Линклар

logo-print

Кенгуруни кўрган ўзбек келини

  • Сарвар Усмон

Ҳозирча битта-иккитасини кўриб қоламиз¸ аммо яқинда кенгуру кўп жойларга ҳам борамиз¸ дейди андижонлик Ҳалимахон.

Ҳозирча битта-иккитасини кўриб қоламиз¸ аммо яқинда кенгуру кўп жойларга ҳам борамиз¸ дейди андижонлик Ҳалимахон.

2005 йил 13 май воқеаларидан сўнг дунë бўйлаб тирқираб сочилган андижонлик қочқинлар оëғи¸ улар номини балки китоблардагина кўрган Австралияга ҳам етиб борди.

Австралия тескари юрт: бу ерда куз бошланганда Ўзбекистонда баҳор бошланади.

Австралия узоқ юрт. Шу қадар узоқ-ки, унга қиёсланса, Европа Ўзбекистонга қўшни қишлоқдай гап.

Андижонлик қочқинлардан 52 нафарига ана шу узоқ мамлакат ҳукумати бошпана берган.

Андижонликлар Австралиянинг жанубидаги шаҳарлардан бирида яшамоқда.

Кейинги ойларда баъзи қочқинларнинг ватанда қолган яқинлари ҳам Австралияга етиб борди.

Мухбиримиз ана ўша, кейин борганлардан бири – оддий ўзбек оиласининг сиёсатдан узоқ соддагина келини билан суҳбатлашди.

Мухбиримизнинг Австралия ёқдими, деган саволига келин "Яхшига ўхшайдию..." деб жавоб берди.

Озодлик: Яхшига ўхшайдию¸ деяпсиз. Нимаси яхшига ўхшаяпти?

Ҳалимахон: Энди нима дейди¸ ҳамма ëғи яхшида.

Озодлик: Бир чеккадан санангчи¸ нимаси яхши?

Ҳалимахон: Энди биз ҳам янги келдик. Янги келганимиз учун ҳамма ëқ яхшига ўхшаяпти¸ шекилли. Барибир энди...

Озодлик: Барибир энди Андижон яхши. Лекин мана сиз келдингиз. Австралияга келибоқ¸ нимадан ҳайрон бўлдингиз?

Ҳалимахон: Келдик¸ яхши кутиб олишди. Яна нима десам бўлади?

Озодлик: Мана одамлари яхши деяпсиз. Одамларининг яхшилиги нимада?

Ҳалимахон: Энди бу ерда ҳар хил одам борда. Ҳар хил миллатлар бор. Нима дейди¸ бир-бирига ëмон муносабатда эмас. Тилни билмаймиз. Хуллас кўп нарсага ëрдам беришади. Ўзлари тушуниб олишади. Хуллас¸ қийин эмас.

Биз тилни билмасак ҳам тушуниб олишади. Бир нарсадан хафа бўлсангиз ҳам “Хижолат бўлманг” деб кўнглингизни кўтаришга ҳаракат қилишади.

Масалан¸ менинг келганимга 8 ой бўлаяпти. Тўғри уйимдагиларни кўргим келади. Кейин бу ерда битта ташкилот бор. Муаммоларимизни айтадиган одамлар бор. Ўшалар ëрдам беради.

Озодлик: Яна нимаси ëқди Австралиянинг?

Ҳалимахон: Янами¸ яна¸ яна (кулиб)¸ нима десам бўлади¸ энди шароитлари яхши. Қийналмаяпмиз. Ўқиймиз¸ пул беради. Ҳамма ëқ яхшида.

Озодлик: Яхши шароитни тушунтириб беринг.

Ҳалимахон: Уй-жой бор. Бу ҳам энди ўзимизнинг уйимиз эмас¸ лекин давлат пул беради. Ўшани тўлаймиз.

Озодлик: Неча хонали уйда яшайсиз?

Ҳалимахон: 3 хонали.

Озодлик: Неча киши яшайсизлар?

Ҳалимахон: 3та. Мен ўзим¸ битта ўғлим¸ хўжайиним.

Озодлик: Холодильник борми?

Ҳалимахон: (кулиб) Холодильник бор.

Озодлик: Яна нималар бор?

Ҳалимахон: Ҳамма нарса бор.

Озодлик: Ҳозир сизларда ëзми?

Ҳалимахон: Йўқ¸ энди кузга кириб кетаяпмиз.

Озодлик: Сиз турган жой шаҳарми¸ қишлоқми?

Ҳалимахон: Шаҳар.

Озодлик: Бу шаҳар Андижончаликми ëки Шаҳрихончаликми?

Ҳалимахон: Шаҳар катта. Андижондан ҳам катта.

Озодлик: Вақтингизни қандай ўтказасиз?

Ҳалимахон: Бугун ўқишга бордим. Поездда борамиз. Бу ерлар анча каттада. Бир соатда борамиз. Бориб ўқиб¸ айланиб¸ у бу қилиб етиб келгунимизча кеч кириб қолади.

Озодлик: Тил ўрганаяпсизларми?

Ҳалимахон: Ҳа.

Озодлик: Тилни қачон ўрганиб бўласиз энди?

Ҳалимахон: Икки йилгача ўрганса бўлаверади. Бизга ҳозир 500 соат берган. Ҳали 100 соатини ҳам ўқиб бўлганимиз йўқ. Масалан¸ оғриб қолсак¸ соатини тўхтатиб қўйиб¸ кейин ўқисак ҳам бўлади. Бизнинг ҳозирги ўқиганимизга пул тўлаяпти.

Озодлик: Ўқиганингизга қанча пул тўлайди?

Ҳалимахон: Менинг битта ўзимга 450 доллар тўлайди. Бу 15 кунига. Бир ойига 800 доллар беради. Бу энди Австралия доллари. Бемалол етиб ортади.

Озодлик: Австралия деганда ўзбекнинг кўнглига биринчи бўлиб кенгуру келади. Кенгуру кўрдингизми?

Ҳалимахон: Ҳа¸ кўрдим.

Озодлик: Сизлар яшайдиган жойда борми?

Ҳалимахон: Йўқ¸ ҳозир биздан озгина узоқроқ. Ҳайвонот боғига кирган эдик¸ ўша ерда кўрдик. Лекин яқинда кенгуру кўп жойга борамиз деяпмиз. Йўлларда битта-иккита кўриб қоламиз.

Озодлик: Австралиянинг нимаси ëқмади?

Ҳалимахон: Нимаси ëқмади десам бўлади¸ ҳамма ëғи ëқди. Ëқмаган нарсаси энди қайтиб кета олмаслигимиз¸ шекилли. Минг ҳамма ëғи зўр бўлгани билан барибир ўзингизни юртингизга етмас экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG