Линклар

"Яхшиликка ишонадиган содда йигит эди"

  • Ҳасанжон

Абдулазиз Дадахоновнинг Тошкентдаги яқинлари унинг АҚШ даги "оиласи" даврасида тушган бу суратини CNN мухбирига тақдим қилдилар.

Абдулазиз Дадахоновнинг Тошкентдаги яқинлари унинг АҚШ даги "оиласи" даврасида тушган бу суратини CNN мухбирига тақдим қилдилар.

Ўзбекистонда "нурчилик"да айбланиб узоқ муддатга қамалган йигитлар тақдири CNN янгиликлар тармоғи назарига тушди. CNN лавҳасида, АҚШда таҳсил олган Абдулазиз Дадахоновни яхши билганлар, жумладан, илмий раҳбари¸ унинг 8 йилга қамалганини эшитиб, даҳшатга тушганини билдирди.

Гапни СиЭнЭн (CNN) интернет сайтидаги мақолада Абдулазиз Дадахонов ҳақида билдирилган фикрлардан бошламоқчимиз.

Грейтер Брижпорт черковлар кенгаши бошлиғи Пэтти Женсон:

- Абдулазиз Дадахонов яхшиликка ишонадиган соддагина йигит бўлган.

Абдулазиз ҳамкорлик қилган Брижпортдаги Кингс Пэнтри хайрия ташкилоти раҳбари Чарлин Чамберс:

- Очларни тўйдириш ва кийимсизларни устбош билан таъминлаш бизларни бир-биримиз билан боғлайдиган ришта эди.

Абдулазиз Дадахоновнинг АҚШдаги нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлиги 2001 йил 11 сентябр воқеалари сўнг бошланиб кетган эди. Унгача Абдулазиз АҚШнинг Фаирфилд университетида таҳсил олган.

Абдулазизнинг илмий раҳбари Кэтрин Кидднинг СиЭнЭнга айтишича, террор ҳужумларидан қаттиқ изтиробга тушган Абдулазиз Исломнинг тинчликни тарғиб қилувчи дин экани, мусулмонлар зўравонликка қарши эканини оддий америкаликларга тушунтириш учун насроний ва яҳудий ташкилотлари билан бирга ишлаган.

У муҳтож одамларга ёрдам кўрсатишда фаол қатнашган. Доим динлараро мулоқотни тарғиб қилган. Абдулазиз Дадахонов Фаирфилд университетида мусулмонлар намоз ўқийдиган хона очишда ёрдамлашган.

Шунинг учун ҳам унинг Ўзбекистонда 8 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақидаги хабар¸ унинг Америкадаги дўстларини даҳшатга солган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцов "нурчилик"да айбланганлар иши билан яқиндан танишган.

- Мен Тошкентда ишлаганимда у билан шахсан таниш эмасдим. Аммо биз ишончли манбалардан ва одамлардан у “Ирмоқ” журналига ҳақиқатан ҳам алоқадор бўлгани ҳақида маълумотга эга бўлдик.

СиЭнЭн сайтида ҳам АҚШда ўқиган пайтда Дадахонов қандай фаолият билан шуғуллангани, у Исломнинг тинчлик дини эканини тарғиб қилгани, уни ҳамма ёрқин шахс сифатида билгани атрофлича ҳикоя қилинган.

“Нурчилар” иши бўйича қатағон қилинганлар орасида Дадахоновнинг ҳам бўлгани ачинарли ҳол, дейди Ҳюман Райтс Уотч валили.

Диний эркинлик масалаларини ёритувчи “Форум-18” ахборот агентлиги муҳаррири Феликс Корли Абдулазиз Дадахоновнинг “Нурчилар” оқимига аъзоликда айбланиб 8 йилга озодликдан маҳрум этилгани¸ Ўзбекистон маъмурларининг мустақил диний жамоаларга қарши кураш режасининг бир қисми¸ деган фикрда.

- Бу Ўзбекистон ҳукумати ўз назоратида бўлмаган ҳар қандай ва барча диний ташкилотлар ва жамоаларга қарши олиб бораётган кескин курашининг бир қисмидир. Мамлакатда энг кучли назорат мусулмонлар жамоаси устидан ўрнатилган.

Ҳукумат уларни муфтият орқали ичкаридан назорат қилади. Бошқа барча диний жамоалар ташқаридан назорат қилинади.

Ҳукумат кўп сонли аҳолини бирлаштира оладиган ташкилотларни ёқтирмайди. Расмийлар бундай ташкилотлар ҳукуматга таҳдид солиши мумкин деб ўйлайди, дейди Корли.

Игор Воронцов “Нурчилар” иши юзасидан олиб борилаётган маҳкама жараёнини Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти кузатишда давом этишини айтди:

- Ҳозир биз вазиятни диққат билан кузатаяпмиз, маълумот йиғаяпмиз, фактларни текшираяпмиз. Биз ушбу маҳкаманинг тафсилотлари ва фактларини мустақил равишда тасдиқлаш учун халқаро ҳамжамият ва дипломатлар билан бирга ишлаяпмиз.

Ҳаммага маълумки¸ биз жамоат ташкилотимиз ва суверен Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатма бера олмаймиз. Аммо биз маҳкама жараёни адолатли суд стандартларига қанчалар мос бўлгани тўғрисида ўз хулосаларимизни беришимиз мумкин.

Биз ушбу воқеа имкон қадар ошкор бўлиши йўлидаги ҳаракатларга ва маҳкама адолатли бўлганига шубҳа қолмаслиги йўлидаги ҳаракатларга қўшиламиз, деди Игор Воронцов.

26 феврал куни Тошкентда “нурчилик”да айбланаётган “Ирмоқ” журнали ходимлари устидан ҳукм ўқилди.

Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимлари - Баҳром Ибрагимов, Даврон Кабилов, Равшанбек Вафоев, Ботирбек Эшқўзиев ва Абдулазиз Дадахоновларга 8 йилдан 12 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси белгиланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG