Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:05

"Ярим ҳимоя"даги истеъмолчи


Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда сотилган сифатсиз молни қайтиб олиш-олмаслик кўп ҳолларда фақат сотувчининг инсофига боғлиқ.
Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда сотилган сифатсиз молни қайтиб олиш-олмаслик кўп ҳолларда фақат сотувчининг инсофига боғлиқ.

Ўзбек расмийлари мамлакатда истеъмолчи ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъкидлашларига қарамай, Ўзбекистонда бу ҳуқуқларнинг поймол қилиниш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Қарши шаҳрида яшовчи Муҳаммадсолиҳ Раимовга кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кўпроқ савдо тизимида бузилади.

- Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниш ҳолатлари бозорларда айниқса кўп кузатилади. Тарозидан уриш, сифатсиз маҳсулот сотиш каби.

Масалан, конфет олсангиз, устига яхшисини қўяди-ю, кўзингизни шамғалат қилиб, сизга сифати бузилган конфетни бериб юборади. Қаршидаги бозорларда бу каби ҳолатлар жуда кўплаб учрайди, дейди Муҳаммадсолиҳ Раимов.

Амалдаги қонунларга кўра, истеъмолчи харид қилган маҳсулоти ёқмаса, сифатсиз чиқса, алмаштириш ёки пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Бироқ бойсунлик Ҳожиқул Эшқурбоновга кўра, бундай ҳолат Ўзбекистонда деярли кузатилмайди.

- Дўконларда сотилган маҳсулотларни қайтариб олиш, деган гапни ўзи йўқ. Ҳеч қачон харид қилинган нарсани қайтариб олишмайди. Қонун бўйича иш қилинмайди.

Бойсундаги бирорта дўконда маҳсулотларнинг нархи ёзиб қўйилмаган. Қонун бўйича бу нарсалар қилиниши керак, дейди Ҳожиқул Эшқурбонов.

Суҳбатдошларимизга кўра, савдо соҳасида сотилган маҳсулот учун чек бермаслик, истеъмолчига сифатни тасдиқловчи сертификатни тақдим этмаслик каби қонунбузарликлар ҳам кузатилади.

Муҳаммадсолиҳ Раимовга кўра, тиббиёт соҳасида ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинади.

- Айниқса, тиббиёт соҳасида бу нарса жуда қийин. Қонун бўйича айрим ҳолатларда бепул тиббий хизматлар мавжуд. Лекин бу нарса ҳеч қаерда амалда йўқ.

Мен ўзим бир- икки марта поликлиникага бориб суриштирдим ҳам. У ердагилар “Э-э ака, қизиқ экансиз, бу нарсалар совет даврида “ўлиб” кетган, дейишди. "Бизда мутлақо бундай нарсалар йўқ", деган жавобни беришди, дейди Муҳаммадсолиҳ Раимов.

Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси мамлакат конституциясида ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топган.

Лекин ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, айни қонунларнинг амалдаги ижроси йўқлиги боис истеъмолчилар ҳуқуқларининг поймол қилиниш ҳолатлари кўп.

- Истеъмолчилар ҳуқуқлари учун мутасадди бўлган тизимлар ниҳоятда паст даражада ишлайди. Халқнинг кўпчилиги бу борада ахборотга эга эмас.

Ташвиқотнинг ниҳоятда паст даражада бўлиши, халқнинг бехабарлиги, хусусан, Ўзбекистон телевидениеси бу соҳада жуда кам ишлар олиб бораётгани, умуман, бу тизимларнинг ишламаслиги натижасида ўз-ўзидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши юзага келади, дейди Комрон Алиев.

Ўзбекистонда сифатсиз маҳсулотлар сотиш, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш каби ҳолатларни сотувчи ҳам, харидор ҳам табиийдек қабул қилади.

Таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, ўзбекистонлик фуқароларнинг айнан истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини билмаслиги сабабли ҳам қонунбузарликлар урчийверади.

- Ҳозирда Ўзбекистон бозорлари Хитойдан олиб келинган энг паст даражадаги, сифатсиз товарлар билан тўлиб кетган.

Масалан, ўша чет элдан келаётган товарларга сертификатлар талаб қилиш, уларнинг сифати бўйича ҳужжатларни талаб қилиш ёки бўлмаса, бу қаердан олиб келинди, деб суриштириш - булар ўзбек халқининг менталитетига кирмайди, дейди Комрон Алиев.

Лекин Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходимларига кўра, кейинги йилларда аксар истеъмолчилар ўз ҳуқуқларидан хабардор ва бу борада ҳуқуқларини талаб қилувчилар сони ҳам ошиб бораётир.

Андижон вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходимига кўра, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳатто судга ариза бериш ҳолатлари ҳам кўпаяпти.

Суҳбатдошга кўра, бу кўпроқ истеъмолчиларнинг коммунал хизмат соҳасидаги ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларида кузатилади.

- Масалан, 2008 йилда истеъмолчиларга электр энергиясини ўчиши ҳисобига етказилган етти миллион сўмдан ортиқ зарарни ундириб бердик, дейди андижонлик мутасадди ходим.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, 2008 йилда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига истеъмолчилардан ўн мингга яқин шикоят аризаси келиб тушган бўлиб, уларнинг 97 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган, яъни ўтган йили истеъмолчиларга 12 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундириб берилган.
XS
SM
MD
LG