Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:10

Қулликка тушаëтган ўзбеклар кўпаймоқда


Марказий Осиëда кенг тарқалган анекдотга кўра¸ бугун аксар қозоғистонлик эшигида камида иккитадан ўзбек хизматчиси бор - уларнинг кўпи¸ қул қилиб сотиб олинган.
Марказий Осиëда кенг тарқалган анекдотга кўра¸ бугун аксар қозоғистонлик эшигида камида иккитадан ўзбек хизматчиси бор - уларнинг кўпи¸ қул қилиб сотиб олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра¸ 2008 йил давомида одам савдоси билан боғлиқ 891 та жиноят аниқланган. Ҳукумат бу муаммо устида ишлаëтганини таъкидлаëтган бир пайтда¸ унинг кўлами фақат кенгаймоқда.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов одам савдоси қурбонлари сони расмий маълумотларда қайд қилинганидан анча кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, жабрланувчи фуқаролар ҳар доим ҳам ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилавермайдилар.

- Одам савдоси бўйича бизга мурожаат қилаëтганлар сони кундан-кунга ошиб бораяпти. Бу борада 2009 йилда менга еттита одам мурожаат қилди.

Масалан, мен ўзим ëрдам берган одамлар бор. Москвада, Петербургда шунақа ҳолатлар мавжуд эди. Мен шу ëққа бориб қўлимдан келгунча ëрдам бердим.

Бу 2008 йилнинг июн ойига тегишли воқеа. 50 ка яқин Ўзбекистон фуқаролари Россия милицияси ëрдамида қулликдан озод қилинган. Улар Озарбайжон миллатига мансуб одамлар қўлида ишлаганлар, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти ўтказган мониторинг натижаларига кўра, айни пайтда биргина Хоразм вилоятидан 132 нафар фуқаро Россия ва Қозоғистонда мажбурий ушлаб турилмоқда.

Тошкентдаги “Истиқболли авлод” ташкилоти ҳам, асосан, одам савдосидан жабр кўрганларга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Ташкилот ходими Малоҳат Муродовага кўра, улар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатадилар.

Малоҳат Муродова: Январ ойидан бери тахминан 15 та мурожаат бўлди. Улардан ярмига ëрдам бердик. Ҳозир яна битта-иккиталари ҳужжат ва билетларнинг тайëр бўлишини кутишаяпти.

Озодлик: Бу мурожаат қилган одамлар қаердан?

Малоҳат Муродова: Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарқанд вилояти ва бошқа ҳар хил регионлар бор.

Озодлик: Ўзбекистон фуқаролари кўпроқ қаерда қулликка тушиб қолишаяпти?

Малоҳат Муродова: Бирлашган Араб Амирликлари¸ Россия ва қисман Қозоғистонда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, 2007 йили одам савдоси билан боғлиқ 382 та жиноят аниқланган. 2008 йилда эса бу рақам 2¸5 баробар ошган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Озодлик мухбири билан суҳбатда одам савдосига қарши мамлакатда жиддий кураш олиб борилаётганини айтади.

- Ҳақиқатан ҳам тан олиш керак - одам савдоси бу трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг энг хавфли кўриниши. Нафақат фоҳишалик, балки ноқонуний меҳнатга жалб қилинганлари ҳам бор.

Бу жиноятлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятларда ҳам кўплаб очилаяпти. Шу жиноятлар ҳозир фош этилаяпти ва шу жиноятчиликнинг олдини олишга бутун республика жамоатчилигини ҳам жалб қилаяпмиз.

Меморандумлар тузилаяпти¸ битимлар тузилаяпти¸ имзоланаяпти. Икки томонлама тузилаëтган шартномаларда ҳам одам савдоси масаласи кўндаланг бўлиб турибди.

Менимча¸ бир ëқадан бош чиқарсак, шу жиноятчиликни тубдан йўқ қилмасак ҳам¸ озгина чек қўйсак яхши бўларди, дейди Светлана Ортиқова.

Маълум бўлишича, ўзбек мардикорлари, асосан, алдов, товламачилик ва қўрқитув йўллари орқали одам савдоси қурбонига айланаяптилар.

Ўтган йили Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи 50 ёшли Аҳрор Жумазов икки ўғли, жияни ва бир қўшниси билан Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида 25 кун давомида қулликда сақланган.

Аҳрор Жумазов Озодлик билан суҳбатда улар ҳам алдов орқали Қозоғистонга олиб борилгани, кейин эса паспортлари тортиб олиниб, қул ўрнида сотиб юборилганини айтган эди.

- Учинчи кундан уриб, ишлатишни бошлади. Эрталаб саккиздан кечки тўққизгача ишлардик. Овқатимизнинг тайини йўқ эди.

Молига, қўйига, чўчқасига қарадик¸ ер ағдардик. Бир кунда деярли бир гектар ер ағдарардик.

Кечаси ҳам уйғотишарди. Ем ва бошқа нарсалар кечаси келарди. Кейин учта-учтадан охрана қўйиб қўядиган бўлди.

Бу болалар бизнинг болаларнинг устидан кулиб¸ ҳар куни урадиган бўлишди.

Кейин биз бу корейсга: “Бизни ватанимизга жўнатиб юбор”, дедик. У бўлса: “Йўқ¸ мен сизларни сотиб олганман” деди, деб эслаган эди бир неча ҳафта аввал қилган суҳбатимизда Аҳрор Жумазов қулликдаги кунларини.

Бу галги суҳбатимизда Аҳрор Жумазов ўтган бир йил давомида уларни алдаб Қозоғистонга юборган чинозлик аёл устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтгани, бироқ суд уларнинг фойдасига ҳал бўлмаганини айтди.

- Моддий зарар¸ маънавий зарар - ҳеч қайсинисини ундирганим йўқ. Суд томонидан амнистияга илиниб кетди. Мана шу аҳволга тушдим.

Менинг аҳволим жуда ҳам жиддий. Ҳеч кимнинг менга ëрдами тегмади. Шунинг учун бу борада гапиргандан менга барибир наф йўқ-ку, синглим, дейди суҳбатдошимиз.

Айни пайтда, Интерфакс ахборот агентлиги ёзишича, Миграция бўйича халқаро ташкилот молиявий бўҳрон натижасида келажакда одам савдоси қурбонлари сонинининг янада кўпайишини тахмин қилаяпти.

Кейинги уч йил мобайнида Миграция бўйича халқаро ташкилот ўзининг Москвадаги реабилитацион маркази орқали 311 нафар одамни қулликдан қутулишига ёрдам берган. Уларнинг 28 фоиздан кўпроғи Ўзбекистон фуқароларидир.
XS
SM
MD
LG