Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Аросатдаги сарҳадлар


Ўзбекистон ҳукуматининг ўзаро чегарани бир томонлама миналаштиргани ҳам¸ Тожикистон билан чегараларни делимитация ва демаркация қилишни мураккаблаштираëтган муаммолардан биридир.
Ўзбекистон ҳукуматининг ўзаро чегарани бир томонлама миналаштиргани ҳам¸ Тожикистон билан чегараларни делимитация ва демаркация қилишни мураккаблаштираëтган муаммолардан биридир.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги совуқчилик¸ икки давлатнинг 1000 кмдан ошиқроқ ўзаро чегараларини узил-кесил белгилаш жараëнини ҳам пайсалга солиб келди. Аммо афтидан¸ бу пайсалчилик ниҳоясига етган кўринади.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараси тўғрисида”ги шартномани ратификация қилди.

ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, бу қонун лойиҳаси муҳокамасида сўзга чиққан депутатлар шартнома ратификациясининг Давлат чегарасининг яқин вақт ичида юридик халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилиши, чегарадош давлатлар билан дўстлик ва яхши қўшничилик руҳидаги ҳамкорликка кўмаклашишини айтганлар.

Тожикистон парламенти қошидаги Ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдуманнон Холиқовнинг айтишича¸ бу шартнома 7 йилдан сўнг ратификация қилинди ва бу борадаги биринчи қадамни Тожикистон қўйди - шу йилнинг феврал ойида тожик парламенти уни маъқуллади.

- Бу шартнома 2002 йилнинг 5 октябрида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмонов томонидан имзоланган эди. Аммо ўтган шу давр ичида Ўзбекистон билан ўз ечимини топмаган баъзи масалалар мавжудлиги сабабли¸ ҳужжат парламентимиз вакиллари томонидан тасдиқланмай қолган эди, дейди Абдуманнон Холиқулов.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатаси Халқаро алоқалар бўлими ходими бу воқеадан хабари йўқлигини айтди.

- Ака¸ менинг бундан хабарим йўқ¸ деди Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатаси халқаро алоқалар бўлими ходими.

Орадан 7 йил ўтиб “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараси тўғрисида”ги шартноманинг иккала парламент томонидан ратификация қилиниши¸ Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг 18 февралда Душанбега қилган расмий таширифидан сўнг тез суръатларда рўй берди.

Тожикистон парламентининг Ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдуманнон Холиқуловнинг айтишича, ўзаро учрашув чоғида Тожикистон томони бу ҳужжатни тез кунларда ратификация қилишга ваъда берган ва кўп ўтмай ваъдаси устидан чиққан.

Унинг сўзларига кўра, ўтган давр мобайнида Тожикистон ва Ўзбекистон давлат чегарасининг¸ тахминан 70-75 фоизи демаркация қилинган, холос.

- Ҳозирда икки давлат чегараларида аниқланмай қолаётган тўртта баҳсли ҳудуд мавжуд, дейди Абдуманнон Холиқулов.

Икки давлат ўртасида ҳалигача баҳсли бўлиб турган жойлардан бири бу Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги Тожикистонга чегарадош маҳаллалардан бири ва бу жой махаллий халқ орасида “плотина” деб танилган.

Бу маҳаллада собиқ иттифоқ пайтида ўзбекистонлик ҳам, тожикистонлик ҳам аралаш-қуралаш яшаган. Энди эса ўзбекистонликлар Тожикистон ҳудудида қолиб кетганлар. Бу ҳақда бекободлик Тоҳиржон гапиради:

- Тожикистон-Ўзбекистон аралаш ҳозир. Тожик ҳарбийлари бизнинг ëнимизга келади ва “Кўтар товуқ шўрвангни бу ердан” деб дўқ-пўписа қилади. Биз ҳам майли¸ майли деб қоламиз. Лекин нима қилишга ҳам ҳайронмиз¸ дейди бекободлик Тоҳиржон.

Тожикистоннинг Исфара туманидаги Ўзбекистонга чегарадош Лаккон қишлоқ жамоати котиби Ҳошимжон Мелибоев ҳам аҳолини мураккаб ҳолга соладиган чалкашлик ҳақда гапиради.

- Мен ҳозиргача жамоат котиби¸ давлат хизматчиси бўлсам ҳам¸ чегара қаердан ўтганлигини билмайман¸ дейди Ҳошимжон Мелибоев.

Унга кўра, чегаралар узил-кесил аниқланмагани¸ боз устига 2000 йилда бу чегара ҳудудларининг Ўзбекистон томонидан якка тартибда миналаштирилганлиги сабаб, бегуноҳ одамлар бехабар ҳолда мина майдонига кириб¸ портлаб кетмоқда.

- Чегарани ажратиб турадиган аниқ бир нарса йўқ. Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси қадимдан адирлардан ва тоғлардан ўтади¸ деб айтишади. Лекин ҳеч ким аниқ билмас эди.

Республикалар мустақил бўлгандан кейин чегаралар аниқ бўлиши керак эди¸ лекин афсуски ҳалигача чегара аниқ эмас. Ўзбекистон мина қўйган. Чегара аниқ бўлмаганлиги учун ҳам бизнинг одамлар тоққа ўтин ëки тош тергани бориб¸ 2000 йилдан бери беш-олти марта портлаш содир бўлди.

Шунинг орқасидан учта ҳамқишлоғимиз ҳалок бўлди. Ўнтачаси ярадор бўлди. Шулардан иккитаси ногирон бўлиб қолди¸ дейди Ҳошимжон Мелибоев. .

Тожикистон парламентининг Ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдуманнон Холиқуловнинг айтишича, икки томонлама шартнома Ўзбекистон парламенти томонидан ҳам тасдиқлангач, мана шу тўртта баҳсли ҳудуд юзасидан янги шартнома имзоланади ва бу ҳудудларни ўрганиш учун янги комиссия тузилади.
XS
SM
MD
LG