Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Г.Каримова: Буни маркетинг дейди


Президентнинг жияни директори бўлган мактаб¸ Жиззахдаги энг замонавий ва "крутой" бўлгани боис¸ кўп шаҳарликлар болаларини шу мактабда ўқитиш орзусида.
Президентнинг жияни директори бўлган мактаб¸ Жиззахдаги энг замонавий ва "крутой" бўлгани боис¸ кўп шаҳарликлар болаларини шу мактабда ўқитиш орзусида.

Жиззахлик ота-оналарнинг Озодликка ёзишича, президентнинг жияни Гулбаҳор Каримова раҳбарлик қилаётган мактабда ҳар бир ўқувчи ойига 5000 сўм тўлашга мажбур - акс ҳолда у мактабдан ҳайдалади.

Мактабда иқтидорли ўқитувчиларнинг кўплиги, синфхоналарнинг компьютерлаштирилганлиги ва таълимнинг нисбатан сифатлилиги учун ота-оналар ўз фарзандларини ана шу билим даргоҳига ўқишга беришга иштиёқманд¸ дейилади Озодликка келган мактубда.

Жиззах шаҳридаги Отаулло Охунбобоев номли 6-ўрта мактабда ҳар бир ўқувчидан бир ойлик таълим учун 5000 сўмдан пул олинаркан, деган шикоят тўлиқ тасдиғини топмади.

Ўтказган суриштирувимиз давомида биз билан суҳбатлашган оналардан бири ўғлига ҳар ой 5000 сўм эмас, балки 3000 сўмдан пул тўлаётганини айтди.

- Йўқ¸ 5000 сўмдан олмайди. 3000 сўмдан берамиз.

Озодлик: Ҳар ойми?

- Ҳа¸ ҳар ой. Буни шартнома дейишади. Шу ўқувчиларни иқтисодиëт ва банк соҳаларига йўналтириш бўйича бўлса керак.

Озодлик: Бу пул қўшимча дарслар учунми ëки фақат ўқиëтгани учунми?

- Ўқиëтгани учун.

Озодлик: Қўшимча дарслари борми? Репетиторлар ҳам бўладими?

- Йўқ¸ улар алоҳида.

Озодлик: Уларга алоҳида тўланадими?

- Ҳа¸ алоҳида тўланади. Ота-оналар репетиторларга алоҳида беришади.

Бу онахоннинг айтишича, бу пуллар ҳеч қаерда қайд қилинмайди ва шартнома ҳам тузилмайди.

Озодлик: Энди мана 3000 дан олишар экан. Шартнома тузишадими?

- Йўқ¸ мен шартномасини кўрганим йўқ.

Озодлик: Ҳар йили икки мартадан суғурта пули ҳам борми?

- Ҳа¸ суғуртага ҳам берганмиз. 300 сўмдан эди.

Ëзилмаган қоидага кўра¸ ҳеч қайда қайд этилмаëтган пул тўлаëтганига қарамай¸ бу онахон ўғлининг мактабда олаётган билимидан кўнгли тўлаётганини айтади.

- Ўғлимни ўқитадиган домласидан кўнглим тўлади. Яхши. Битта-иккита тадбирларига бориб кўрганман¸ дейди бу онахон.

Тингловчиларимизнинг мактубида ёзилишича, мактабга Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни Гулбаҳор Каримова раҳбарлик қилади; бу хусусда юқори идораларга ёзган шикоят аризаларини текширгани келган текширувчилар мактабга ким раҳбар эканликларини билишганидан сўнг¸ индамай қайтиб кетишади.

Биз билан суҳбатлашган Гулбаҳор Каримова дарҳақиқат президент Каримовнинг жияни эканлигини тан олди, лекин таълим учун болалардан пул йиғиб олинишини кескин рад этди:

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Бу ҳам нотўғри. Мен сизга битта нарса айтай: мендан олдинги директор ташаббуси билан бу ерда репетиторлар синфи очилган эди. Менимча¸ бу репетитор синфлари жуда яхши нарса. Чунки мана ҳозир буни облоно мудири ҳам билади¸ бошқалар ҳам билади.

Репетитор бу нима дегани? Мана¸ маркетинг синфларимиз бор. Программадан ташқари икки соат ҳар битта синфга ўтилади. Ҳар битта синф эмаску¸ энди дейлик 6-синфлардан учтаси шундай. Бунга пулни ота-оналарнинг ўзлари 1000 сўм¸ 1500 сўм беришади¸ дейди Гулбаҳор Каримова.

Гулбаҳор Каримовага кўра, фақат қўшимча дарс оладиган ўқувчиларнинг ота-оналари ўз розилиги билан репетиторларга пул беришади ва бу пуллар мактаб фаровонлиги учун сарфланади, илғор ўқитувчилар рағбатлантирилади.

- Буни ҳамма ота-оналар тушунади. Болалар бераëтган ҳамма пуллар смета қилинади¸ бухгалтеримиз бор. Мактабнинг маркетинг пули қаерга¸ нимага сарфланади? Рағбатлантириш. Яхши ўқувчиларни¸ яхши ўқитувчиларни рағбатлантириш.

Агар ўша ўқитувчи яна қўшимча дарс олиб ишласа¸ раҳбар ўшани рағбатлантирмайдими? Бу бюджетдан ташқари топилган маблағ. Буни маркетинг дейди¸ дейди Гулбаҳор Каримова.

Гулбаҳор Каримова ҳеч қачон болаларнинг ҳаққига хиёнат қилмаслигини айтар экан, ушбу гапларини тингловчиларга етказиб қўйишимизни илтимос қилди:

- Агар бу нарсани радиода берсангизлар бир нарсани айтинг: Қози бобо - дадам эди¸ оддий судя эди. Кичкиналигимдан умуман бошқача тарбия олганман. Ватанни севиш¸ туғилган шаҳарни севиш¸ ўқитувчини севишга ўргатганлар.

Биринчи¸ мен айтаяпман¸ ҳеч қачон ватанимни сотмайман. Ўлсам ҳам¸ тирилсам ҳам шу ватанимда. Мен ўз гербимизга¸ ўз амакимга (президент Ислом Каримов назарда тутилмоқда - таҳр.)¸ ҳаммага ишонаман. Улар менга ҳамма нарсада ëрдам беришди. Мен оддий ўзбек аëлиман¸ дейди Гулбаҳор Каримова.

Жиззах вилояти халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Ислом Анорбоев айтишича, Ўзбекистон Конституциясига кўра мамлакатда ўқиш бепул. Лекин:

- Айрим жойларда бўлиши мумкин. Бунга бюджетдан ташқари маблағ топиш¸ дейилади. Мактабнинг буйруғи¸ шаҳар ëки туман халқ таълими бўлимининг рухсати билан репетиторлик хизматини ташкил қилиш мумкин.

Масалан¸ битирувчи синф ўқувчилари бўладику. Агар иқтидорли ўқитувчи бўлса¸ мактаб дастурида белгиланган дарслардан кейин раҳбарият билан келишга ҳолда синф хонасида ота-оналар билан шартнома тузган ҳолда ўқувчиларга репетиторлик қилиши мумкин¸ деди Ислом Анорбоев.
XS
SM
MD
LG