Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:06

Юр муҳабббат¸ кетдик бу ердан


Марҳум Муҳаммад Юсуф ëзган “Юр муҳаббат” қўшиғи ҳайит куни янги либос кийиб¸ шодон югурган сағир боладек Севара Назархон тилидан янрамоқда.
Марҳум Муҳаммад Юсуф ëзган “Юр муҳаббат” қўшиғи ҳайит куни янги либос кийиб¸ шодон югурган сағир боладек Севара Назархон тилидан янрамоқда.

Яхши қўшиқ умрининг¸ уни ëзган шоирникидан ҳам¸ унга мусиқа басталаган ҳофизникидан ҳам узунроқ бўлишини марҳум Муҳаммад Юсуфнинг илк бора марҳум Нуриддин Ҳайдаров ижросида айтилган ана шу қўшиғи тақдирида кўриш мумкин.

На қилдим мен¸ юзлари зебо,
Айбим не¸ деб сўрама асло,
Бу дунё шундайин бевафо
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.


Таниш қўшиқлар саҳифасига бугун “Юр муҳабббат¸ кетдик бу ердан” қўшиғини мавзу қилдик.

Қўшиқ¸ мана ўн йиллардан бери мухлислар тилида хиргойи бўлмоқда. Қўшиқ муаллифи марҳум шоир Муҳаммад Юсуф.

Муҳаммад Юсуфнинг ўтган асрнинг 80- йилларида эълон қилган китобидан ўрин олган “Юр муҳаббат” шеъри қўшиқчилар эътиборини тортди.

Фарғоналик ҳофиз Нуриддин Ҳайдаров ижросидаги “Юр муҳаббат” қўшиғи ўз даврида анчайин машҳур бўлди.

Ўша пайтда эндигина урф бўла бошлаган япон электрон чолғуси жўрлигида айтилган бу қўшиқни Нуриддин Ҳайдаровга қўшилиб стадионларни тўлдирган минглаб мухлислар ҳам куйлашди.

Ана шундан кейин Муҳаммад Юсуф номи ëнига¸ қўшиқчи шоир¸ деган атама тиркалди.
Муҳамамд Юсуфга " қўшиқчи шоир" атамаси ëқмаса-да¸ унинг қўшиққа айланмаган шеъри кам қолган.

Ўз суҳбатларидан бирида марҳум шоир Муҳаммад Юсуф ўзи учун қўшиқчи шоир деган доира тор эканини айтган эди.

- Биласизми, мени негадир қўшиқчи шоир деб тан олишади. Фақат, муҳаббатдан ёзади дейишади. Лекин, мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман.

Эсингизда бўлса, ўша пайтларда ёзилган «Самарқандга борсам мен агар..», «Дўппи», Гдлян ҳақидаги шеърларим ана шундай сифатга эга эди¸ деган эди марҳум шоир Муҳаммад Юсуф.


Муҳаммад Юсуф қўшиқчи шоир ëзган матнлар ҳам савияли бўлиши мумкин деган гапни исбот қила олди ва шеъриятдан узоқ бўлган оддий одамлар қалбида зилзила уйғота билди¸ деган эди у ҳақда бухоролик марҳум шоир Тилак Жўра.

Муҳаммад Юсуф шоир ва адабиëтшунос Тилак Жўра¸ олим Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжаевлар даврасида.

Бу гапга жавобан Муҳаммад Юсуф “Агар мен ëзган сатрларни отам¸ онам тушунмаса¸ бу маслакнинг нима кераги бор¸ деган эди.

Сен дилимда яшнаган гулсан¸
Биз биргамиз қайда яшасак¸
Нимагадир сизга ëқмасам¸
Юр муҳаббат¸ кетдик бу ердан.




Бу қўшиқ ҳақида эшиттириш қилиш нияти анчадан бери бор эди.

Бу қўшиқни куйлаган Севара Назархон билан телефон суҳбати борасида гаплашиб ҳам қўйган эдик. Аммо бу режанинг ижобат бўлиши учун ойлар керак бўлди. Яна Севара Назархонга телефон қилиб “ваъда берган одамни уч йил кутишади” деган рус мақолини эслатдим.

Севара Назархон: Ҳа¸ Абдулла ака эсимда бор. Қалайсиз?

Озодлик: Яхши раҳмат.

Севара Назархон: Қаттиқроқ гапиринг лекин. Болам телефонни еб қўйди.

Озодлик: Шу ҳар доимги саволим сизга. "Юр муҳаббат, кетдик бу ердан" қўшиғини қачон куйлагансиз?

Севара Назархон: 1999 йилда.

Озодлик: Илк маротаба қаерда куйлагансиз?

Севара Назархон: Менимча, Тошкентда бўлса керак. Телевидениеда қанақадир кечки дастур бўлган.

Озодлик: Сиздан олдин бу қўшиқни бошқалар ҳам айтган.

Севара Назархон: Бу қўшиқни эмас¸ Муҳаммад Юсуфнинг бу шеърини ишлатиб раҳматли Нуриддин Ҳайдаров айтган. Унинг ўзининг мусиқаси бўлган. У ҳам айтган бу қўшиқни¸ лекин тўғрисини айтсам, мен билмаганман.

