Линклар

Касални яширсанг...


“Оила кодекси”га киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, бундай буён бўлажак келин-куёвлар ЗАГСга ариза топширган куниёқ никоҳдан ўтиш имконига эга бўладилар.

“Оила кодекси”га киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, бундай буён бўлажак келин-куёвлар ЗАГСга ариза топширган куниёқ никоҳдан ўтиш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистонда фуқароларнинг никоҳ қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш жараёни янада мураккаблашди. Эндиликда келин-куёвдан бирортаси ўзининг хавфли касалини яширса, никоҳ бекор қилинади.

11 март куни Ўзбекистон Олий мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Оила кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, бўлажак келин-куёвлардан бирида юқумли, руҳий ёки иммун танқислиги сингари жиддий касалликлардан бири бўлса-ю, у ўз касалини иккинчи томондан яширса, никоҳ албатта бекор қилинади.

Бироқ эллик ёшдан кейин никоҳ қурмоқчи бўлган кишилар учун бу тартиб мажбурий бўлмай, улар ҳохламаса, тиббий кўрикдан ўтмасликлари мумкин.

Шунингдек, “Оила кодекси”га киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда бўлажак келин-куёвлар ЗАГС га ариза топширгач, ўша куниёқ никоҳдан ўтиш имконига эга бўладилар.

Наманган шаҳар ЗАГС бўлими ходимаси Нигора Абдураҳмоновага кўра, ҳозирда никоҳдан ўтиш учун бир ой кутишга тўғри келади.

Нигора Абдураҳмонова: Никоҳдан ўтиш учун бир ой олдин келин-куëв келиб паспортлари билан ариза ташлаб кетишади. Куëвнинг ëши 18 дан, келиннинг ëши 17 дан баланд бўлиши керак.

Озодлик: Бир ой кутишлари керакми?

Нигора Абдураҳмонова: Албатта. Бир ойлик муддатимиз бор. Улар ариза ташлаши билан биз уларга яшаб турган ҳудудидаги поликлиникага йўлланма берамиз. Ҳар ким алоҳида ўз ҳудудий поликлиникасидан ўтиб келади.

Озодлик: Қайси ҳолатларда никоҳдан ўтмасликлари мумкин?

Нигора Абдураҳмонова: Руҳан носоғлом бўлса, кейин масалан... тиббий кўрикдан бешта касаллик бўйича ўтиб келса, низомда кўрсатилгани бўйича.

Озодлик: Бу қайси касалликлар?

Нигора Абдураҳмонова: СПИД¸ наркология¸ руҳий касалликлар, тери-таносил... Агар нимадир аниқланса, иккаласи чақирилади ва суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилади. Агар рози бўлса, никоҳдан ўтаверади. Биз тўсқинлик қила олмаймиз.

Озодлик: Тиббий кўрик эълон қилинганига 5 йилча бўлиб қолди¸ шекилли.

Нигора Абдураҳмонова: Ҳа. 2003 йил 25 августида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 365-қарори чиққан. Қарор 2004 йил 1 январдан кучга кирганди.

Озодлик: Кейинги беш йил ичида шаҳар бўйича нечта никоҳ касаллик туфайли бекор қилинди?

Нигора Абдураҳмонова: Бизда ҳали бунақа ҳолат учрагани йўқ.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов фикрича, ёшлар никоҳолди тиббий кўригидан¸ албатта¸ ўтишлари шарт.

- Албатта¸ ўтиш керак. Ҳозирги давр талаби бу. Замон нозиклашиб бораяпти. Нозик-нозик касалликлар кириб келаяпти Ўзбекистонга.

Ёшлар тиббий кўрикдан ўтмай туриб никоҳдан ўтсаю, улардан бирови касал чиқиб қолса, нима бўлади?

Кўпчилик, масалан, у ер-бу ерга бориб ишлаб келаяпти. Қонлари бузилиши мумкин, ҳар хил тери-таносил касалликларини юқтириб келиши мумкин.

Тиббий кўрикдан ўтмасдан турмуш қурса, билиб бўладими - касал фарзанд туғилиши мумкин, дейди Абдуқодир Сатторов.

Ўзбекистонда никоҳолди тиббий кўригидан ўтиш зарурий бўлса-да, амалда кўпчилик бунга риоя қилмасликлари кузатилади.

Хоразмлик Марҳабо исмли келинчак икки йил аввал турмушга чиққан. Марҳабонинг айтишича, у никоҳолди тиббий кўригидан ўтмаган.

- Бизнинг тўйимиз бўлганига икки йил бўлди. Тўйимиздан олти ой ўтгач, тиббий кўрикдан ўтишга бордик. Ўзи тўйдан олдин ўтишимиз керак эди.

Биз поликлиникага борганимзда ҳеч ким бизга: “Нима учун тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтмадингизлар?” дегани йўқ. Пулимизни олиб, қоғозларимизни тўғрилаб беришди.

Справка учун 2500 сўмдан бердик. Ҳаммаси бўлиб 50-60 минг атрофида пул сарфладик. Бу йўлкирадан ташқари.

Ҳар битта кирган эшигимизга пул тўладик. Ҳеч ким бизнинг соғлигимизни текширмади. Фақат қоғозимизни олиб, қўл қўйиб беришди, - дейди хоразмлик келинчак.

Ҳозирда Марҳабонинг бир ёшли қизчаси бўлиб, у соғлом ўсаяпти.

Лекин шаҳрисабзлик Зулфия Ҳайдаровага кўра, никоҳолди тиббий кўригидан ўтмаслик натижасида касалванд фарзандлар туғилиши кўпаймоқда.

- Тиббий кўрикдан ўтса ҳам¸ ўтмаса ҳам никоҳга олиб кетишаяпти. Кейин эса мана болалар ногирон, камқон бўлиб туғилаяпти, дейди Зулфия Ҳайдарова.

Регнум ахборот агентлиги ёзишича, 2008 йили Ўзбекистонда 4400 йигит-қиз никоҳолди тиббий кўригидан ўтказилиб, улардан уч нафарида одам иммунтақчиллиги вируси борлиги аниқланган.
XS
SM
MD
LG