Линклар

“Бакиевсиз сайлов” талабида


Мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловни бир ойга қамаш ҳукми 11 март куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди биноси олдида стихияли митинг уюштирилишига сабаб бўлди.

Мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловни бир ойга қамаш ҳукми 11 март куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди биноси олдида стихияли митинг уюштирилишига сабаб бўлди.

Қирғиз мухолифати президент Бакиев билан музокараларнинг иккинчи даврасида иштирок этишдан бош тортиб, 27 март куни президент истеъфоси талаби билан намойишлар бошлашини эълон қилди.

Бунга 10 март куни ўтказилган музокараларнинг биринчи даврасида президент вакилларининг учрашув кун тартибига сиёсий репрессия ва сўз эркинлиги масаласини киритишдан бош тортгани ҳамда президентликка даъвогар сифатида кўрилаётган мухолифатчи Аликбек Жекшенқуловнинг 11 март куни бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилингани сабаб бўлди.

Мухолифатдаги “Ота макон” партияси лидерларидан бири Дуйшўн Чўтўнов бугунги кунда иқтидордаги расмийлар билан муроса қилиш мумкинлигига ишонч йўқолганини айтди:

- Ҳозир президент бу йилни бир амаллаб ўтказиб, яна бир муддат ўз лавозимида қолиш тадоригини кўраётир. Бундан бошқа ҳеч қандай мақсад йўқлиги сезилиб қолди.

Президент мухолифат билан музокаралар ўтказиб, сиёсий муаммоларга ечим топиш ҳақида ваъда берган эди.

Бироқ сиёсий таъқибларни бас қилиш тўғрисидаги талабимизнинг музокаралар кун тартибига киритилмагани ҳамда сиёсий репрессиянинг давом этаётгани амалдаги ҳукумат билан муроса қилиб бўлмаслигини кўрсатди, деди Дуйшўн Чўтўнов.

Мухолифат Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазири, президентликка муносиб кўрилаётган мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловнинг туркиялик тадбиркорни ўлдирганликда айбланиб, қамоққа олинишини сиёсий террорнинг бошланиши сифатида баҳолаётир.

Мухолифат ва адвокатлар ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан тергов якунига қадар Аликбек Жекшенқуловни қамоқдан озод этишни талаб қилган эди.

Бироқ 11 март куни Бишкек судида адвокатларнинг бу илтимосномаси рад этилди ҳамда Аликбек Жекшенқуловни бир ой мобайнида қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарилди.

Бу қарорга мувофиқ Аликбек Жекшенқулов Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхонасидан Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати қамоқхонасига кўчирилди.

Суднинг бу қароридан норози бўлган бир неча юз одам ўша куни норозилик намойиши ўтказди.

Қирғиз мухолифати бу намойиш олдинда турган катта митингнинг дебочаси эканини айтмоқда. Бирлашган Халқ Ҳаракати 27 март куни бутун Қирғизистон бўйлаб “Бакиевсиз сайлов” шиори остида норозилик намойишлари ўтказилишини билдирди.

- Биз кеча таъқиб қилинаётган ўндан ортиқ сиёсатчи, бир неча журналист ва мухолифатчиларнинг рўйхатини ҳукуматга бердик. Бу рўйхатга жами 26 киши киритилган.

Шундоқ экан, мен мухолифат ва президент музокара ўтказиб, муросага келишига ишонмайман. Шунинг учун намойишлар кўпаяди, деди Қирғизистон парламенти депутати, мухолифатчи Иса Ўмурқулов.

Қирғизистон Бош прокурори Элмурза Сотиболдиев эса мухолифатнинг идааолари асоссиз эканини айтади:

- Сиёсий таъқиблар тўғрисида гапиришга ҳеч қандай асос йўқ. Мухолифат ҳимоя қилаётган одамларнинг барчаси иқтисодий айбловлар билан қамоққа олинган.

Уларни сиёсий қарашлари учун эмас, иқтисодий жиноятлари учун таъқиб қилаяпмиз, деди Элмурза Сотиболдиев.

Қирғизистонлик кузатувчилар фикрича, президент билан муроса қила олмаган мухолифат ўзининг бой тажрибасига таянган ҳолда баҳордан кузгача мамлакатни яна норозилик намойишлари гирдобига тортиши мумкин.

Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, халқ орасида эътибор топган мухолифат лидерларининг қамоққа олингани ва таъқиб қилинаётгани мухолифат сафларининг кенгайишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, Марс Сариев мухолифат бу имкониятдан тўла фойдаланиб, ҳукуматга таъсир кўрсата оладиган даражадаги намойишларни уюштира олмаслигини, бунга эса мухолифат сафларида ягона лидернинг йўқлиги сабаб эканини айтди.
XS
SM
MD
LG