Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Шариф ортга чекинмоқчи эмас


Навоз Шариф ўзининг уй қамоғида сақланишини ноқонуний амал сифатида баҳолади.
Навоз Шариф ўзининг уй қамоғида сақланишини ноқонуний амал сифатида баҳолади.

Покистон мухолифатининг мамлакат бўйлаб ўтказаётган норозилик намойишларини тўхтатиш мақсадида норозиларга етакчилик қилаётган собиқ Бош вазир Навоз Шариф уй қамоғига олинди.

Покистондаги сиёсий бўҳрон дунё оммавий ахборот воситалари диққат марказида қолмоқда.

Лаҳорда уй қамоғига олинган Покистон мухолифатининг лидери Навоз Шариф ўз уйи ташқарисига йиғилган намойишчилар олдида чиқиш қилди.

Мамлакат бўйлаб ўтказилаётган мухолифат намойишларига бош бўлган Навоз Шариф фаолиятини тўхтатиш мақсадида якшанба куни эрталаб у уй қамоғига олинганди.


Ўтган бир неча кун давомида Покистон хавфсизлик хизмати мамлакат суд тизимига сиёсатнинг аралашувига қарши чиққан юзлаб мухолифат фаоллари ва ҳуқуқшуносларни ҳибсга олди.

Якшанба куни эса полиция собиқ Бош вазир ва мухолифат лидери Навоз Шарифни уч кунга уй қамоғига олиб “катта балиқ”ни қармоққа туширгандай бўлди.

Шу йўл билан ҳукумат Шарифни Лаҳорда йиғилган намойишчиларга мурожаат қилишдан ва душанба куни Исломободда парламент биноси ташқарисида ўтказилиши режалаштирилган намойишга бош бўлишдан тўхтатишга ҳаракат қилди.

Уй қамоғида қолиш буйруғига бўйсунмаган Шариф ўз уйи ташқарисига чиқиб йиғилганларга мурожаат қилди.

Ўзининг уй қамоғида сақланишини Шариф: “Ноқонуний, аҳлоқсиз ва аксилконституциявий амал”, дея қоралади ва ўз тарафдорларни ҳукуматга қарши намойишга чиқишга чақирди.

Навоз Шариф бир ёқадан бош чиқариб ҳукуматга қарши намойиш ўтказилса, ҳукумат халқни тўхтатиб қололмаслигини таъкидлади.

Шариф раҳбарлигидаги Покистон Мусулмонлар лигаси аъзолари ҳукуматга қарши норозилик юришлари ва намойишларини давом этдиришга ҳамда душанба куни парламент биноси ташқарисида узоқ муддатли намойишни бошлашга ваъда бердилар.

Партия фаолларидан бири Хавая Рафиқ Лаҳорда Reuters ахборот агентлигига бу ҳақда гапириб берди.

- Улар намойиш ўтказиладиган жойга етиб боришади. Агар уларни тўхтатишга ҳаракат қилинса, намойишчилар тўсиқларни бузиб қаршилик кўрсатадилар, - деди Хавая Рафиқ.

Кенг кўламли намойишлар ёрдамида мухолифатчилар Покистонда суд мустақиллигига эришмоқчи. Уларнинг асосий мақсади 2007 йилда собиқ президент Парвез Мушарраф томонидан истеъфога чиқарилган Олий суднинг раиси Ифтихор Чоудхрийни ўз лавозимига қайтаришдир.

Ўтган ойда Покистон Олий суди Навоз Шариф ва унинг акаси Шохбоз Шарифни икки йил муддатга давлат мансабларини эгаллаш ҳуқуқларидан маҳрум этиш бўйича аввалги қарорини ўз кучида қолдирганди.

14 март куни Покистон ҳукумати Шарифга ён босиб, мазкур қарор такроран Олий суд муҳокамасига юборилиши мумкинлигини билдирди.

Ўтмишда Покистондаги бу каби сиёсий бўҳронлар ҳукуматнинг ҳарбийлар томонидан эгалланиб олинишига сабаб бўлганди. Бироқ таҳлилчиларнинг айтишларича, бугунги кунда воқеаларнинг бундай ривожланиши эҳтимоли жуда оздир.

АҚШ ҳукумати сиёсий инқироз сабабли Покистон ҳукумати жангари гуруҳларга қарши курашдан чалғиб кетаётганига ҳавотир билдирди.
XS
SM
MD
LG