Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:25

Ўшлик ўзбеклар газета ўқимай қўйди


Ўшдаги газета расталаридан жиддий нашрларни топиш қийин бўлиб қолган¸ деган фикрда кузатувчилар.
Ўшдаги газета расталаридан жиддий нашрларни топиш қийин бўлиб қолган¸ деган фикрда кузатувчилар.

Ўшда биринчи маротаба босма нашрлар ярмаркаси ўтказилмоқда. Ярмарка таъсисчиларига кўра, унда асосан Россия ва Қозоғистон босма нашрлари арзонлаштирилган нархда сотилмоқда.

Келажакда қўшни Ўзбекистон билан ҳам бу борада ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Босма нашрлар ярмаркаси Ўшдаги “Талаб ва таклиф” маркази томонидан уюштирилган. Ярмаркадан кўзланган мақсадлар борасида марказ ходими Гўзал Азнабакиева маълумот берди.

- Ўшда, қолаверса, бутун Қирғизистон бўйлаб биринчи маротаба ўтказилаётган босма нашрлар ярмаркаси шаҳримиз аҳолисига газета ва журналларни нисбатан арзонроқ нархда етказиб бериш, газетхонлар сафини кенгайтириш мақсадида ташкил қилинди.

Ярмаркада¸ асосан¸ Россия ва Қозоғистондан олиб келинган газета ҳамда журналлар, маҳаллий нашрлар 30 фоиз арзонлаштирилган нархда сотувга қўйилган. Бундан ташқари¸ газетхонлар ўзлари ёқтирган нашрларнинг эски сонларини ҳам топишлари мумкин.

Яқин ўртада қўшни Ўзбекистон билан ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз, деди Гўзал Азнабакиева.

Ярмаркада маҳаллий нашрлар деярли сотувга қўйилмаганини айрим мутахассислар бу нашрларга талабнинг сустлиги билан изоҳламоқдалар.

Шундан келиб чиққан ҳолда¸ Ўшдаги айрим газета шаҳобчаларидаги вазият билан қизиқдик.

Бир неча йилдан буён газета сотувчи Тарифа Каримова ўшлик ўзбеклар асосан “сариқ матбуот”ни кўпроқ сотиб олишини айтади.

- Маҳаллий нашрларимиз оз сотилади. Одамлар¸асосан¸ ўзбек, қирғиз, рус тилларидаги сканвордларни кўп оладилар. Ўзбек, қирғиз тилида чоп этилувчи маҳаллий газеталарнинг харидори кам. Баъзида сотиш учун олиб келган бир - икки дона жиддий ўзбекча газета ҳам сотилмай қолиб кетади.

Маҳаллий нашрларни теледастур борлиги учун сотиб оладилар. Ўзбек газетхонлари Ўзбекистондан олиб келинувчи “Даракчи” газетасини кўпроқ сотиб оладилар, дейди Тарифа Каримова.

Ҳозирги пайтда Ўшда “Мезон”, “ДДД”, “Ахборот” каби бир қатор мустақил ўзбек газеталари чоп этилади. Уларнинг адади 1000 нусхадан ошмайди. Бундан ташқари¸ маҳаллий ўзбек газеталари моддий қийинчилик туфайли мунтазам чоп этилмайди.

Мазкур газеталар ходимлари ўзбек нашрлари ададининг камлигини кўпинча ўзбеклар газета ўқимай қўйгани, ўшликларда газета ўқиш эҳтиёжи камайгани билан изоҳлайдилар.

- Буни маънавиятимизнинг кундан-кунга оқсаб бораётганидан дарак, десак бўлади. Барча ўзбек газеталарининг ёпилиб кетишига халқимизнинг ўзбекча нашрларни қўллаб -қуватламаслиги, моддий қийинчилик сабаб бўлди, дейди Ўшдаги “Ахборот” газетаси бош муҳаррири Барно Исақова.

Ўшдаги босма матбуот ярмаркаси ташкилотчиларига кўра, ўшлик ўзбекларда газета ўқишга бўлган қизиқишни қайта шакллантириш учун тез орада Ўзбекистон нашрлари билан ҳам шартномалар имзоланади.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги оммабоп нашрларни қирғизистонлик ўзбеклар арзон нархларда сотиб олиш имконига эга бўладилар.

“Бу эса ўз-ўзидан ўзбек муштарийлари сонининг кўпайишига туртки бўлади”, деган ишончда ярмарка ташкилотчилари.
XS
SM
MD
LG