Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

Бўҳрон ва муҳожират ҳаëти


Глобал иқтисодий бўҳрондан энг кўп зарба етадиган ҳимоясиз қатламнинг хотин-қизлар бўлиши тахмин этилаëтир.
Глобал иқтисодий бўҳрондан энг кўп зарба етадиган ҳимоясиз қатламнинг хотин-қизлар бўлиши тахмин этилаëтир.

Маркази Женевада жойлашган Халқаро Миграция ташкилоти баëнотига кўра¸ глобал иқтисодий бўҳрон оқибатида 2009 йилда 22 миллион аёл ишсиз қолиши мумкин.

2008 йилда жаҳондаги уч миллиард ишчининг деярли ярмидан озроғи аёллар бўлган. Ишсизлик даражаси эса аёллар орасида 6.3 фоизни, эркаклар орасида эса 7.4 фоизни ташкил этган.

Бу йил эса глобал иқтисодий бўҳрон боис ушбу гендер мувозанатнинг бузилиши кутилаяпти. Халқаро Миграция ташкилоти 2009 йилда аёллар орасида ишсизлик даражаси 7.4 фоизга етиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Эркаклар орасида эса йил давомида ишсизлик даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши кутилаяпти. Шунингдек, глобал иқтисодий бўҳрон боис миллионлаб ишчи мигрант аёлнинг ишсиз қолиши кутилаяпти.

Бундан ташқари жаҳон бўйлаб минглаб аёл мигрант ишчи зўравонлик ва камситиш қурбони бўлмоқда. Женевадаги Халқаро Миграция ташкилоти матбуот вакиласи Жамайн Панди гапиради.

- Мигрант ишчи аёллар ва қизлар эксплуатация ва зўравонлик қурбонига айланиши хавфи кучли қатлам бўлиб қолмоқда. Шундай экан ўз юртларидаги ишсизлик, муҳтожликдан қочиб ўзга юртларда ишлаётган аёллар ҳозирда янада кўпроқ ҳимояга муҳтождирлар, дейди Панди хоним.

Ҳозирда Ўзбекистондаги ишсизлик боис минглаб ўзбек аёллари ўзга юртларда ишлашаяпти. Прагадаги меҳмонхоналардан бирида фаррош бўлиб ишлайдиган Салима опа шулардан бири.

Салима опа: Меҳмонхонада¸ ресторанда¸ супермаркетларда иш бор.

Озодлик: Глобал иқтисодий бўҳронни шахсан сиз қандай ҳис этаяпсиз?

Салима опа: Инқироз боис соатига оладиган пулимиз камайди. Одам кўп¸ лекин иш йўқ. Ҳамма жойда соат ҳам камаяяпти¸ ойлик ҳам камаяяпти.

Озодлик: Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз йўқми?

Салима опа: Ҳозир чет элда эмас Ўзбекистонда ҳам иш топиш оғир. Одамлар шунинг учун мажбур. Бу ëқда агар 500 доллар топса ҳам 200 доллар овқатига¸ ëтоғига кетади. Қийналса ҳам¸ кўпроқ пул топаëтгани учун одамлар шу ëққа келаяпти.

Озодлик: Мигрант ишчи аёллар ва қизлар эксплуатация ва зўравонлик, жинсий зўравонлик қурбонига айланиши хавфи кучли қатлам ҳисобланади. Шахсан сиз шундай муаммо билан юзма-юз келганмисиз?

Салима опа: Бу аëлнинг ўзига боғлиқ¸ юрагига боғлиқ. Агар юраги тоза бўлса¸ бу ëққа фақат ишлайман деб келган бўлса¸ ўшалар йўлини топиб кетаверади.

Сиз айтаëтган нарсага берилган ëки шунақа ҳолатга тушган аëлларнинг ўзининг айби бор. Ҳеч ким ҳеч кимни ҳеч қачон мажбурламайди.

Кореяда пластик заводда ишлаганман. Ўша ëқда пул топиб ўзимга битта квартира олганман. Энди ҳозир келажагим учун ҳаракат қилаяпман. Келажакда эрга тегиб¸ бола туғиб¸ болам қийналмаслиги учун ҳозир ҳаракат қилаяпман.

сарлавҳа

Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик қочқинлар янги ҳаётга нафақат мослашишмоқда, балки у ерда фарзандли ҳам бўлишмоқда. Уларнинг айтишича, сўнгги уч йил давомида фақат Швециянинг ўзида 30 дан ортиқ ўзбек боласи дунёга келган.

