Линклар

logo-print

Икки журналист ҳукм кутмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонда кейинги йиллар ичи товламачиликда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинаëтганлар орасида ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар сони ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда кейинги йиллар ичи товламачиликда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинаëтганлар орасида ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар сони ошиб бормоқда.

Андижонда безориликда айбланаëтган Кушодбек Усмонов суд ҳукмини¸ Самарқандда эса товламачиликда гумонланаëтган Дилмурод Саййид тергов хулосасини кутиб¸ ҳибсда қолмоқда.

Ўзбекистонлик журналист ва ëзувчи Кушодбек Усмонов устидан Андижон вилояти, Асака тумани судида жума куни бўлиши керак эди¸ аммо ҳукм ўқилиши кутилаётган сўнгги мажлис бошқа кунга кечиктирилди.

Бу ҳақда ҳибсдаги журналистнинг турмуш ўртоғи Насиба Абдуллаева маълум қилди.

Насиба Абдуллаева: 12 мартда деган эди¸ бўлмади. 13 мартга деб айтган эди¸ бугун ҳам бўлмади. Энди сешанба кунига 17 мартга қолдирилди.

Озодлик: Нима сабабдан қолдиришди?

Насиба Абдуллаева: Бунисини билмайман. Маслаҳатга кириб кетишган экан¸ ҳали маслаҳати ҳал бўлмабди. Буларнинг баҳонаси шу бўлаяпти.

64 ёшли журналист Кушодбек Усмонов январ ойида ички ишлар хизмати ходимлари томонидан безориликда айбланиб¸ ҳибсга олинган эди. Унга 14 ёшли ўспиринни урганлик айби қўйилмоқда.

Лекин унинг яқинларига кўра, маҳаллий милиция ходимлари билан бўлган зиддият оқибатида¸ унга қарши бу айб тўқиб чиқарилган. Кушодбек Усмоновнинг ўзи ҳам қўйилаётган айбларни рад этмоқда, дейди яқинда у билан кўришган турмуш ўртоғи Насиба Абдуллаева.

- У киши нима ҳам дерди. Менинг айбим йўқ¸ қўйиб юборишсин¸ деяпти холос¸ дейди Насиба Абдуллаева.

Усмоновнинг ҳамкасблари унинг ҳибсга олинишини касбий фаолияти билан боғлашмоқда. Уларга кўра, янги йил арафасида Кушодбек Усмонов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятига мурожаат қилиб¸ маҳаллий қонунбузарликлар ҳақида¸ ҳуқуқ-тартибот идораларининг бедодлиги ҳақида президентга¸ бош прокуратурага кўплаб шикоятлар ëзаëтгани ва шунинг натижасида маҳаллий миршаблар у билан зиддиятга бориб қолганлиги¸ ўзига қарши провокация уюштирилаëтганлиги ҳақида билдирган.

Авваллари маҳаллий газеталарда ишлаган ва бир неча китоби нашр этилган журналист Кушодбек Усмоновнинг халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишни бошлаганидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан нишонга олингани айтилади.

Суд журналистни айбдор деб топган тақдирда, у 3¸5 йилга озодликдан махрум этилиши мумкин.

Айни пайтда¸ ўтган ой товламачиликда айбланиб¸ ҳибсга олинган журналист Дилмурод Саййид иши терговга оширилган. Бу ҳақда ҳибсдаги журналистнинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова маълум қилди.

- У аëл ўзининг биринчи берган кўрсатмасидан қайтган. Аммо уни гумонланувчи сифатида ушлаб туришибди. Мен ўзим ҳам тушунмаяпман. Кимга мурожаат қилсам¸ улар ҳам ҳайрон.

Юридик малакали одамларга мурожаат қилдим. Руҳиддин Комилов билан гаплашдим. Улар “бу айблов билан ушлаб туришга ҳаққи йўқ", деган фикрни билдиришаяпти. Очиғи, қўйиб юборишар деган умидим йўқ эмас.

Ҳозиргача ҳеч қандай асоссиз ушлаб туришибди. Масалан турмуш ўртоғим пул олган эмас¸ жиноят қилинган жойда бўлган эмас. Мен нима дейишга ҳам ҳайронман¸ дейди Барно Жуманова.

Дилмурод Саййидга қўйилаётган айбловлар маҳаллий тадбиркорлардан бири¸ деб айтилаётган самарқандлик Марғуба Жўраеванинг кўрсатмаларига асосланган.

Самарқанд вилояти Жомбой туманида товламачилик йўли билан 10 000 АҚШ доллари миқдорида пул олаётган пайтда қўлга олинган Марғуба Жўраева дастлабки суриштирув пайтида журналист Дилмурод Саййиднинг топшириғини бажарганини билдирган.

Дилмурод Саййид¸ фақат ана шу кўрсатма асосида ҳибсга олинди. Ҳозирда Жўраева ўз кўрсатмасидан воз кечган бўлса-да, қўйилган айблов журналистдан олиб ташланмаган. Яна Дилмурод Саййиднинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова гапиради.

- Тергов ўтган ҳафта Самарқанд вилояти прокуратурасининг катта терговчиси Суҳроб Мажидов қўлига берилган. Лекин ҳали улар терговга чақириб¸ аниқ тергов қилишгани йўқ¸ дейди Барно Жуманова.

Суд журналист Дилмурод Саййидни айбдор деб топган тақдирда, у 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Кузатувчилар, журналист Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини ҳам Тошкент ҳукуматининг Ўзбекистондаги эркин фикр ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мутлақ тоқатсизлигининг навбатдаги намунаси сифатида баҳоламоқдалар.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов айрим ҳолларда Ўзбекистонда ҳукумат журналист овозини ўчириш учун товламачилик айбловини қўллаб келишини, аммо Дилмурод Саййид ва Кушодбек Усмонов иши бўйича ҳозирча изоҳ бера олмаслигини айтди.

- Шуни гумон билан айтишим мумкинки, айрим ҳолатларда ҳукумат истамаган журналистнинг овозини ўчириш мақсадида, унга товламачилик айбини қистириб қамаши мумкин. Лекин бу икки журналист иши бўйича изоҳ бера олмайман, деди Панфилов.

Айни пайтда, Олег Панфиловга кўра, пост совет маконида товламачилик қилиб, журналистика касбига доғ тушираётган қаламкашлар ҳам йўқ эмас.

- Афсус билан айтаманки, товламачилик журналистлар орасида кенг тарқалган жиноят ва бу нафақат Ўзбекистонда кузатилади. Россияда ҳам товламачиликда айбланиб қўлга олинган бир қанча журналист устидан маҳкамалар бўлган.

Бу бало пост-совет маконида кўп тарқалган, сабаби бу ҳудудда журналистларнинг иқтисодий аҳволи жуда ёмон.

Иккинчидан эса, айрим журналистлар ўз касбини тушунишмайди ва касбий фаолиятини суиистеъмол қилиб, журналистика касбига доғ туширишмоқда, дейди Олег Панфилов.

Маркази Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини ҳар икки журналистни озод этишга чақирди.

Ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб журналист сақланмоқда. Улардан кўпчилигининг қамоққа олинганига 10 йилдан ошди.

Булар 1999 йилда қамалган "Эрк" газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов¸ 2002 йили қамалган "Ҳуррият" газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев¸ 2004 йили қамалган "Поп тонги" газетаси мухбири Ортиқали Номозов¸ 2006 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида сақланаëтган мустақил журналист¸ президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ва 2008 йилнинг октябрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлардир.
XS
SM
MD
LG