Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

Муҳожирлар ишсизлар армиясини тўлдирмоқда


Бўҳрон натижасида иш жойларидан айрилиб, бир неча ойдан буён маошларини ололмаётган тожик мардикорларининг кўпчилиги ватанга қайтиб кетишдан бошқа чора тополмаяптилар.
Бўҳрон натижасида иш жойларидан айрилиб, бир неча ойдан буён маошларини ололмаётган тожик мардикорларининг кўпчилиги ватанга қайтиб кетишдан бошқа чора тополмаяптилар.

Тожик расмийлари молиявий инқироз туфайли ватанга қайтаётган фуқаролар мамлакатда ишсизлар сони ошираётгани баробарида Тожикистонда жиноятчилик ҳам ўсиб бораётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб меҳнат муҳожирларининг Тожикистонга юбораётган пуллар ҳажми кескин камайиб, бу жараён ҳозирга қадар давом этмоқда.

Бу ҳақда 13 март куни Душанбе шаҳрида “Иқтисодий бўҳроннинг меҳнат муҳожиротига таъсири” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида Тожикистон президенти аппаратининг меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўлим мудири Алишер Ёрбобоев билдирди:

- Ўтган йилнинг ноябр, декабр ойлари ва шу йилнинг биринчи уч ойи давомида меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағлар 15-20 фоизга қисқарган.

Россия ҳукумати иқтисодий бўҳрон туфайли ички меҳнат бозорини ҳимоялаш мақсадида қатъий сиёсат юргизиб, меҳнат муҳожирларига бўлган квотани 50 фоизга қисқартирди.

Ўз навбатида, меҳнат муҳожирлари сони кескин қисқарди. Бу жуда ташвишланарли ҳолдир. Негаки ватанга қайтишга мажбур бўлган муҳожирлар мамлакатда ишсизлар армиясини тўлдиради.

Натижада турли ижтимоий муаммолар вужудга келиши баробарида жамиятда жиноятчилик ўсиб боради, деди ҳукумат расмийси.

Ёрбобоев кўра, ижтимоий тадқиқотлар ишсизликнинг бир баробар ошиши жиноятчиликнинг тўрт баробар ошишига олиб келишини исботлаган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси экспертлари ҳам мамлакат ичкарисида иш жойлари етишмай турган бир пайтда меҳнат муҳожирларининг ватанга қайтиши ортидан ишсизлар сонининг кўпайиши жамиятда қатор ижтимоий муаммоларни пайдо қилиши табиийлигини қайд этмоқдалар.

ЕХҲТ вакили Владимир Пряхин бу муаммоларнинг олдини олиш учун Тожикистон ҳукумати бир неча йўналишдан иборат дастур ишлаб чиқиши шартлигини таъкидлайди.

- Хориждаги тожикистонлик меҳнат муҳожирлари мамлакатга юбораётган маблағлар мамлакат ички ялпи маҳсулотининг тақрибан учдан бир қисмини ташкил этади ва табиийки, жаҳон иқтисодиётда рўй берадиган ҳар қандай қоқилиш бу мамлакат иқтисодиёти ва тожик оилаларига ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шунинг учун ўз вақтида ва зудлик билан муаммога ечим топиш йўлларини излаш керак. Биз бу йўлда Тожикистонга ёрдам қўлимизни чўзишга тайёрмиз, деди ЕХҲТ вакили Пряхин.

Аммо Тожикистон Миллий банк расмийси Муҳаммад Ташрифов фикрича, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар миқдори ташвишланарли даражада камайди, деган фикрларда асос йўқ:

- Меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ҳажмининг камайиши инфляция ва доллар нархининг ўзгарувчанлигига боғлиқ.

Дарҳақиқат, жорий йил сўнгги икки ойи давомида муҳожирлар юбораётган маблағлар ҳажми 20 фоизга қисқарган. Аммо бу ерда долларнинг рублга нисбатан курсини эътиборга олиш лозим.

Ўтган йил сўнгги икки ойи давомида мамлакатга юборилган маблағлар умумий ҳажми 5 миллиард 65 миллион Россия рублига тенг бўлган бўлса, бу йил мазкур маблағ 5,3 миллиардга етди. Бунда Россия рублининг долларга нисбатан 52 фоизга арзонлаганини ҳам унутмайлик, деди миллий банк расмийси Ташрифов.

Тожик расмийлари муаммодан чиқишнинг икки йўли мавжудлигини қайд этмоқдалар.

Бу мамлакат ичкарисида янги иш жойлари ташкил этиш ҳамда меҳнат муҳожирлари учун бозорни Россиядан эмас, балки бошқа хорижий мамлакатлардан излаш каби чоралардир.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов эса глобал иқтисодий бўҳрон таъсирида гангиб қолган Тожикистонда янги иш жойлари ташкил қилиш имкони йўқ, деган ишончда:

- Тожикистон ҳукумати ортга қайтаётган минглаб фуқароларига янги иш жойлари яратиб бериш имконига эга эмас. Чунки иқтисодиёти жуда оқсоқланиб қолди.

Масаланинг бошқа томони шуки, тожикистонлик мутахассисларнинг саводи ва малакаси тараққий этган хорижий давлатлар талабига жавоб бермайди.

Ягона чора шуки, Тожикистон постсовет давлатлари билан ўз муносабатларини яхшилаб, бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Масалан, Қозоғистонда ҳали ҳам ишчи кучига эҳтиёж катта, деб ҳисоблайди мустақил таҳлилчи.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати иқтисодий бўҳронга қарши ўз дастурини эълон қилганича йўқ.
XS
SM
MD
LG