Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:33

"Кардинал" сиёсий қотиллик қурбоними?


Қирғиз мухолифати Медет Садирқулов ўлими ҳақидаги хабар юзасидан махсус йиғилиш ўтказди ва бу воқеани "сиёсий қотиллик" сифатида баҳолади.
Қирғиз мухолифати Медет Садирқулов ўлими ҳақидаги хабар юзасидан махсус йиғилиш ўтказди ва бу воқеани "сиёсий қотиллик" сифатида баҳолади.

Қирғизистон мухолифати сиёсий доираларда "Серий кардинал" деган ном билан шуҳрат қозонган Медетбек Садирқуловнинг фожеавий ўлимини "сиёсий буюртма қотиллик" сифатида шарҳламоқда.

Қирғизистондаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири, сиёсий доираларда “Серий кардинал” деган ном билан аталиб келинган президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ҳақиқатан ҳам буюртма қотиллик қурбони бўлдими?

Фожеа жойида топилган жасад Медет Садирқуловникими ёки бошқа бировникими?

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча бу саволларга жавоб топа олгани йўқ.

Норасмий манбалар эса Медет Садирқулов сиёсий бюртма билан ўлдирилганини айтмоқдалар.

Қирғизистондаги йигирмадан ортиқ нодавлат ташкилоти ушбу воқеа муносабати билан президент Бакиевга Ички ишлар вазири Молдомуса Қоғантиевни ишдан бўшатиш талаби билан мурожаатнома жўнатди.

Медет Садирқулов ўлими билан боғлиқ воқеалар ривожи тафсилотига ўтишдан олдин, 13 март куни содир бўлган автоҳалокат ҳақидаги хабарни яна бир бор эслаб ўтсак.

13 март куни Ички ишлар вазирлиги Бишкек яқинидаги Кўкжар қишлоғида Медет Садирқулов ўтиргани тахмин қилинаётган автомобил ҳалокатга учрагани тўғрисида хабар тарқатган эди.

“Лексус” ва “Ауди 100” автомашиналари тўқнашиб кетиши оқибатида ҳар иккала машина ёниб кетган. Милиция ходимлари етиб келганида “Лексус” бутунлай, “Ауди” эса қисман ёниб бўлган.

“Лексус” машинасидан Медет Садирқулов, президент қошидаги халқаро стратегик тадқиқотлар институти собиқ раҳбари Сергей Слепченко ва ҳайдовчининг куйиб кетган жасадлари топилган.

Айни пайтда жасадлардан бирининг Медет Садирқуловга тегишли экани расман тасдиқланмади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаев мамлакатда мавжуд тиббий ускуналар ёрдамида жасадларнинг кимга тегишли эканини аниқлаш имкони бўлмаганини, шунинг учун бу масалада ёрдам сўраб Қозоғистонга мурожаат қилинганини айтди:

- Жасадларнинг кимга тегишли эканини ренген ҳам, бошқа ускуналар ҳам аниқлай олмади. Шунинг учун биз жасадларнинг ДНК наъмуналарини Қозоғистонга жўнатдик. У ердан 10-15 кун ичида жавоб келади, -деди Мадамин Қаратаев.

Ҳукумат тузилмалари жасадлар ҳақиқатан ҳам тахмин қилинаётган шахсларга тегишли ёки тегишли эмаслигини аниқлашга ҳаракат қилаётган бир пайтда, қирғизистонлик таниқли сиёсатчилар, жамоат ва давлат арбоблари “Ҳукуматдаги ҳар бир амалдор ва президент оиласи фаолияти ҳақида жуда катта маълумотларга эга бўлган Медет Садирқулов сиёсий қотиллик қурбони бўлди”, деган фикрни билдирмоқда.

Бундай фикрни қирғиз парламентининг доимо президент сиёсатини қўллаб-қувватлаб келувчи “Оқ йўл” фракциясига мансуб депутатлари ҳам билдирмоқдалар.

- Мен шахсан бу воқеада шубҳали жиҳатлар кўп деб ўйлайман. Суд тиббий экспертизаси ходимлари билан гаплашсам, уч жасад машинада тинч ўтирган, деган хулосани айтишди.

Ёнаётган машинада қолган одамнинг тинч ўтиришига ишониш мумкинми? Бундай одам ҳеч бўлмаганда машина ойнасини синдириб, ташқарига чиқишга ҳаракат қилади.

Шунинг учун бу воқеани Медет Садирқуловга нисбатан уюштирилган қотиллик сифатида талқин қилиш мумкин,-деди парламент депутати Эрнис Акрамов.

Сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдўлиев ҳам бундай фикрларга қўшилади:

-Бу воқеа юзасидан бир бирига зид келувчи тафсилотлар кўп бўлаётир. Иккита машина тўқнашиб кетиши биланоқ, Садирқулов ўтиргани тахмин қилинаётган машинанинг ўз-ўзидан ёниб кетиши ақлга сиғмайди. Майли, машина ёна бошлади, деб фараз ҳам қилайлик, унда нега машинанинг ичидагилар ташқарига чиқишга ҳаракат қилишмади?

Энг қизиғи шундаки, Садирқуловнинг машинаси билан тўқнашиб кетган автомобил тўла ёнмаган, унинг ҳайдовчисига эса ҳеч қандай зиён етмаган,-деди Ўрўзбек Молдалиев.

Бироқ Қирғизистон президенти маъмурияти Медет Садирқулов ва унинг ҳамроҳлари сиёсий буюртма қотиллик қурбонлари бўлдилар, деган иддаоларни рад этди:

-Сиёсий мухолифатнинг “Садирқулов сиёсий буюртма қотиллик қурбони бўлди”, деган даъвоси Худога ёқмайдиган қуруқ тухмат.

Мухолифат бу фожеали воқеадан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, халқни ҳукуматга қарши қўймоқчи бўлаётир,-деб баёнот берди президент матбуот котиби Алмаз Турдумамбетов.

Бироқ Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари президент маъмуриятининг бундай баёнотига қарамай, президент Бакиевга мурожаатнома йўллади. Бу мурожаатда кейинги йилларда мамлакатда таниқли сиёсатчилар, журналистлар ва мухолифатчилар жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирилади.
XS
SM
MD
LG