Линклар

ЖБ: Ўзбекистон бўҳрондан чиқишга қодир

  • Алишер Сиддиқ

Жаҳон банкининг дунë иқтисоди эртаси ҳақдаги башоратлари кун сайин тушкунлашиб бораëтганига қарамай¸ банкнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчилари¸ жорий бўҳроннинг Ўзбекистонга таъсири жуда кучли бўлмаслигини айтмоқдалар.

Жаҳон банкининг дунë иқтисоди эртаси ҳақдаги башоратлари кун сайин тушкунлашиб бораëтганига қарамай¸ банкнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчилари¸ жорий бўҳроннинг Ўзбекистонга таъсири жуда кучли бўлмаслигини айтмоқдалар.

Кўплаб иқтисодчилар каби¸ Жаҳон банки таҳлилчилари ҳам¸ Ўзбекистон иқтисодининг жаҳон молия тизимига қўшилмай келгани¸ ҳозирги глобал бўҳрон шароитида¸ Тошкент учун муайян енгиллик яратишини эътироф этдилар.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатларида иқтисодий ўсиш суръатларининг кескин пасайиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари бўйича раҳбари Масъуд Аҳмад баён қилди.

Ўтган ҳафтада Бишкекда ХВЖ ҳомийлигида Марказий Осиё ва Кавказ давлатларининг иқтисод ва молия соҳаси расмийлари иштирокида анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчилари минтақадаги алоҳида бир давлатнинг иқтисоди Россияга қанчалик боғлиқ бўлса, жаҳон молиявий инқирози унга шунчалик кучли таъсир қилади¸ деган якдил фикрда қолди.

Жаҳон молиявий бўҳронининг дунёнинг деярли барча давлатлари қатори Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир этиши расман эътироф этилган. Ҳукумат келтираётган рақамларга кўра, 2008 йил иқтисодий ўсиш сурати 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2009 йилда эса ҳукумат 8 фоизлик ўсишга эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

ХВЖ ¸ 2009 йилда Ўзбекистон иқтисоди кўпи билан 7 фоизга ўсиши мумкинлигини билдирган эди.

Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси етакчи иқтисодчиси Искандар Трушев фикрича, Ўзбекистон экспорт қиладиган хом ашё ва бошқа маҳсулотларга жаҳон бозорида талабнинг камайиши, ҳамда юз минглаб меҳнат муҳожирларининг мамлакатга қайтиши ҳукумат учун ҳамон жиддий синов бўлиб қолади.

Бироқ унга кўра, ушбу бўҳрондан эсон-омон чиқиб олиш учун Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон¸ айниқса¸ кўп имкониятларга эгадир. Жаҳон банки вакили ўз қарашларини исботлашга уринади.

- Ўзбекистон ҳукумати жорий бўҳрондан чиқиб олиш учун Марказий Осиёдаги бошқа давлатларига кўра тайёрроқ ва қодирроқдир. Чунки Ўзбекистон инқироз бошланган даврга қадар жуда катта халқаро ва ички заҳиралари тўплади.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳиралари 13-14 ой давомида Ўзбекистонда ҳеч нарса ишлаб чиқармаса ҳам бемалол товарларни импорт қилиб яшашига етади. Мамлакатнинг ташқи қарзлари ялпи ички маҳсулотнинг арзимаган қисмини ташкил этади¸ дейди иқтисодчи.

Йиллар давомида дунёнинг етакчи молиявий муассасалари¸ шу жумладан Жаҳон банки ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг ёпиқ қолаётганини танқид остига олиб келган. Ҳозир эса Жаҳон банки иқтисодчиси Ўзбекистон иқтисодиётининг ёпиқлигини халқаро бўҳрон шароитида Ўзбекистонни ҳимоя қилаётганини айтаётир.

- Ўзбекистон инқироз даврига кучли позициялар билан кирди. Ўзбекистон иқтисодиёти бошқа давлатларникига қараганда ёпиқроқ ва кўпроқ давлат томонидан бошқарилади. Бу мамлакатдаги банки тизимини тўлиқ сақлаб қолиш имконини берди.

Шунинг учун эътироф этиш лозим, ўтмишда иқтисодиётдаги протекционизм сабабли ҳукуматни танқид қилган бўлсак, ҳозирги вазиятда бу сиёсат иқтисодиётни ҳимоя қилмоқда.

Қозоғистон ва Россия жуда кўп миқдорда АҚШ ва Европа банкларидан қарз олди. Ҳозир эса қарз олган бу барча банклар таназзул ёқасига келиб қолди¸ дейди Искандар Трушев.

Жаҳон банки таҳлилчиси жаҳон молиявий бўҳрони оқибатларининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чораларни ҳам олқишлайди.

Аммо бўҳрондан чиқиб олиш учун Ўзбекистонда мавжуд деб айтилаётган имкониятлар Ўзбекистон ҳукуматига кўпроқ масъулиятни юклаши ҳам тайин дейди, иқтисодчи.

Демак, йил охирига бориб Каримов ҳукумати кўзлаган марраларга эриша олмаса, ҳукуматнинг бўҳрондан чиқиб олишга тайёрлиги ва қодирлиги ҳақидаги гапларни яна шубҳа остига олиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG