз мухолифати вакиллари президент Бакиев мухолифат лидерларини таъқиб қилиш ва қамаш орқали Қирғизистонда диктаторлик режимига асос солаётганини таъкидламоқдалар.

Қирғиз мухолифати вакиллари президент Бакиев мухолифат лидерларини таъқиб қилиш ва қамаш орқали Қирғизистонда диктаторлик режимига асос солаётганини таъкидламоқдалар.

Собиқ Ташқи ишлар вазири, бугунда мухолифат лидерларидан Аликбек Жекшенқуловнинг қотилликда айбланиб, қамоққа олиниши Қирғизистонда сиёсий террорнинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 9 март куни тарқатган маълумотида қайд этилишича, Адлия вазирлиги экспертлар гуруҳи мамлакатда фаолият юритган туркиялик тадбиркор Сервет Четин Аликбек Жекшенқуловга тегишли тўппончадан отиб ўлдирилганини тасдиқлаган.

Бундан аввалроқ¸ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Аликбек Жекшенқулов ва унинг ўғли Бекқулни таниқли журналист Алишер Соиповнинг отиб ўлдирилишида гумонлаган эди.

Адвокат Нина Зотованинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги терговчиси Аликбек Жекшенқуловни қамоққа олиш пайтида ундан Алишер Соипов иши бўйича айблов олиб ташланганини билдирган.

- Биринчи эспертиза хулосасида Аликбек Жекшенқуловга ҳукумат томонидан совға қилинган қурол таниқли журналист Алишер Соиповни отиб ўлдиришда ишлатилмагани тасдиқланган.

Иккинчи хулосада эса¸ бу қуролнинг туркиялик ишбилармон Сервет Четинни отиб ўлдиришда ишлатилгани айтилади, дейди Нина Зотова.

Адвокатга кўра, Аликбек Жекшенқулов Сервет Четинни ўлдиришга алоқадор шахс сифатида қамоққа олинган.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бу масалада бошқача ахборот берди.

- Биз Аликбек Жекшенқуловнинг қуролидан ким фойдаланганини аниқламоқчимиз. Тергов Жекшенқулов аниқ қотил, деб даъво қилаётгани йўқ.

Жекшенқуловга нисбатан асосли айблов эртага билдирилади, деди Ички ишлар вазирлиги тергов бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Эшмурза Азимжонов.

Мухолифат вакиллари Аликбек Жекшенқуловга тегишли тўппонча юзасидан ўтказилган баллистик экспертиза натижаларига ишонмасликлари, экспертиза қалбаки хулоса чиқарганини айтадилар.

Бироқ Қирғизистон Адлия вазирлиги баллистик экспертиза бўлими расмийси Павел Берхтолд мухолифатнинг бу айбловини рад этди.

- Менинг 20 йиллик фаолиятим давомида биринчи марта баллистик экспертиза айбланувчи, унинг адокатлари ва ишончли одамлари иштирокида ўтказилди. Яъни экспертиза жараёнида шахсан Аликбек Жекшенқуловнинг ўзи ва адвокатлари қатнашган, деди Павел Берхтолд.

Қирғиз мухолифати вакилларига кўра, Аликбек Жекшенқуловнинг қамоққа олинишини мамлакатда бошланган сиёсий террорнинг дебочаси сифатида қабул қилиш лозим.

Бишкекдаги “Сиёсий таъқибларга қарши кураш” қўмитаси раиси Тўпчубек Турғуналиев фикрича, Аликбек Жекшенқуловга нисбатан очилган жиноят иши уйдирмадир ва бу йўл билан ҳукумат мухолифат лидери фаолиятини чекламоқчи бўлаётир.

Мухолифатнинг таниқли намоёндаси, Қирғизистон жамоатчилик парламенти раиси Абдуғани Эркабоев эса¸ бугунги кунда мухолифатнинг деярли барча лидерларига қарши жиноят ишлари очилгани, президент Бакиев бу йўл билан диктаторлик режимига асос солаётганини айтиб ўтди.

Бишкеклик сиёсатшунос Нур Ўмўров мухолифат лидерларидан бири Аликбек Жекшенқуловнинг қамоққа олинишини, бошқа бир мухолифатчи Исмоил Исақовга нисбатан маҳкама жараёни бошланишини амалдаги ҳокимиятнинг навбатдаги президентлик сайловига тайёргарлик бошлагани белгиси сифатида изоҳлайди:

- Ўтган йил охиридан бошлаб Қирғизистон президентлигига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан сиёсий таъқиблар бошланди. Қирғиз жамоатчилиги орасида президентликка муносиб кўрилган генерал Исмоил Исақов ва Аликбек Жекшенқулов бу таъқибнинг илк қурбонларидир.

Президент Бакиев аъёнлари айни пайтда мутлоқ сиёсий савдосизларча ҳаракат қилмоқдалар. Бундай ҳаракат натижасида мухолифат тарафдорлари сони кўпаяди ва амалдаги ҳукуматга ишонч йўқолади, деди Нур Ўмўров.

Генерал Исмоил Исақов ўтган йили президент Бакиев сиёсати билан келиша олмаслигини билдириб, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан истеъфо берган эди. Шундан сўнг унга нисбатан Бош прокуратура томонидан жиноят иши очилган.

Аликбек Жекшенқулов эса халқ орасида миллий манфаатларни бошқа манфаатлардан устун қўювчи шахс ва ўз ишининг билимдони сифатида шуҳрат қозонган ҳамда президентликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётган эди.
XS
SM
MD
LG