Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:09

Ҳижобни таъқиқлаш таъқиқланди


Қирғизистон Маориф вазирлигининг ўқув муассасаларида ҳижобни таъқиқлаш тўғрисида 2009 йилнинг 19 феврал куни чиқарган буйруғи бир ой ҳам амалда қола олмади.
Қирғизистон Маориф вазирлигининг ўқув муассасаларида ҳижобни таъқиқлаш тўғрисида 2009 йилнинг 19 феврал куни чиқарган буйруғи бир ой ҳам амалда қола олмади.

Бир ойча аввал мактабга ҳижобда келиш таъқиқланган Қирғизистонда бундан буён ҳижобли қизларни дарсларга киритмаган мактаб директорлари ва муаллимлар Маориф вазирлиги томонидан жазоланадиган бўлди.

Бу ҳақда билдирган Қирғизистон маориф вазири Абдулла Мусаев мактабларга ҳижобда келиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинганини айтди.

Қирғизистон Маориф вазирлиги мактабларга ҳижобда келиш тўғрисидаги буйруқнинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари босими остида бекор қилинганини эътироф этди.

- Аввалги буйруқда мактабларга диний мансубиятни билдирадиган кийимлар кийиб келиш таъқиқланган эди. Янги буйруқда бу кийимларни кийиш таъқиқи бекор қилинган.

Бундан буён мактабларга ҳижобда келиш таъқиқланмайди, лекин ўқитувчиларга ота-оналар ўртасида ягона мактаб формасига ўтиш борасида тушунтириш ишлари олиб бориш тавсия этилади, деди Маориф вазирлиги матбуот котиби Албина Дуйшанбиева.

Мазкур буйруқнинг бекор қилинишида Қирғизистон жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ва айниқса диний ташкилотларнинг аҳамияти катта бўлди.

Қирғизистон мусулмон аёллари “Мутакаллим” ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи Маориф вазирлиги буйруғини бекор қилиш талаби билан бир неча ҳафта ичида 50 мингдан ортиқ имзо йиғилганини айтиб ўтди:

- Бу буйруқ “Қутбилим” газетасида эълон қилиниши биланоқ биз мусулмон жамоатчилигига мурожаат қилдик. Қисқа муддатда 50 минг имзо йиғилди.

Бундан ташқари, Маориф вазирини инсон ҳуқуқларини бузгани учун судга бердик, деди Жамол Фронтбек қизи.
Қирғизистон мусулмонлари муфтияти ҳам маориф вазирлигининг ҳижобни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорига расман норозилик билдирган ташкилотлардан бири.

- Биз бу борада вазирликка махсус мактуб жўнатганмиз. Унда “бир қиз иффатли бўлай, ярим-яланғоч юрмай, деган ният билан ҳижоб кийса, бунинг нимаси ёмон? Буни дин йўлида ҳам, миллий манфаат йўлида ҳам олқишлаш керак”, деган масалани қўйганмиз.

Вазирлик жамоатчилик босими билан ҳижоб масаласини ижобий ҳал қилгани яхши бўлди, деди Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов.

Қирғизистон Омбудсмени ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам Маориф вазирлигининг ҳижобни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорини кескин танқид қилган эдилар.

Омбудсмен Турсунбек Акун бу борада “Қирғизистон Маориф вазирлиги инсон ҳуқуқларини бузувчи қарор қабул қилди, бу эса демократик давлат учун уятли кўринишдир”, дея баёнот берган эди.

Айни пайтда Маориф вазирлигининг ҳижобни таъқиқлаш тўғрисидаги буйруғи бекор қилинишини Қирғизистондаги ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам қўллаб-қувватламаяпти.

- Буйруқ бекор қилиниши билан мактабларда ҳижобли ўқувчилар сони жуда кўпайиб кетади.

Бу эса аста-секин мактабларимизнинг дунёвий таълим масканидан диний йўналишга ўтиб кетишига туртки бўлади, дейди Бишкекдаги мактаб ўқитувчиларидан бири.

Бироқ “Мутакаллим” ташкилоти вакиллари бундай иддао ўринсиз эканини айтадилар. Ҳижоб кийиш таъқиқлангани тўғрисидаги қарор эълон қилингунига қадар ҳам мактабларга ўқувчи қизлар оммавий тарзда ҳижоб кийиб келмаганлар.

“Мутакаллим” ташкилоти раисаси Жамол Фронтбек қизининг айтишича, вазир ўз буйруғини бекор қилганига қарамай, ҳижобга қарши бўлган ўқитувчилар диндор қизларга босим кўрсатишлари мумкин. Шу сабабли ҳам “Мутакаллим” ташкилоти Маориф вазирини инсон ҳуқуқларини бузганликда айблаб, судга берган аризасини қайтариб олмоқчи эмас.

- Бу масалани суд орқали ҳал қилмоқчимиз. Маориф вазири жазоланиши керак. Унинг буйруғи туфайли қанчадан-қанча ҳижобли қизларимизга маънавий босим кўрсатилди. Бу ҳазилакам нарса эмас.

Бундан ташқари, вазирликнинг диндорларга қарши курашини тўхтатиш мақсадида имзо йиғиш жараёнини давом эттирамиз. Яқин бир-икки ой ичида яна 150 минг имзо йиғиб, уни тегишли ташкилотларга топширмоқчимиз, деди Жамол Фронтбек қизи.
XS
SM
MD
LG