Линклар

Байден янги таҳдидлардан огоҳлантирди


АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Афғонистондаги вазиятнинг издан чиқиши нафақат минтақа мамлакатлари, балки НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигига ҳам катта таҳдид келтириши мумкинлигини таъкидлади.

Бугун Брюсселда НАТОга аъзо 26 давлат элчилари билан учрашув чоғида гапирган Жозеф Байден Афғонистон ва Покистонда экстремистлар иттифоқи қайтадан вужудга келаётганидан огоҳлантирди:

- Афғонистон ва Покистон ҳудудларида Ал-Қоида ва унинг экстремистик руҳдаги иттифоқчилари қайта жонланиб, Афғонистон, Покистон, қолаверса Ҳиндистондан тортиб то АҚШ, Европа ва Австралия фуқароларини нишонга олишни мақсад қилган янги ваҳшиёна жиноятларни режалаштирмоқдалар, деди Жозеф Байден.

АҚШ вице--президенти ўз нутқида расмий Вашингтон минтақадаги экстремизмни бартараф этишда европалик иттифоқчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини билдирди.

Шу куннинг ўзида Жозеф Байден ЕИнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида ЕИнинг юқори мартабали расмийлари билан учрашади.
XS
SM
MD
LG