Линклар

АҚШ: Инсон ҳуқуқлари устивор йўналиш

  • Ҳасанжон

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон инсон ҳуқуқлари масаласи Қўшма Штатлар ташқи сиёсатидаги устивор масала эканига ҳуқуқ ҳимоячиларини ишонтирди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон инсон ҳуқуқлари масаласи Қўшма Штатлар ташқи сиёсатидаги устивор масала эканига ҳуқуқ ҳимоячиларини ишонтирди.

Ҳюман Райтс Уотч Обама маъмуриятига АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатига тузатиш киритишни тавсия қилди.

Ғарблик инсон ҳуқуқлари фаоллари Оқ Уйнинг янги маъмуриятини АҚШ ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқлари ролини оширишга, гуманитар соҳага алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

Ассошиэйтед-пресс ахборот агентлигининг 13 март кунги хабарига кўра, Халқаро амнистия ташкилоти вакили жаноб Кумар АҚШнинг янги маъмурияти инсон ҳуқуқлари борасида Жорж Буш ҳукумати йўл қўйган хатоларни қайтармаслиги кераклигини айтган.


Ҳюман Райтс Уотч ва Халқаро амнистия ташкилоти вакиллари Озодлик радиосига берган интервьюсида, АҚШнинг янги ҳукумати ҳуқуқ фаоллари тавсияларини инобатга олишига умид билдирди.

АҚШ собиқ президенти Жорж Буш маъмурияти иқтисодий манфаат ёки миллий хавфсизлик баҳонасида инсон ҳуқуқлари масаласини эътибордан четда қолдиргани учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан танқид қилинган эди.

Куни кеча АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтонда саккиз нафар ҳуқуқ фаолига Америка ҳукуматининг “Жасоратли аёл” мукофотини топширди. Нуфузли мукофотга сазовор бўлганлардан бири ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева эди.

- Аёллар ҳуқуқлари, қораверса, барча инсон ҳуқуқлари асосий масаладир. Инсон ҳуқуқлари ташқи сиёсатимизда доим устивор масала бўлиб қолади, - деган эди тантанали маросимда қилган чиқишида Ҳиллари Клинтон.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майзи Вайшадинг Озодлик радиосига берган интервьюсида Давлат котибининг ушбу баёноти амалга ошишига умид билдирди.

- Ҳиллари Клинтон ўз нутқида инсон ҳуқуқлари унинг учун устивор масала бўлиб қолишига аниқ ишора қилди. У нафақат аёллар ҳуқуқлари, балки барча инсон ҳуқуқлари муҳим масала бўлишини таъкидлади.

Клинтон инсон ҳуқуқлари АҚШ ҳукумати ташқи сиёсатидаги устивор масала бўлиб қолишини, инсон ҳуқуқлари принципларини амалга татбиқ этиш кераклигини айтди. Мен бу гаплар қуруқ сўз эмас, деб ўйлайман.

Айниқса, инсон ҳуқуқлари аҳволи оғир бўлган Ўзбекистондек давлат билан АҚШ муносабатларида инсон ҳуқуқлари устивор масала бўлишига умид қиламан, -деди Халқаро Амнистия вакили Майзи Вайшадинг.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцовнинг Озодлик радиосига айтишича¸ собиқ АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти ва Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўртасидаги муносабат муаммолардан ҳоли бўлмаган.

-Шу боис Барак Обама АҚШга янги президент этиб сайланганидан кейин Ҳюман Райтс Уотч Обама маъмурияти ва Давлат департаментига ўз тавсияларини йўллаб, инсон ҳуқуқлари масаласининг АҚШ ташқи сиёсатидаги ролини оширишга чақирган.

Биз Барак Обама маъмуриятига ўз тавсияларимизни бердик. Улар орасида АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатига тузатиш киритиш ҳақидаги таклиф ҳам бор.

Чунки ҳарбий-стратегик ва иқтисодий манфаатларнинг устивор қилиб белгиланиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига салбий таъсир этган, - дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Воронцов.

Игор Воронцов ўз ташкилоти инсон ҳуқуқлари масаласи АҚШ-Ўзбекистон алоқаларидаги асосий масала бўлишини хоҳлашини айтди.

- Бизнинг ташкилот Қўшма Штатлар маъмурияти Ислом Каримов маъмуриятига инсон ҳуқуқлари стандартларини бажаришни шарт қилиб қўйишини хоҳлайди.

Ташкилотимиз гуманитар соҳада, яъни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни президент Каримов ўнгламаса, ҳамкорлик ҳам ривожланмаслиги шарт қилиб белгиланишини истайди.

Бундай шартлар қўйилмас экан, Ўзбекистонда бу соҳада илгари силжиш бўлиши эҳтимолдан йироқ, деб ўйлаймиз, -дейди Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцов.

XS
SM
MD
LG