Линклар

Машина нархи тушмаяпти

  • Садриддин Ашур

Россияда автомобил бозори анча либерал бўлгани боис¸ унда ҳам мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган маҳаллий машиналар¸ ҳам хориж автомобилларининг рақобатига имкон берилган.

Россияда автомобил бозори анча либерал бўлгани боис¸ унда ҳам мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган маҳаллий машиналар¸ ҳам хориж автомобилларининг рақобатига имкон берилган.

Автостат агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон автомобилларининг Россияга экспорти 85 фоизга тушиб кетган. Аммо "Узбечка" бозорининг хорижда сустлашгани¸ ички бозорда сезилмаëтир.

Аслида дунёнинг аксарият автомобил ишлаб чиқарувчи мамлакатларида автомобил саноати бугун оғир кунларни ўз бошидан кечирмоқда. Нафақат Ўзбекистон, балки Япония, Корея, Германиянинг қудратли ширкатлари ҳам автомобил экспортини 74-71 фоизга қисқартиришга мажбур бўлдилар.

Бу мамлакатлар ички бозорларида ҳам автомобил нархларининг анча пастлагани кузатилади. Хўш, Россияга автомобил экспорти 85 фоиз қисқарган Ўзбекистоннинг ички бозоридачи? Нархлар тушдими ёки йўқ?

Биз бу саволни Ўзбекистон Автосаноат акциядорлик компанияси ходими Элёр Солиевга бердик.

- Йўқ¸ ички бозорда тушгани йўқ¸ деди Элëр Солиев.

Хўш, нега ички бозорда нарх тушмаяпти? Элёр Солиев бу саволга жавоб беролмаслигини айтди.

Шу компаниянинг яна бир ходими билан гаплашдик. У ўз исмини айтишни истамади. Бу ходимнинг сўзларига кўра, дунёдаги молиявий бўҳрон Ўзбекистонга жуда кам таъсир қилди ва шунинг учун ҳам ўзбек автомобилининг нархини туширишга ҳожат йўқ.

Компания ходими Элёр Солиев эса, Россияга машина экспорт қилишнинг қайта бошланганини қўшимча қилди.

- Худо хоҳласа¸ март ойида Россияга яна экспорт қилишни бошладик. Бу статистика бўлганига икки ҳафта бўлди. Бу феврал ойидаги статистика эди. Биз феврал ойида 2198 та машинани Россияга экспорт қилиш учун тайëрлаганмиз¸ деди Элëр Солиев.

Энди Ўзбекистоннинг ички бозорига мўралаймиз.

Яқинда Ўзбекистон автомобил дўконларида машиналар нархини ўзбек сўмида ёзиб қўйиб, аслида долларда сотилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугунга келиб¸ана шу чеклов бекор қилинганга ўхшайди.

Бу ҳақда фарғоналик Ҳасанжон ака шундай дейди:

- Машина жуда кўпайди ҳозир. Кеча Асака банкка кассага кирган эдим. Кирсам¸ машинага ўзбек пулида ҳам топширишаяпти. Фарғона шаҳарга бешта машина берипти¸ бешта одам пул топшираяпти¸ дейишди.

Битта шеригимиз Матиз олаëтган экан¸ кассага пул топширгани кирдик. Елка-пелкаси борми¸ десам¸ “Йўқ¸ менга елкасиз берди” деди. Кейин 11 миллион 553 минг сўм пул топширди. Яна 158 минг сўм қанақадир нимасига топширди.

Ўзбек пулига учта-тўртта одамга машина берди¸ дейишди. Ўша ерда то пул санаб топширгунча бир соат¸ бир ярим соат вақт ўтди. У ерда камида 20 та одам пул топшираяптида¸ дейди Ҳасанжон ака.

Ҳасанжон аканинг айтишича, машиналар нархи умуман тушгани йўқ.

- Ўзининг нархида турибди шекилли. Кўтарилгани йўқ. Ўтган йилги ўзбек нархи турибди. Лекин ўзбек пулига ҳаммага очиқчасига оммавий сотаëтгани йўқ, шекилли. Таниш-билишлар¸ ëру-биродарлар бориб олаяпти, шекилли.

Республиканинг ҳамма шаҳрига бермаяпти¸ шекилли. Озгина-озгинадан бераяпти¸ шекилли. Энди бериб юборади. Энди Ўзбекистон кассаларига ўзбек пули қайтмаяпти. Халқнинг қўлида юрибди. Шуни қайтариш учун ўзбек пулига бериб юборса керак¸ дейди Ҳасанжон ака.

Ҳасанжон ака фикрича, агар молиявий инқироз давом этиб, ўзбек машиналарининг хорижда харидори бўлмаса, ички бозордаги нарх икки бараваргача арзонлашиши мумкин.

Лекин ҳозирча бўрининг қулоғи кўринмаяпти, яъни машиналарга қўйилган давлат нархлари арзонлашишидан дарак йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG