Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Савдодан ҳам барака қочди


Ўз касбини ташлаб¸ тирикчилик илинжида бозордан қўним топиб¸ бирини-икки қилганлар¸ бугунги инқироз кунларида бозорнинг тоши оғир жойга айланганини айтмоқдалар.
Ўз касбини ташлаб¸ тирикчилик илинжида бозордан қўним топиб¸ бирини-икки қилганлар¸ бугунги инқироз кунларида бозорнинг тоши оғир жойга айланганини айтмоқдалар.

Молиявий бўҳрон Тожикистон бюджет ташкилотларида ишловчиларгина эмас, балки бозордаги савдо эвазига рўзғор тебратиб келган тижоратчиларнинг ҳолини ҳам танг қилмоқда.

36 ёшли Мунира исмли суҳбатдошимиз Тожикистоннинг Турсунзода туманида туғилиб ўсган.

1992 йилда педагогика университетининг математика факультетини тугатгач, у қишлоғига қайтиб, ўқитувчилик қилди. Кейин ҳамкасбига турмушга чиқди.

Йиллар ўтиб, 4 фарзанд кўрган эр-хотин ўқитувчиларнинг тақрибан 80 АҚШ долларига тенг маоши еб-ичишдан ортмади.

Шу важдан...

- Ойлик камлиги учун савдога чиқишга мажбур бўлдим. Хўжайиним эса Россияга кетди. Хуллас, ўқитувчиликдан кечдик иккаламиз, дейди бундан беш йил аввал яхши даромад истаб, таълим соҳасини тарк этган Мунирахон.

Шу тариқа суҳбатдошимиз Душанбе шаҳридаги бозорлардан бирига Турсунзода деҳқонлари етиштирган гуруч олиб келиб сота бошлаган.

- Бир кунда уч қоп гуруч олиб келардик. Икки марта бозорга кирсак, мактабда бир ой ишлаганимиз учун бериладиган пулни топардик. Килосига бир сомонийдан қўйиб сотган кунларим бўлган.

Бир кунлик даромадим 100 сомоний ҳам (тақрибан 26 доллар – таҳр.) бўлган. Бу пулга болаларни яхши кийдириб, яхши едириш мумкин эди, дейди тижоратчи аёл.

Хуллас, Мунира топган пул болаларни ўқитиш, еб-ичириш, бозор, йўл каби харажатлар учун сарфланган. Унинг турмуш ўртоғи Аҳмад аканинг Россиядан юборган пуллари эса янги уй олиш учун тўпланган.

- Аввал даромадимиз жуда яхши эди. Тўплаган пулимизга уй олдик. Энди 8 минг доллар ўзимиздан, икки минг долларини банкдан қарзга олдик.

Учта хонаси, ошхона, ҳаммоми бор 10 сотих участкани 10 минг долларга олдик, дейди Мунирахон дориломон кунларини эсларкан.

Аммо суҳбатдошимиз ҳозир бутун дунёда ўз ҳукмини ўтказадиган бўҳрон ўз оиласига ҳам таъсир ўтказа бошлаганини айтади.

- Энди кризис бошланди. Анча қийналаяпмиз. Масалан, олиб келган молимизни бир ҳафталаб сота олмай қолган кунларимиз бўлаяпти. Пул йўқ.

Одамлар келиб, арзонроқ нарса сўрайди. Арзон сотсак, харажатларни қопламайди.

Турсунзода туманидан бу ёққа келгунча фақат йўлга 30-40 сомоний (8-10 доллар) сарфлаймиз.

Гуруч деҳқончилик. Лекин кўп қисми сотиб олинади. Аввал Ўзбекистондан олиб келардик. Ҳозир у ерда сув муаммо, деб гуруч экиш чекланган. Энди улар бу ёқдан олиб кетишади.

Бизда ҳам шу йилдан сув муаммо бўлиб, нарх қимматлаган бу маҳсулотга. Бу йил бир кило гуруч 10 сомонийга (қарийб 3 доллар) чиқди. Ўтган йил шулар 3 сомоний эди, дейди Мунира.

Суҳбатдош аёлнинг турмуш ўртоғи - Россияга мардикорликка кетган Аҳмад ака ҳам янги йилдан буён пул юбормаётган экан.

- Озгина яхши ишлаб турган эдилар. Мана энди Россияда ҳам кризис. Ишлаган пулини ололмаяптилар. Қайтиб келмоқчи. Лекин келиб Тожикистонда нима ҳам қилади.

Ҳозир тижоратдан топган пулингиз ҳам яхши еб-ичишга етмайди. Харажатларни чиқариб ташласак, 200 сомоний (52 доллар) атрофида пул қолади ҳар ой.

Бир кило гўшт 20 сомоний (5 доллардан кўпроқ). 20 сомонийга олган гўштни болаларингизга бир пишириб берсангиз, тўймайди. Ўзбек - тожикда ҳар куни меҳмон, дейди Мунира.

Суҳбатдошимиз болаларни ўқитиш баробарида уларга алоҳида уй олиб беришни ҳам режалаштирганини, аммо бугунги шароитда бу хаёллар режалигича қолиши мумкинлигини айтади.

- Энди ҳозирги шароитда уй-жой масаласини гапирмасак ҳам бўлади. Ҳозир 10 сотих ерингиз 15 минг доллар. Қандай олиш мумкин?

Топганимиз еб-ичишдан ортмайди. Энди агар емай-ичмай йиғсангиз, 10-15 йилларда тўплаб олиш мумкин шунча ерни, дейди ўйчан ерга тикилар экан Мунира.

Мунирага кўра, молиявий бўҳрон одамларнинг кайфиятига ҳам салбий таъсир қила бошлаган.

- Мана шу бугун бирга бозорда ишлайдиган аёл тўйга айтди. 5 сомонийдан йиғсак, 5 сомоний йўлга кетади. Яна 20 сомонийга бирор совға олсак, уч кунлик даромадимиздан кечишимиз керак. Мажбурмиз бормасликка. Ҳамма нарса қиммат. Тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳозир кун ўтарга яшаяпти, дейди суҳбатдошимиз.

Муниранинг қишлоқдоши Сарвиноз дугонасининг сўзларини қувватлар экан, аввал қопи билан гуруч олган доимий мижозлари энди кило билан чекланишаётганини айтади:

- Кризиснинг таъсирини савдодан сезаман. Олдинлари мижозларимиз кўп-кўп келиб, яхши бозорлик қилишарди. Мана энди ҳафтада бир марта келиб 5-10 кило олишади, дейди Сарвиноз.

Шуни ҳам айтиш керакки, Тожикистон ҳукумати 2007 йилдан бошлаб ўқитувчиларнинг маошини ҳар йили 10 фоиздан оширишга қарор қилган.

Ҳозирда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳаққи 350 сомоний ёки 91 долларни ташкил қилади. Демак, агар Мунирахон ва Аҳмад ака мактабга қайтсалар, бир ойда 700 сомоний маош олишлари мумкин. Бу шу кунларда тижоратдан тушаётган 200 сомонийдан уч баравар кўп.

Аммо Мунирахон нима бўлганда ҳам ортга қайтмоқчи эмас. У молиявий бўҳрон эртами-кечми чекинишига ва савдога барака киришига ишонч билан овуниб яшамоқда.
XS
SM
MD
LG