Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:36

Сотувчи эмас¸ даллол ютмоқда


Мустақил кузатувчилар ҳисоб-китобича¸Ўзбекистоннинг газ экспорт қилиш борасида Россия қувурларига қарамлиги¸ бу давлат иқтисодига каттагина зиëн еткизмоқда.
Мустақил кузатувчилар ҳисоб-китобича¸Ўзбекистоннинг газ экспорт қилиш борасида Россия қувурларига қарамлиги¸ бу давлат иқтисодига каттагина зиëн еткизмоқда.

12.uz интернет сайтининг ëзишича, Ўзбекистон Россияни четлаб ўтувчи газ қувурига эга бўлмагани учун сўнгги 16 йил мобайнида¸ тахминан¸ 10 миллиард доллар йўқотган.

Мақола муаллифи фикрича, Марказий Осиёда Россия қувурларига муқобил газ қувурларининг мавжуд бўлиши минтақа давлатларига ўз энергетика сиёсатини белгилаш ҳамда газ нархларини ўзи белгилашига имконият яратган бўлур эди.

Энергетика сиёсатида газ заҳираларига эга бўлган давлатлар эмас, балки уни манзилга етказадиган, яъни, газни истеъмолчига етказиб бера оладиган қувурларга эга бўлган давлатлар асосий рол ўйнамоқда. Ўзбекистон 10 миллиард долларни газини биргина Россия орқали экспорт қилиши туфайли бой берди.

Таҳлилчилар фикрича газ қувурига эга бўлиш Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга ўз энергетика сиёсатини ва газ нархларини ўзи белгилашга имконият яратади.

Бироқ, ҳозирча нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё Россияни четлаб хорижга газ экспорт қилиш имкониятига эга эмас.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг энергетика масалалари бўйича мутахассиси Чарлз Эссерга кўра, Ўзбекистоннинг Россияни четлаб xорижга газ экспорт қилиши эҳтимолдан йироқ.

Эссер фикрича, бунинг боиси мамлакатнинг жўғрофий ноқулай жойлашганидир.

- Ҳозирда Марказий Осиёдан Хитойга газ қувури ётқизиш ишлари охирига етмаган. Шу боис Ўзбекистоннинг Россияни четлаб хорижга газ экспорт қиладиган бошқа йўли йўқ. Яқин келажакда Хитойга газ экспорт қилиниши мумкин. Мен ҳозир бундан бошқа танловни кўраётганим йўқ, дейди ғарблик таҳлилчи.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Комрон Алиев Чарлз Эссер айтган фикрга қўшилади.

- Ҳозирги кунда бундай муқобил вариант йўқ. Лекин Марказий Осиё газини Афғонистон орқали Покистонга сотиш мумкин.

Набукко деб аталадими ёки бошқа лойиҳалар бўладими Эрон, Туркия орқали Европага газ сотиш мумкин. Лекин бу вариантларга ҳозирча гал келгани йўқ, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Комрон Алиев.

Европа Иттифоқи газ бўйича Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Россияни четлаб ўтувчи Набукко лойиҳасини ишлаб чиққан.

2015 йилга қадар қуриб битказилиши айтилаётган 3300 километр узунликдаги Набукко газ қувури Марказий Осиё ва Кавказ газини Каспий минтақаси, Озарбайжон, Туркия, Болгария, Руминия ва Венгрия орқали Европанинг Австриядаги улкан газ тарқатиш тармоғига олиб келишни кўзда тутади.

Ўзбекистон ҳозирча Набукко лойиҳасига қўшилмаган.

Чарлз Эссер фикрича, Набукко лойиҳаси амалга ошган тақдирда ҳам Европа давлатларининг Ўзбекистондан газ сотиб олиши эҳтимолдан йироқ.

- Лойиҳани амалга ошириш ишлари тугаганидан кейин¸ Туркманистон газининг устивор масала бўлиши кутилмоқда. Жўғрофий сабабларга кўра, Ўзбекистондан газ сотиб олишнинг устивор масала бўлиши кутилмаяпти, дейди ғарблик таҳлилчи.

Чарлз Эссер, Ўзбекистон ҳукумати хорижга газ экспорт қилишдан кўра¸ газ тақчиллиги сабабли қишда совуқдан азият чекаётган мамлакат аҳолисини етарли миқдорда газ билан таъминласа, мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG