Линклар

“Эрон ядровий қурол ясаш иқтидорига эга эмас”


Эрон ядровий қурол ясаш учун керак бўлган юқори даражада бойитилган уранга эга эмас ва уни ишлаб чиқариш бўйича бир тўхтамга келгани йўқ.

АҚШ разведкасининг икки мулозими - Миллий равзедка бошқармаси директори Дэннис Блэйр ва Мудофаа разведкаси агентлиги директори генерал-лейтенант Майкл Маплс Сенатнинг қуролли кучлар қўмитасига тақдим қилган ҳисоботида шундай хулосани берди.

Разведка раҳбарлари, шунингдек, Эрон яқинда ўтказган ракета синовлари унинг ядровий дастурларига алоқаси йўқ, дея таъкидлади.

Атом энергияси халқаро агентлигининг ўтган ойда эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Эрон катта миқдорда паст даражада бойитилган уранни ишлаб чиқарган ва у, таҳлилчилар фикрича, юқори даражада бойитилган уранга айлантирилса, ядровий қурол ясаш мақсадларида ишлатилиши мумкин.

Айни пайтда, таҳлилчилар юқори даражада бойитилган уранни ишлаб чиқариш учун Эронда тегишли иншоотлар йўқлигини ҳам қайд этмоқда.

Дэннис Блэйр, шунингдек, Исроилнинг Эрон ядровий қуролни қўлга киритиш ишларида илгарилаётганига оид хулосаси “энг ёмон сценарий”га асослангани, лекин Қўшма Штатлар бундай талқинни ҳам назардан қочирмаётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG