Линклар

Чекишингиз йўқликданми, тўқликданми?


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда тамаки ишлаб чиқариш қарийб 20 фоизга ошган, яъни 2008 йилда мамлакатда 10 миллиард донадан зиёд сигарет ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда тамаки ишлаб чиқариш қарийб 20 фоизга ошган, яъни 2008 йилда мамлакатда 10 миллиард донадан зиёд сигарет ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистонда тамаки чекишга қарши Давлат дастури тайёрланаётган бир пайтда¸ мамлакатда сигарет ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва чекувчилар сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга қараганда, мамлакат аҳолисининг 25 фоизи кашандаликка мубтало бўлган.

Тошкент шаҳрида яшовчи Расулбек 15 йилдан буён тамаки чекади. Расулбек 19 ёшида ҳарбий хизматга бориб¸ ўшанда чекишни ўрганган. Лекин Расулбек ўзини ашаддий кашандалар сафига қўшмайди.

Расулбек: Агар чекмайман десам, чекмай қўявераман. Чекмасам, икки-уч ой чекмай юравераман, менга билинмайди. Диққат бўлиб қолсам, чекишга мажбурман. Бир пачка сигарет икки ярим-уч кунга етади. Сигаретни асосан¸ диққат бўлиб қолган пайтимда чекаман.

Озодлик: Бу сизга ëрдам берадими?

Расулбек: Ëрдам бермайди, қандайдир ўрганилган. Зарарлигини биламан, лекин барибир чекавераман.

Қаршилик Нодир ака эса 12 йилдан буён тамаки чекади. У кашандаларни уч тоифага ажратади.

Нодир: Бировлар шўхликдан¸ бировлар тўқликдан, бошқа бировлар эса йўқликдан чекади.

Озодлик: Сиз нима учун чекасиз?

Нодир: Йўқликдан бўлса керак. Мен ташлаган эдим. Очиғини айтсам¸ рўзғор ташвишлари бошга тушгандан кейин чека бошладим. Мана, иккита болам катта бўлаяпти. Уларни ўқитиш керак, едириш керак, тўйини қилиш керак.

Буларнинг ҳаммаси муаммо. Ишлай десангиз, иш йўқ. Ишга борсангиз, гадойдан ҳам баттар қилиб ойлик берса. Олаëтган пул йўлкирани ҳам қопламаса… Аламимизни сигаретдан оламиз.

Озодлик: Ҳозир бир кунда қанча чекасиз?

Нодир: Бир кунда 10 дона сигарет чекаман. Мен энг арзон бўлган “Карвон”дан чекаман. Бу 150 сўм. Филтрли сигарет чекишни хоҳлайман. PINE сигарети чекишни яхши кўраман. Лекин унинг бир пачкаси 1000 сўм. Бир кунда бир пачка чексам¸ бир ойда 30000 сўм кетиб қолади. Кўчага чиқсам, PINE сигаретини чекаман, аммо уйда арзон сигарет чекаман.

Жиззахлик 49 ёшли Маъмуржон ака эса ашаддий кашанда. У чекишни 32 йил аввал - 17 ёшида бошлаган.

- Сигарет чекиш бўйича жуда катта тажрибага эгаман. Айниқса¸ кейинги пайтларда жуда ашаддий кашандага айланиб қолганман.

Бир йил чекишдан қутулган эдим, аммо ҳозир яна ашаддий чекувчига айланиб қолганман. Етишмовчиликдан¸ тушкунликка тушиб қолишдан чекувчилар бор.

Мен, масалан, ашаддий чекувчи бўлганлигим учун бу нарса онгимизга ўтириб қолган. Ҳеч қандай муаммо бўлмаса ҳам ўз-ўзидан беихтиëр сигаретни олиб чекаман, дейди Маъмуржон ака.

Хоразмлик Отаназар оға эса чекувчилар тоифасига кирмайди.

- Йўқ¸ ҳозир чекмайман. Чекишга ҳозир пул йўқ. Сигаретлар қимматлаб кетганлиги туфайли хоразмлик чекувчиларнинг кўпчилиги нос чекишга ўтиб кетди, дейди Отаназар оға.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 25% аҳоли доимий чекувчилар ҳисобланади.

Вазирликдан олинган маълумотга қараганда, айни пайтда Ўзбекистонда тамаки чекишга қарши Миллий дастур тайёрланаяпти.

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Шуҳрат Абдумажитовга кўра, мамлакатда чекишга қарши жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шуҳрат Абдумажитов: Ҳар йили конгресс ўтказамиз. Биз эслатма плакат тайëрлаб, уни ҳамма мактаб, коллеж, лицейларга етадиган тарзда босмахонадан чиқариб, тарқатамиз.

Йил бошида гиëҳвандликка қарши тадбир ўтказганда, бир йўла чекишга қарши тадбирларни ҳам ўтказамиз. Ҳозир биринчи чоракни таҳлил қилаяпмиз.

Радиода чиқамиз, телекўрсатув тайëрлаймиз. Қисқаси, ишлар олиб борилаяпти.

Озодлик: Шуҳрат ака¸ тарғиботларнинг натижаси қандай бўлаяпти?

Шуҳрат Абдумажитов: Натижасини энди кўрамиз-да. Бирпасда натижасини кўриб бўлмайди-ю. Тарғибот ишининг натижаси йиллар давомида билинади.

Лекин ўзгариш яхши. Чекиш анча камайган. Кўпроқ мактабларга эътибор бериш керак. Чунки чекиш яшараяпти.

Ëшлар энди ҳавас билан чекишади-да. Кейин ўрганиб қолишади. Шунинг учун ëшларга бу борада кўпроқ эътибор беришимиз даркор¸ дейди фарғоналик расмий.

Мутасаддилар чекишга қарши кескин кураш олиб борилаётганлигини таъкидлашса, жиззахлик Маъмуржон ака мамлакатда кашандаликни чекловчи қонунларнинг йўқлиги чекувчилар кўпайишига сабаб бўлаётганини айтади.

- Ўзбекистонда чекиш чегараланмаган. Бу ерда “чекиш мумкин¸ у ерда мумкин эмас” деган нарса йўқ. Албатта, касалхонада чекиш мумкин эмас¸ мактабларда мумкин эмас.

Лекин дарсдан ташқари вақтда ҳовлида юрганда ўқитувчилар чекади. Мен бирон жойда сигарет чекиш таъқиқланганлигини билмайман, дейди Маъмуржон ака.

Ҳозирда Ўзбекистонда British American Tobacco Uzbekistan (UzBAT) тамаки бўйича ягона ишлаб чиқарувчи ташкилот ҳисобланади.

16 хил сигарет ишлаб чиқараётган бу корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда тамаки ишлаб чиқариш қарийб 20 фоизга ошган ва мамлакатда 10 миллиард донадан зиёд сигарет ишлаб чиқарилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG