Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:31

Уйлик бўлиш - қўл етмас орзу


Ўз ҳовлиси¸ унда кичик бўлсин сўри қўйишу¸ жилла қурса кўкату гул экиш мумкин кафтдеккина боғчаси бўлишини орзу қилмаган ўзбекни топиш қийин.
Ўз ҳовлиси¸ унда кичик бўлсин сўри қўйишу¸ жилла қурса кўкату гул экиш мумкин кафтдеккина боғчаси бўлишини орзу қилмаган ўзбекни топиш қийин.

Ўзбекистонда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги қутблашув кучаяр экан¸ кейинги қутбдагилар учун ўзи ва болаларини бошпана билан қандай таъминлаш энг мушкул жумбоқ бўлиб бораëтир.

БМТнинг махсус маърузачиси Ракел Ролник давлатларни аҳолини турар-жой билан таъминлаш хусусидаги миллий тизимларни ислоҳ қилишга чақирди. Ролник хонимга кўра¸кўчмас мулк бозорига қаратилган жорий йўналиш ўзини оқламади.

Бу хабарни БМТнинг янгиликлар маркази тарқатди.

Ракел Ролник БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 10 сессиясида чиқиш қилар экан, бозор ўз-ўзидан ҳаммани ҳам турар жой билан таъминлай олмайди, деб айтди. Унга кўра, турар-жой бу фақат товар эмас, балки инсоннинг хавфсизликда, тинчликда ва қулай шароитда яшаши ҳамдир.

Ўзбекистонда ҳам турар-жой муаммоси йилдан йилга оғирлашиб бораётган кескин муаммолардан бири саналади. Мустақиллик йилларида аҳолининг яшаши учун турар-жой бинолари қуриш деярли тўхтаб қолди.

18 йил аввал туғилган болалар вояга етди, уларнинг ҳар бирига яшаш учун уй керак. Хўш, Ўзбекистонда бу муаммо қандай ҳал этиляпти? Собиқ иттифоқ пайтида ҳокимиятлар қошида аҳолини уй-жой билан таъминлайдиган махсус бўлимлар ишлаб турар, одамлар навбатга туриб давлатдан уй олишарди. Қишлоқларда уй-жой қуриш учун ер ажратиларди.

Хўш, бугун бу хусусдаги вазият қандай? Биз ана шу муаммони яқиндан ўрганиш учун тошкентлик собиқ бир ўқитувчига сим қоқдик:

Озодлик: Шавкат ака¸ болаларингиз нечта?

Шавкат ака: Учта.

Озодлик: Болалар катта бўлиб қолдими?

Шавкат ака: Ҳа. Катталари 19¸ 20¸ кичиги 13.

Озодлик: Ўғилми¸ қизми?

Шавкат ака: Иккита каттаси ўғил¸ кичиги қиз.

Озодлик: Мана сиз ўқитувчилик қилган экансиз. Маош камлиги туфайли эндиликда хусусий иш билан шуғулланаëтган экансиз. Умуман¸ болалар билан бир уйда яшайсизми? Уйингиз ҳовлими ëки кўп қаватли уйдами?

Шавкат ака: Йўқ¸ битта ҳовлидамиз.

Озодлик: Нечта хона бор?

Шавкат ака: Учта хонамиз бор. Ҳовлимиз кичкина. Икки ярим сўтих.

Озодлик: Собиқ СССР даврида ҳукумат одамларни уй билан таъминлаш учун ҳокимиятларда¸ ишхоналарда навбатга қўярди. Ҳозир бу нарсалар йўқ. Ëки борми?

Шавкат ака: Йўқ¸ умуман йўқ.

Озодлик: Масалан¸ ҳозир сизни ўйлантираëтган бир нарса бўлиши табиий. Болалар катта бўлаяпти¸ уларни уйли жойли қилиш керак деган нарсаларни ўйлайсизми?

Шавкат ака: Агар шу кетиш бўладиган бўлса¸ келажакка умид йўқ. Агар биронта лотереяда ютуқ чиқиб қолса¸ фарзандларни уй-жой билан таъминлаш мумкин.

