Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Қўлдан берганга қуш тўймас


“Мерси корпус” каби инсонпарварлик ëрдами етказиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар¸ камбағал тожикистонликларни бир неча ойга етгулик¸ ун ва ëғ каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларини билан таъминламоқдалар.
“Мерси корпус” каби инсонпарварлик ëрдами етказиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар¸ камбағал тожикистонликларни бир неча ойга етгулик¸ ун ва ëғ каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларини билан таъминламоқдалар.

Донор мамлакатларнинг Тожикистонга кўрсатаётган реал ёрдамига қарамай, ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилмаган бу мамлакатда қашшоқлик кўлами кенгайиб бораяпти.

“Мерси корпус” Халқаро ташкилотининг Сўғд вилоятидаги вакили Хуршед Азимжоновга кўра, жорий йилда америкаликлар томонидан юборилган биринчи инсонпарварлик ёрдами 10 март куни вилоятга етиб келган ва ҳозирда озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган оилаларга тарқатилмоқда.

- Оиласида бир ёки икки фарзанди бўлганларга 100 килограмм ун, 25 килограмм дуккакли маҳсулот ва 9 литр ўсимлик ёғи берилмоқда.

Шунингдек, фарзандлари учтадан кўп бўлган оилалар бу маҳсулотларни икки баравар кўп олишади, дейди Хуршед Азимжонов.

“Мерси корпус” вакилининг қайд этишича, камбағалларга кўрсатилган ёрдам уларнинг тўрт ой давомида тирикчилик қилишларига етади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистонга иқтисодий ёрдам бераётган халқаро ташкилотлар қарийб 20 йилдан буён шу мамлакатда ишламоқда.

БМТнинг тараққиёт дастури ҳам Сўғд вилоятида шу пайтгача бир қанча лойиҳаларни амалга оширди. Вилоятнинг Бобожон Ғафуров, Исфара ва Панжакент туманларида келгуси 20 ой мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалардан бири ҳам асосан қишлоқлардаги қашшоқликни камайтиришга йўналтирилган.

- Бу лойиҳаларнинг асосий мақсади аҳолининг даромадини оширишга ҳамда уларнинг иқтисодий шароитларини яхшилашга қаратилган.

Шунингдек, биз қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик самарадорлигини оширишга, ишсиз одамларни маҳаллий лойиҳаларга жалб этишга ҳаракат қилаяпмиз, дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Хўжанддаги ташкилоти вакили Баҳром Файзуллоев.

Тожик ҳукуматининг 2008 йил декабр ойида маҳаллий матбуотда чоп қилинган мамлакат иқтисодий ва ижтимоий турмуши ривожланишига оид йиллик ҳисоботида ёзилишича, Тожикистонда камбағаллик ўтган йилларга нисбатан яна 6 фоизга камайган.

Республика бош вазири Оқил Оқилов имзо чеккан мазкур ҳужжатга мувофиқ, камбағаллар сони 2008 йилда 2005 йилдагига нисбатан камайгани маълум ва бу рақам 50 фоизга тушган.

Маҳаллий кузатувчи Мадина Сайфиддинова эса¸ республика мустақилликка эришганига 18 йил бўлаётганига қарамай, мамлакат расмийлари Тожикистонда истеъмол саватчаси қанчага тушиши ҳақида аниқ маълумот бермаётганини айтади.

- Чунки мазкур ҳисоботда фақат мамлакатдаги қашшоқлик қанчага камайганлиги ҳақида гап бораяпти, холос. Ўртача иш ҳақи ошди, лекин кирим ва чиқим ўртасидаги фарқнинг мунтазам ошиб бориши аҳолининг турли қатламлари ораcидаги тенгсизликни оширмоқда, дейди Мадина Сайфиддинова.

Мастчоҳ туманида яшайдиган бу суҳбатдошимизнинг айтишича, халқаро ташкилотларнинг қашшоқларга ёрдам бераётгани яхши, лекин токи ишлаб чиқариш бўлмас экан, бу лойиҳалар вақтинча ёрдам беради, холос.

- Қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш шароити анча қийинлашган. Бунга 2008 йилдаги қурғоқчилик ҳам сабаб бўлди. Деҳқонлар яхши ҳосил етиштира олмади.

Асосийси эса¸ илгари қишлоқларда мавжуд бўлган кичик корхоналар, ширкатлар йўқ бўлган. Агар мана шу кичик корхоналар қайтадан ташкил этилса, янги иш жойлари пайдо бўлади, дейди Мадина Сайфиддинова.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, тожик расмийларининг ҳар йили мамлакатда иқтисодий ўсиш бўлаётгани ҳақида бераётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларнинг айтишларича, ҳозир қишлоқларда одамлар¸ асосан нон билан тирикчилик қилмоқдалар.

Бугунги кунда бир ярим миллиондан ортиқ тожикистонлик Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида мардикорлик қилади. Агар мамлакатнинг ўзида ана шу катта ишчи армияси учун иш ўринлари яратилганда эди, қашшоқлик муаммоси ўз-ўзидан ҳал этилган бўларди, демоқдалар маҳаллий таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG