Линклар

Қозоқ расмийлари хусусий саррофлик дўконлари эгаларининг валюта алмаштиришда чайқовчиликка ружуъ қўяётганлигини айтиб, яқин орада бу дўконларни ёпмоқчи бўлиб турибдилар.

Қозоғистон халқ банки раиси Григорий Марченкога кўра, Қозоғистонда миллий валютанинг такрорий девальвацияси кутилаётгани миш-мишлари остида сўнгги икки ой давомида хусусий саррофлик дўконлари (валюта алмаштириш шаҳобчалари) аҳолига умумий қиймати 2 млрд. АҚШ долларига тенг хорижий валюта сотиб юборганлар. Бу эса, мамлакат бош банкирининг айтишича, Қозоғистон тарихида кузатилаётган илк рекорд кўрсаткичдир:

- Ҳозир парламент валюта бошқаруви ҳақидаги қонунга ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Ўйлайманки, биз мамлакатда валюта айирбошлаш бўйича операциялар фақат банклар томонидан амалга оширилиши тўғрисида таклиф киритамиз.

Агар депутатлар бизни қўллаб-қувватласалар, биз бу масалани биратўла ҳал қилиш имконига эга бўламиз, деди Қозоғистон халқ банки раиси Григорий Марченко.

Баъзи кузатувчилар мамлакатда 10 йилдан буён фаолият олиб бораётган хусусий саррофлик дўконларининг ёпилиши оқибатида ишсизлар сони ортиши мумкинлигини билдирмоқдалар.

Бироқ экспертлар саррофларни ишсиз қолдирмасликнинг бошқа чоралари мавжудлигини таъкидлаяптилар:

- Хусусий саррофлик дўконлари уюшмаган бозор субъектлари бўлиб ҳисобланади. Биз уюшган бозор ташкил этиб, шу тариқа миллий валютамизни ҳимоя қилишимиз лозим.

Таннарх харажатлари ва таннарх калькуляцияси миллий валютада амалга оширилаётган ҳамда хорижий валюта тақчиллиги юзага келаётган пайтда ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун бу каби валюта чеклови жорий этилиши шарт, деб ҳисоблайман.

Шу тариқа хорижий валюта чайқовчилиги билан шуғулланаётган кўплаб одамларни реал сектордаги бизнесга йўналтириш керак, дейди қозоғистонлик иқтисодчи Илёс Исаев.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиевнинг айтишича, қозоқ расмийларининг хориж валютасини бошқариш бўйича амалга оширмоқчи бўлаётган қадами ўз вақтида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам амалга татбиқ этилган.

Бироқ таҳлилчи, охир-оқибатда, бу кутилган ижобий натижани бермай, Ўзбекистон иқтисодиётини буткул фалаж аҳволга солиб қўйганини айтади:

- Демак, ҳар бир инсон ўша банкка бориши керак, қанақадир қўшимча қоғозлар кўрсатиши керак. Бу Қозоғистон валютаси конвертациясини чеклашнинг услубларидан биридир.

Бунинг оқибатида иқтисодиётнинг ривожланиши камаяди, сармоялар келиши ҳам маълум даражада камаяди, туризм соҳасида ҳам қийинчиликлар юзага келади. Чунки чет элдан келаётган туристлар ўзининг пулларини маҳаллий валютага бемалол алмаштириш имкониятига эга бўлиши керак.

Бу ҳолат, шунингдек, қора бозорнинг юзага келишига олиб келади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи Виктор Ивонин Ўзбекистонда валюта операциялари бошқарувини банклар ихтиёрига топширилгани чиндан ҳам валюта қора бозорини вужудга келтирганини айтади. Бироқ таҳлилчига кўра, бу жараён ҳозирги кўринишида мамлакат иқтисодиёти учун зарарсиздир:

- Валюта қора бозори орқали ўтаётган пул оқимини жуда эҳтиёткорлик билан кузатиб бориш, унинг катта фойда келтиришига йўл қўймаслик керак. Чунки, агар валюта қора бозори даромади катта бўлмаса, унинг таъсири кучли бўлмайди.

Бироқ валюта қора бозори бошқа жараёнларга катта таъсир ўтказа бошласа, уни доимий назорат остида ушлашга тўғри келади. Бунинг қатор механизмлари мавжуд. Бу борада Қозоғистон Ўзбекистондан кўчирма олмай, бунинг учун ўз механизмларини ишлаб чиқиши лозим, дейди Ивонин.

Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё давлатлари ичида иқтисодиёти энг илғор ҳисобланган Қозоғистон қўшни Ўзбекистон юритаётган иқтисодий сиёсат ўзанига тушиб қолаётгани ҳақида сўнгги пайтларда кўп гапирилмоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев мамлакат расмийларининг валюта айирбошлаш юзасидан киритмоқчи бўлаётган ўзгартишлари маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлибгина қолмай, мамлакатга катта инвестициялар ётқизаётган чет эллик сармояларининг ҳам ҳафсаласини пир қилиши мумкинлигини қайд этади:

- Нафақат Ўзбекистон, балки Россиядаги саррофлик дўконларидан валюта сотиб олиш ёки сотишда паспорт кўрсатиш лозим. Бу қалбаки валюта келиб тушиши ва террорчилик мақсадида ўтказилаётган пул жўнатмаларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Бироқ бу ҳолат Қозоғистонда амалга оширилса, одамларнинг, хусусан сармоядорларнинг бозор воситаларига бўлган ишончини йўқотади.

Ўзбек расмийлари ҳам хорижий валюта билан боғлиқ операциялар тартибини мураккаблаштириб юборгандилар, аммо бу салбий оқибатларга олиб келди.

Ҳозир Ўзбекистон расмийлари хато қилганларини тушуниб етдилар, аммо бу хатони тузатиш жараёни жуда қийин кечаяпти, дейди қозоғистонлик кузатувчи Эдуард Полетаев.
XS
SM
MD
LG