Линклар

Америка иттифоқчиликни кучайтирмоқчи


Кузатувчиларга кўра¸ НАТО ва ЕИ даги Америка иттифоқчилари¸ Обама маъмуриятининг Афғонистон стратегиясини қўллаб-қуватлашга иштиëқмандлар.

Кузатувчиларга кўра¸ НАТО ва ЕИ даги Америка иттифоқчилари¸ Обама маъмуриятининг Афғонистон стратегиясини қўллаб-қуватлашга иштиëқмандлар.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Брюсселдаги НАТО бош қароргоҳида иттифоқчиларни Афғонистон ва Покистонда хавфсизлик вазияти ёмонлашаётгани, бу ҳолат минтақа, қолаверса глобал хавфсизлик учун таҳлика уйғотаётганидан огоҳлантирди.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Брюсселда НАТО ва Европа Иттифоқидаги иттифоқчилари билан Афғонистон келажагини муҳокама этмоқда.

Президент Барак Обама Афғонистон ва унга туташ минтақада тинчлик ўрнатиш Америка ташқи сиёсатидаги устивор масала бўлишини эълон қилган.

Брюсселда НАТОга аъзо давлат элчилари олдида чиқиш қилган Жозеф Байден толибон ҳаракати ҳар бир давлат учун хавф солаётганини таъкидлади.

- Минтақадаги вазиятнинг ёмонлашуви¸ нафақат Америка Қўшма Штатлари, балки мана шу стол атрофига йиғилган ҳар бир миллатга хавф солмоқда, деди Байден.

Қўшма Штатларнинг Афғонистон бўйича ўз янги стратегиясини 3-4 апрел кунлари Страсбург шаҳрида ўтадиган НАТО саммитида эълон қилиши кутилмоқда.

Брюсселга сафари давомида Жозеф Байден бу борада НАТОдаги иттифоқчилари фикрини ўрганишга ҳаракат қилади.

- Афғонистон ва Покистоннинг террорчилар қўрғонига айланишини тўхтатиш учун нима қилсак яхши бўлади, нима хато бўлар эди, бу борада сизларни мамлакатингиз нима деб ўйлайди, биз буни ҳам ўрганиш ниятидамиз, деди Байден.

АҚШ президенти Барак Обама яқинда Афғонистонга қўшимча 17 минг Америка аскари юборишга оид фармонга қўл қўйди.

Ҳозир бу давлатда 70 минг аскарлик халқаро қўшин толибон ва Ал-Қоида унсурларига қарши ҳарбий амалиётларда қатнашмоқда. Германия ҳам август ойига қадар Афғонистонга 600 нафар қўшимча аскарини юборишини айтган. Канада эса 2011 йилга қадар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиш ҳаракатида.

АҚШ расмийларига кўра, Афғонистонда хавфсизлик ўрнатилиши кўпроқ ёрдам талаб этади ва бу ёрдамлар фақат ҳарбий бўлиши шарт эмас.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Хавъер Солана иттифоқ Афғонистонда маҳаллий полиция ходимларини қайта тайёргарликдан ўтказиш ишларига алоҳида эътибор бераётганини айтиб ўтди.

Ҳозирда Европа Иттифоқи афғонистонлик полиция ходимларини тайёргарликдан ўтказиш учун 200га яқин мутахассисини Афғонистонга юборган.

Брюсселга сафари давомида АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Хавьер Солана билан ҳам музокара олиб боради.
XS
SM
MD
LG