Озодлик: Муҳаммад Юсуф сизга ўз фикрини айтганми? У пайтда у тирик эдику.

Севара Назархон: Ашула ҳақидами?

Озодлик: Ҳа.

Севара Назархон: Албатта, айтган. Унга жуда ҳам ëққан. Олдинги версияси маршга ўхшаган бўлса¸ буниси лирика.

Озодлик: Муҳаммад Юсуфга бу дунë вафо қилмади. У киши ëш ўтиб кетди. У киши ҳақидаги айтадиган бирор бир хотирангиз борми?

Севара Назархон: У яхши инсон бўлган. Шеърларни жиддий ëзган. Бунақа шоирлар ҳар доим юракда қолади. Бунақа шоирлар доимо яшайди.

Озодлик: Ўзи аслида бу саволни Муҳаммад Юсуфга берсак бўлар эди¸ лекин у киши орамизда йўқ. "Юр муҳаббат, кетдик бу ердан" деган сўзнинг нимаси сиз учун қизиқарли бўлди?

Севара Назархон: Менга бу шеърнинг матни жуда ҳам ëққан. Пианина чалиб ўтирган пайтимда¸ мусиқа келиб қолди. Кейин дарров қўшиқ яратиб¸ студияга бориб ëздим. Бу менинг ҳаëтимда бўлган нарса эмас.

Озодлик: Демак¸ ҳаëтингизда бунақа бўлмаган.

Севара Назархон: (кулиб) Йўқ¸ бўлмаган. Шу мусиқа келиб қолди¸ кейин қарасам шу шеърга тушди мусиқа.

Озодлик: Оилавий аҳволингиз қандай ҳозир? Оила¸ бола-чақа¸ эр.

Севара Назархон: Аҳвол жуда ҳам зўр. Кўз тегмасин. Ҳаммаси жойида. Мана яқинда 1 мартда болам бир ëшга тўлди.

Озодлик: Ўғилми¸ қизми?

Севара Назархон: Ўғил.

Озодлик: Исми нима?

Севара Назархон: Денгиз.

Озодлик: Бу номни кўпроқ турклар қўйишади. Менимча кўпроқ қизларга қўйишарди. Сиз нимага бу номни танладингиз?

Севара Назархон: Бу ҳеч ҳам қизларнинг исми эмас. Бу туркий исм. Ченгиз¸ Тенгиз ëки Денгиз ҳаммаси бир хил. Бу исм менга ëқади. Яна бир марта такрорлайман¸ шу исм менга ëқади.

Озодлик: Ўғлингизнинг келажакда ашулачи бўлишини хоҳлайсизми?

Севара Назархон: Йўқ¸ лекин ўзи билади. Агар ўзи хоҳласа¸ биз бунга ëрдам берамиз. Лекин ўйлайманки¸ Худо хоҳласа хоҳламайди.

Озодлик: Алла Пугачëва ҳам бир пайтлар қизи кичкина бўлган пайтда шунақа деган эди.

Севара Назархон: Тўғри¸ лекин қиз бола бошқа¸ ўғил бола бошқа. Кўрармиз.

Озодлик: Келажак орзуларингиз қанақа?

Севара Назархон: Келажакда ҳар хил қўшиқлар айтаман Худо хоҳласа. Опера ëзаяпман. Умуман айтганда¸ ишлар кўп. Келажак қўшиқларим энди рок бўлиши мумкин¸ поп бўлиши мумкин¸ миллий йўналишда бўлиши мумкин¸ мақомда айтишим мумкин. Тўғри ҳар битта жанрни чуқур ўрганиб¸ кейин куйлаш керак. Бу муҳим нарса.

“Юр муҳаббат” қўшиғи матнини ëзган Муҳаммад Юсуф ҳам¸ бу қўшиқни ижро қилган Нуриддин Ҳайдаров ҳам қўшиқда айтилганидек¸ бевафо дунëни тарк қилишди.

Улар кетганидан осмон кенгайиб¸ ë ер энкайиб қолмади. Ҳаëт ўз измида давом этаверди. Кун ботди¸ кун чиқди.

Шоир билан ҳофизнинг қабрини чечаклар қоплади.

Муҳаммад Юсуф ëзган “Юр муҳаббат” қўшиғи ҳайит куни янги либос кийиб¸ кўм-кўк далалар узра шодон югурган сағир боладек Севара Назархон тилидан янрамоқда.

Ой юзидан нур ёғди сим-сим,
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.
Ширин тушлар кўрсин севгилим,
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.

Биз кетсак, ер кенгайиб қолар,
Осмон ҳам сал энкайиб олар.
Бир қора кўз жилмайиб қолар,
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.

На қилдим мен¸ юзлари зебо,
Айбим не¸ деб сўрама асло,
Бу дунё шундайин бевафо
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.

Сен дилимда яшнаган гулсан,
Биз биргамиз¸ қайда яшасак,
Нимагадир сизга ёқмасам,
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.

Биз кетсак, ер кенгайиб қолар,
Осмон ҳам сал энкайиб олар.
Бир қора кўз жилмайиб қолар,
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.

На қилдим мен¸ юзлари зебо,
Айбим не¸ деб сўрама асло,
Бу дунё шундайин бевафо
Юр муҳаббат, кетдик бу ердан.
XS
SM
MD
LG