Линклар

"Серый кардинал"нинг ўлими


Қирғиз мухолифати фикрича, Медет Садирқулов ҳукмдорлар тўғрисида керагидан ортиқ маълумотга эга бўлгани учун¸ атайин йўқ қилинган бўлиши мумкин.

Қирғиз мухолифати фикрича, Медет Садирқулов ҳукмдорлар тўғрисида керагидан ортиқ маълумотга эга бўлгани учун¸ атайин йўқ қилинган бўлиши мумкин.

13 март куни Қирғизистон президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўтиргани тахмин этилаëтган автомобил Бишкек яқинида аварияга учради ва ундаги иккала йўловчи ҳам нобуд бўлди.

Қирғизистондаги маҳаллий ахборот нашрларининг хабар қилишича, автоҳалокат эрта тонгда Бишкек шаҳри яқинидаги “Кўкжар” дам олиш зонасидан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган.

“Лексус” ва “Ауди 100” автомашиналари тўқнашиб кетиши оқибатида ҳар иккала машина ёниб кетган. Милиция ходимлари етиб келганида “Лексус” бутунлай, “Ауди” эса қисман ёниб бўлган.

“Лексус” машинасидан Медет Садирқулов билан унинг ҳайдовчиси Сергей Слепченконинг жасади топилган. Айни пайтда жасадлардан бирининг Медет Садирқуловга тегишли экани расман тасдиқланмади. Бунга машинадан топилган иккала жасаднинг ҳам куйиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Бақит Сейитов мазкур ҳодиса бўйича суд-тиббий экспертизаси хулосалари ҳали чиқмаганини айтади.

- Биз ҳозирча экспертиза хулосалари тайёр бўлмагани учун автомобилда кимлар бўлгани ҳақида расман бирор маълумот бера олмаймиз.

Биздаги маълумотларга кўра, машинадан икки одам жасади қолдиқлари топилган. Уларнинг ким экани фақат экспертиза хулосаларидан кейин маълум бўлади, деди Бақит Сейитов.

Маълум бўлишича, “Лексус” автомобили қирғиз парламенти депутати Эрик Арсалиевга тегишли бўлган ва бир кун аввал Медет Садирқулов унинг машинасини сўраб олган. Эрик Арсалиев дастлабки тергов чоғида бу маълумотни тасдиқлаган.

Бу маълумот эса кўпчиликнинг машинада айнан Медет Садирқулов бўлган, деган хулосага келишига сабаб бўлаётир.

Мухолифатдаги Бирлашган Халқ Ҳаракати юридик бўлими бошлиғи Муқар Чўлпўнбоев фикрича, Медет Садирқулов буюртма қотиллик қурбони бўлган.

- Медет Садирқулов жуда кўп нарсани биларди. У сўнгги парламент сайлови, маҳаллий кенгашларга бўлган сайловларнинг қандай олиб борилганини ипидан игнасигача биларди.

Бундан ташқари, давлат амалдорларининг, “оила”нинг қандай ишлар қилиб юрганини бошдан-оёқ биларди.

Шунингдек, у охирги 10 кун ичида мухолифат лидерлари билан бир неча марта учрашиб, Бирлашган Халқ Ҳаракати билан биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида гапира бошлаган.

Шуларнинг ҳаммаси унинг ўлимига сабаб бўлди, деб ҳисоблайман. Шулардан келиб чиққан ҳолда, Медет Садирқулов ҳокимият одамлари қўлида қурбон бўлди, деб очиқ айтсак бўлади, дейди Муқар Чўлпўнбоев.

Аммо сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчекеев Медет Садирқулов ўлими ҳақида ҳозирданоқ бирёқлама хулоса чиқариб қўймаслик лозимлигини айтади.

- Бу воқеа иқтидордаги расмийлар билан мухолифат ўртасида зиддият кучаяётган пайтда содир бўлганини назарда тутган ҳолда, айримлар буни махсус уюштирилган иш, демоқдалар.

Бироқ тергов натижалари аён бўлгунича бу борада бирёқлама хулоса чиқариб бўлмайди, дейди Тўқтўғул Қақчекеев.

Айни пайтда Кўкжар қишлоғидаги автоҳалокат бўйича жиноят иши очилиб, тергов ишлари олиб борилаяпти.
XS
SM
MD
LG