Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:35

Кўчадаги гап уйга тўғри келмади


Акмал Саидов¸ Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини халқаро майдонда оқлаб беришдек оғир вазифа топширилган расмийлардан бири.
Акмал Саидов¸ Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини халқаро майдонда оқлаб беришдек оғир вазифа топширилган расмийлардан бири.

Ўзбекистон ҳукумати вакилининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақда халқаро майдонда қилган навбатдаги чиқиши яна¸ асл воқеликдан кескин фарқланди. Бу чиқишни¸ шунчаки ҳазилга йўяëтганлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги мажбуриятларини тўла бажармоқда. Ўзбекистондаги фуқаролик ва жамоатчилик институтлари қонунчиликни мукаммаллаштиришда ўта фаол иштирок қилмоқда.

Бу гаплар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов 4 март куни БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши 10- сессиясида қилган маърузасидан ўрин олди.

Саидовга кўра, Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилган. Одам савдосига қарши кураш ва инвалидлар ҳуқуқлари бўйича ҳам¸ Саидовга кўра¸ Ўзбекистон пешқадам.

Саидов маърузасига кўра¸ Ўзбекистонда адвокатларга энг яхши шароитлар яратилган. Энг муҳими - Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини тарғибот қилиш бўйича халқаро декларация қабул қилинишининг асосий ташаббусчиларидан бири.

Ҳар ҳолда Саидовнинг нутқидан чиқадиган хулоса шу. Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди¸ деган ўзбек мақоли бор. Акмал Саидовнинг кўча¸ яъни БМТ минбарида айтган гапларини билдик.

Энди вазиятга оид тўлиқ манзарани яратиш учун¸ Ўзбекистондаги Акмал Саидов тилга олган муаммолар вазиятини мунтазам кузатиб келаëтганларга ҳам қулоқ солсак.

Саидов ўз нутқида Ўзбекистонда одам савдосига қарши жиддий кураш олиб борилганлигини айтди.

Саидовнинг бу гапида жон бор¸ дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиëр Ҳамроев.

- Оммавий ахборот воситаларини¸ телевидениени кўрсангиз аëллар савдоси бўйича жуда кўп эшиттиришлар олиб бораяпти. Бу маълум маънода халқнинг онггига ўз таъсирини бермоқда¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Алисон Гилл назарида¸ Ўзбекистон одам савдосига қарши курашаëтгани йўқ.

- Мен Россияда кўп ўзбекларнинг қул қилиб сотилгани ва қул қилиб ишлатилганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекларни қул қилиб ишлатган қулдорлар устидан маҳкамаларда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари иштирок этишмади. Бирор бир ўзбек расмийсининг бу борада баëнот берганини ҳам эшитмаганман¸ дейди Алисон Гилл.

Алисон Гилл гапларини ўзбекистонлик зиëли Дилмурод ака ҳам тасдиқлайди.

- Олиб бориб¸ сотилганлар пулини оломасдан аранг қочиб кетишаяпти. Ўша қонунни айтган бўлса¸ бор бўлса¸ амалда унинг таъсири йўқ¸ дейди Дилмурод ака.

Женевадаги БМТ анжуманида қилган маърузасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ўтган йили Ўзбекистонда "Бола ҳуқуқлари кафолатлари" тўғрисидаги қонун қабул қилинганини ўз фикри учун далил ўлароқ тилга олди. Бу қонун болаларни мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиëр Ҳамроевга кўра¸ қабул қилинган қонун кечган йилда ўзбек болаларини мажбурий меҳнатдан қутултира олмаган.

- Бу ҳаммага аëнку. Бизда болалар меҳнати тўлалигича эксплуатация қилинаяпти¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Ўзбекистонлик Дилмурод ака эса¸ бу манзаранинг икки юзи борлигини айтади.

- Бу икки ëқлама нарса. Ўзбекистоннинг ичида бир нарса¸ ташқарида бир нарса. Яъни Ўзбекистоннинг ичида мутлақо тескари бир нарса. Булар Ўзбекистондаги ëш болаларни¸ ҳатто жуда кичик ëшдаги болаларни ишлатиб ëтибди. Бу бор нарса¸ дейди Дилмурод ака.

Дилмурод акага кўра¸ 2008 йилда болалар милиция машиналари етовида пахта далаларига мажбуран олиб чиқилган.

- Мен ëш-ëш болалар пахта тераëтганини ўз кўзим билан кўрганман. Учинчи¸ тўртинчи синф ўқувчиларининг пахта теримига олиб чиқилганлигига ўзим гувоҳ бўлганман¸ дейди Дилмурод ака.

Саидов ўз маърузасида Ўзбекистонда инвалидларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам катта ишлар қилинаëтганини таъкидлайди.

Тошкентлик ногирон Зуҳра опанинг вазияти¸ Саидов мақтаган қонун чиққанидан кейин¸ сал бўлса ҳам яхши тарафга ўзгарган.

- Биринчи бўлиб¸ мана шаҳримизда жуда ҳам чиройли янги автобуслар пайдо бўлди. Бу автобуслар махсус инвалидларнинг аравасида юрувчилар учун мўлжалланган¸ дейди Зуҳра опа.

Зуҳра опа инвалидлар жамиятида раис бўлгани учун мақтаб гапирмоқда¸ аслида аҳвол чатоқ¸ дейди Дилмурод ака.

- Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари бор. Мен ўша ташкилотларнинг олдида туриб ўз кўзим билан кузатганман. Булар “Менга ëрдам беринглар” деб келганларни қувиб¸ ҳайдаб юборишган. Буларга¸ ҳатто¸ қулоқ ҳам солишмайди¸ дейди Дилмурод ака.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиëр Ҳамроевга кўра¸ Саидов маърузаси¸ ҳар галгидай¸ расмий Тошкент буюртмаси ижросидир.

- Акмал Саидов мавжуд ҳукуматнинг ëлғонга асосланган сиëсатининг бир қўғирчоғи¸ холос¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашидаги Саидов нутқи ҳақида гапирар экан Алисон Гилл¸ Акмал ака ҳазиллашгандирда¸ деб ҳазиллашади.

Ҳазил тагидаги чин шундан иборатки¸ деб гапини давом эттирди Алиссон Гилл:

- Ўзбекистонда Акмал Саидов айтган соҳаларда жиддий муаммолар бор. Бу муаммолар ҳақида халқаро саҳнада гапирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати бу гаплар ҳақида ўзим гапирсам¸ муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади деган ўйда. Аммо қуруқ гап билан муаммо ечилмайди¸ дейди Алиссон Гилл

Биз Акмал Саидов маърузаси борасида Ўзбекистон миллий марказига қўнғироқ қилганимизда¸ хозирча маърузани шарҳлай олмаймиз¸ биз фақат шикоятчилар билан ишлаймиз¸ деган жавобни олдик.
XS
SM
MD
LG