- Менинг билганларим 30 бола. Бу менинг танишларимники. Мен энди Швециядаги ҳаммани танимайманку. Швецияда қочқинлар кўп¸ дейди Швецияда истиқомат қилаëтган ўзбек қочқинларидан бири. .

Швециянинг Сунсвал шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик қочқин Дўстназар Худойназар яқинда ҳам қизли¸ ҳам неварали бўлганини қувониб гапиради.

- Ҳам қизчали бўлдим¸ ҳам неварали бўлдим. Меҳнат қилаяпмизда¸ дейди Дўстназар Худойназар.

Худойназаров Швецияда шифокор-ҳамшираларнинг ҳомиладор хотинига бўлган муносабатини кўриб лол қолганини айтади. Қолаверса¸ кучли ижтимоий ёрдамлар ўзбек оилаларини кўпроқ бола туғишга ундамоқда, дейди у.

- Мана туғруқхонага ҳомиладор аëл билан бирга эри ҳам боради. Буларда шунақа экан. Тушадиган аëл ва унинг эри учун хона ажратиб беришар экан. Бир ойлик памперс¸ ички кийимлар давлат ҳисобидан таъминланади.

Пора олиш¸ болангиз унақа туғилди¸ деб шифокорларнинг пул олишга ҳаракат қилиши деган нарсалар умуман буларга ëт нарса. Овқат¸ ота-оналарга қараш ҳаммаси бепул. Бизларникига ўхшаб “Уни олиб келгин¸ буни олиб келгин” деган нарса йўқ буларда¸ дейди Дўстназар ака.

Дўстназар аканинг сўзларига кўра, давлат ҳар бир болага 1 ёшгача 1000 швед крони (108 доллар), 1 ёшдан кейин эса (1800 швед крони 196 доллар) болалар ойлик нафақа пулини беради.

- Масалан мен ҳозир қизимга 220 доллардан ортиқ пул оламан. Мана 23 февралда бир ëшга тўлди. Унгача мен 1080 швед крони олар эдим. Бу дегани 150 доллардан ортиқ пул. Ҳозир бир ëшдан ошгандан кейин 220 доллар тўлаяпти.

Бундан ташқари ҳар ойда врач чақириб болани тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказади. Коляска учун алоҳида¸ кийим-бош учун алоҳида пул беради.

Қиш бошланишидан олдин эса мени чақириб “Қишки кийим учун давлат таъминоти бор. Давлат бунга пул ажратган” деб 620 швед крони беришди. Коляска учун ўша пайтда 2100 швед крони беришди. Ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа шароит қилишса¸ ëмон бўлмас эди¸ дейди Дўстназар Худойназар.

Швеция 2005 йил 13 май Андижон қирғинидан кейин 100га яқин ўзбекистонлик қочқинга бошпана берган эди. Уларнинг кўпчилигида келган пайтдан кейинги вақт оралиғида янги фарзандлар туғилди, уйланмаган йигитлар эса шу ердаги ўзбек қизлари орасидан ўзига муносиб қаллиқ топиб уйландилар. Янги барпо бўлган оилалар эса келажак авлодни давом эттириш ҳаракатида юрибдилар.

Тимро шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораевнинг ўғли Жовид уйланиш ёшига етган.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

Жовид: 19.

Озодлик: Уйлантиришмоқчими?

Жовид: Уйланиш ниятим йўқ ҳали.

Озодлик: Энди барибир уйланиш керакку.

Жовид: Ҳали режаларим кўп. Аввал ўзимни тиклаб олай¸ кейин кўрамиз.

Тўлқин ака ўғлига келинни фақат ўзбек оилаларидан қидираётганини айтади.

-Энди Ўзбекистондан келин туширамиз деган орзулар йўқ эмас. Бундан ташқари бу ерда ўзимизнинг ўзбек оилаларининг қизлари ҳам бор. Ўзимизча мўлжаллаб турибмиз. Албатта энди ëшлар ўзлари билишади.

Аммо ўзбекона урф-одатларимиз¸ қадриятларимиздан келиб чиқадиган бўлсак¸ бизда бошқа менталитет соҳибалари бўлган келинларга муҳтожлик йўқ деб ўйлайман. Бунга миллатчилик деб қараш нотўғри бўлади.

Чунки биз қаерда бўлмайлик Ўзбекистонга қайтиш умиди билан яшаëтган эканмиз¸ бизга Ўзбекистонга қайтадиган келинлар керак. Бу борада ҳар биримиз бош қотираяпмиз¸ дейди Тўлқин Қораев.
XS
SM
MD
LG