Озодлик: Айтайлик¸ икки-уч йилдан кейин уларни уйлантириш керак. Сиз нима қилмоқчисиз?

Шавкат ака: Нима қиламиз энди¸ иложимиз қанча. Битта хонани ўғлимиз билан келинга бўшатиб берамиз ва қолган иккита хонада ўзларимиз яшаб тураверамиз.

Озодлик: Ўғил-қизларга уй қуриш учун ëки уй сотиб олиш учун қандайдир...

Шавкат ака: Ээээ.... йўқ¸ ҳеч қанақа кафолат йўқ. Ҳозир бизнинг ишлаб топганимиз фақат еб-ичишга¸ рўзғорга¸ мода даражасида бўлмаса ҳам одмироқ¸ ўртачароқ кийинишга етарли. Ундан у ëғига ўта олмайди. Яхшиям битта эски телевизоримиз бор. Ҳозир рўзғордан¸ кийим-кечакдан орттириб телевизор олишга бизнинг қурбимиз етмайди. Рўзғордан орттира олмаймиз.

Озодлик: Сизга ўхшаган оилаларни Ўзбекистонда қанча деб айтсак бўлади. Камми¸ кўпми?

Шавкат ака: Менинг чамамда энг камида 70 фоиз. Қолган 30 фоизнинг 20 фоизи ўртаҳол¸ ўзига тўқ бўладиган бўлса¸ 10 фоизи тепада пулнинг ичида чўмилиб юрганлар бўлиши мумкин. 70 фоиз аҳоли ҳозир яшаш чизиғидан пастда.

Озодлик: Мана шундай ҳолат Ўзбекистоннинг келажагига қандай таъсир қилиши мумкин?

Шавкат ака: Албатта тақчиллик бўлади энди. Нима қиламиз энди¸ бошимизни деворга урамизми? Тағинам бир неча йил Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистонда ишлаб пул топиб¸ бу ëққа жўнатиб оиласини боқиб юрган минг-минг одамлар бор.

Йўқ деганда4-5 миллиондан ортиқ одамлар Россияда эди. Уларнинг ҳаммаси қайтиб келса¸ бу ердан иш топа олмаса¸ яшаш манбаини топа олмаса нима қилади? Охири даҳанаки жангга боради¸ нима бўларди.

Озодлик: Мана БМТ “Ҳар бир ҳукумат ўз фуқароларининг турар-жой муаммосини ўзи ҳал қилсин” деган хулоса чиқарибди. Сиз Ўзбекистон ҳукуматининг шу нарсани ҳал қила олишига қанчалик ишонасиз?

Шавкат ака: Йўқ¸ бунга ишониб бўлмайди. Бунга заррача ҳам ишонч йўқ. юқоридан кўрсатмалар бўлиши мумкин. Бу кўрсатмаларнинг ижросини назорат қилиш юқорида бўлиши мумкин¸ лекин бу нарса туман ҳокимиятларига келганда кимнинг пули бўлса¸ ўша илиб кетаверади. Пули йўқлар яна қолаверади.

Озодлик: Илгари Тошкентда жуда кўп қурилишлар бўларди. Аҳоли навбатга турарди ва 10 йилдами¸ 15 йилдами навбат келарди. Ҳозир ҳукуматнинг шундай кўламдаги қурилишлари борми?

Шавкат ака: Халқ учун яшайдиган жойлар қурилаëтганини мен у ëқ бу ëқда кўрганим йўқ. Банклар қурилганини кўраяпмиз¸ ресторанлар қурилганини кўраяпмиз¸ меҳмонхоналар қурилганини кўраяпмиз¸ магазинлар қурилганини кўраяпмиз.

Аммо аҳоли яшаши учун турар жойлар қурилганини кўрмадим. Мен кўрмаган у ëқ бу ëқда қурилган бўлмаса. Мустақилликдан кейинги даврда бирор массив ëки квартал қурилганини мен кўрганим йўқ.
XS
SM
MD
LG