Линклар

Баҳс маркази Теҳронга кўчди


Ғарбнинг муттасил босими остида қолаëтган Эрон раҳбарияти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидан ўзига сиëсий таянч қозониш учун фойдаланишга уринмоқда.

Ғарбнинг муттасил босими остида қолаëтган Эрон раҳбарияти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидан ўзига сиëсий таянч қозониш учун фойдаланишга уринмоқда.

Чоршанба куни Теҳронда иш бошлаган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 10- олий даражали йиғини марказига¸ глобал молиявий бўҳрон муҳокамаси қўйилган бўлса-да¸ анжуман табиатининг сиëсий экани айтилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Теҳрон саммитини очар экан¸ Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнежад аъзо давлат раҳбарларини кўлами кенгайиб бораëтган иқтисодий инқирозни бу минтақалар учун имконлар манбаига айлантиришга чақирди.

Ғарб моделида қурилган иқтисодий муносабатлар тартибини маъсулиятсизлик дея баҳолаган Аҳмадийнежад¸ агар ташкилотга аъзо 10 давлат ўз ораларидаги савдо-сотиқ кўламини кенгайтирса¸ бўҳрондан ҳимоя топажагини таъкидлади.

Теҳрон ҳукумати раҳбари¸ шунингдек¸ Эрон¸ Покистон¸ Туркия томонидан 1985 йили асос солиниб¸ Афғонистон¸ Озарбайжон¸ Тожикистон¸ Туркманистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзоларини ягона пул бирлигига ўтишга ҳам даъват қилди.

Теҳрон анжумани кун тартибига қўйилган масалаларнинг аксари иқтисодий бўлса-да¸ кузатувчилар¸ бу саммитдан иштирокчи давлатларнинг ҳар бири алоҳида сиëсий манфаат кўзлаëтганини айтмоқдалар.

Анжуман мезбони Эрон¸ ўз ядровий дастури юзасидан халқаро тортишув марказида қолиб келаëтган бўлса¸ Покистоннинг исломий экстремистларга қарши етарлича курашмаëтгани танқидларга сабаб бўлмоқда.

Теҳрон саммитида¸ меҳмон мақомида иштирок этаëтган Ироқ ва Суриянинг ҳам бу ерга ўз “дарди” билан келганини тушуниш қийин эмас.

Ироқнинг Эрондаги элчиси Муҳаммад Мажид ал-Шайхнинг Озодликка айтишича¸ ҳозирда Бағдод ҳукумати Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш таклифини кўриб чиқаëтир.

- Бугунги янги Ироқда¸ Эрон бўладими ëки Кувайт бўлади¸ қўшниларимиз билан яхши муносабат ўрнатиш борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ироқ бу давлатлар билан тинчлик ва хотиржамликда яшаш истагида. Биз бугун муҳтож бўлганимиз ягона нарса – мулоқотдир. Қўшни давлатлар билан уруш ва босқин даврлари ўтмишга айланди. Бугунги Ироқ ҳамма билан тинчликда яшашни истайди¸ деди Бағдод элчиси.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг сиëсий ва иқтисодий йўналишлари турлича бўлгани боис¸ саммитнинг савдо ва иқтисодиëт муаммолари доирасидан чиқиб¸ айнан сиëсий баҳсга майдон бўлиши кутилаëтир.

Туркия президенти Абдуллоҳ Гулнинг Эронни АҚШ га нисбатан кескин ëндашувини ўзгартиришга чақируви¸ муҳокамаларнинг бундай сиëсий табиатидан берилган даракчи бўлди.

Теҳронга учиб кетишидан аввал Туркия президенти Барак Обама президентликка келгач¸ АҚШ ташқи сиëсати моҳиятан ўзгаргани ва бошқа давлатлар ҳам Вашингтон билан муносабатларини янги воқеликка мослаши лозимлигини таъкидлади.

Айрим хабарларга кўра¸ Абдуллоҳ Гул Эрон президенти Аҳмадийнежадга Барак Обама муждасини еткизади. Гарчи тасдиқланмаган бўла-да¸ бу каби хабарлар АҚШ янги маъмуриятининг Эрон билан тортишувга янгича ëндашиш ниятидан дарак бермоқда.

Куни-кеча Анқарага сафар қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон¸ Эроннинг 31 март куни Афғонистондаги вазият мавзуида ўтказиладиган халқаро анжуманга расман таклиф этилиши мумкинлигига ишорат қилди.

Айтилишича¸ Теҳрон саммитида қатнашаëтган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам Эронни бу анжуманда қатнашишга даъват этиш ниятида.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий¸ ҳозирда бу таклифни қабул қилиш эҳтимоли кўриб чиқилаëтганини билдирди.
XS
SM
MD
LG