Линклар

Судлашаётган ўзбеклар кўпайди


Ўзбекистонда сўнгги саккиз йил ичида судларга мурожаат қилувчилар сони беш баробарга кўпайган.

Ўзбекистонда сўнгги саккиз йил ичида судларга мурожаат қилувчилар сони беш баробарга кўпайган.

Ўзбекистонда адлия тизимларига мурожаат қилаëтган фуқаролар сони кўпаймоқда. Кимдир буни ўзбеклар ўз ҳаққини танимоқда¸ дея изоҳласа¸ бошқалар буни ҳақсизликнинг янада авж олгани билан боғламоқда.

Vesti.uz интернет нашрининг Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафаевга таяниб ёзишича, ўтган йили мамлакат судларида 340 минг фуқаролик иши кўриб чиқилган ва уларнинг 96 фоизи даъвогар фойдасига ҳал қилинган.

Бу эса 2000 йил билан солиштирганда¸ беш баробарга кўпдир.

Бу маълумотдан ўзбеклар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши таний бошладилар, деган хулосага келиш мумкинми ёки бу аксинча мамлакатда қонунбузарликлар кўпайиб бораётганидан даракми?

Адвокат Рустам Тўлагановга кўра, ҳақиқатдан ҳам ўтган йилларга нисбатан мамлакатда фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайган.

- Жиноят ишлари бўйича ҳам шикоят жуда кўп, фуқаролик ишлари бўйича ҳам. Фуқаролик судига уй-жой¸ мерос бўйича кўпроқ мурожаатлар бўлаяпти. Яна уй-жой олди-сотди шартномалари борасида даъво аризалари кўпайган, дейди Рустам Тўлаганов.

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов фикрича, фуқаролар ўз ҳуқуқларини таний бошлаганликлари туфайли судларга мурожаатлар кўпайган.

- Ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг мулк масалалари бўйича¸ бошқа бир ўзаро можаролар бўйича судларга мурожаат қилиб¸ ўзларининг ҳуқуқларини аниқлаб олиш учун ҳаракат қилаëтганликлари мамлакатда ¸биринчи навбатда¸ фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг ўсганидан далолат беради.

Иккинчи навбатда¸ фуқаролар¸ айниқса, ëш авлод тобора давлатдан ўзини мустақил ҳис қилиб бораяпти.

Совет даврида бундай ҳуқуқий маданиятни кутмаслигимиз мумкин эди. Маълум бир ҳуқуқий маданият бор эди¸ лекин мулк талашиб¸ қандайдир бошқа бир моддий масалалар бўйича ҳуқуқларни аниқлаштириб олиш учун судларга мурожаат қилиш ҳолатларини биз камроқ кузатардик, дейди Суҳроб Исмоилов.

Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг кўпайиши фуқароларнинг ўз ҳақларини англай бошлаганига туртки бўлаётганини айтади.

- Ҳаëтимиздаги ижтимоий масалалар, иқтисодий муаммоларнинг чигаллашиши¸ қолаверса, бизнесга тааллуқли масалалар борасида одамлар ўз ҳақларини таний бошлаяптилар.

Албатта¸ улар ноҳақликка¸ адолатсизликка учрагандан кейин шу даражага етаяптилар. Лекин мониторинг натижаларига эътибор қилсак¸ бу озчилик қатлам орасида кузатилади, кенг омма ҳали ўз ҳуқуқларини тўла англаб етганича йўқ, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Қаршилик Нодир Аҳатов эса юқоридаги суҳбатдошлар фикрига қўшилмайди. Бу кузатувчи одамларнинг судларга мурожаати кўпайишини мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг янада кўпайгани билан боғлайди.

- Давлат томонидан фуқаролар ҳуқуқининг бузилиши¸ қонунларнинг бир-бирига зидлиги ва нотўғри сиëсат олиб борилаëтганлиги туфайли фуқаролар судга кўпроқ мурожаат қила бошладилар.

Масалан, президент Каримов 90- йиллар бошида фермерларга ерни 50-60 йилгача қайтиб олмаслик шарти билан берган эди. Лекин 2008 йилда унинг оптималлаштириш бўйича фармони чиқди. Шу боис жуда кўп фермерларнинг ери тортиб олиб қўйилди. Натижада 2008 йилда судга ариза берган, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилган фермерларнинг сони ниҳоятда ортиб кетди.

Бунинг биринчи сабаби¸ давлатнинг нотўғри сиëсат олиб бораëтганлигида¸ нотўғри қонунлар чиқараëтганлигида ëки шу қонунларга ўзи риоя қилмаëтганлигидадир, дейди Нодир Аҳатов.

XS
SM
MD
LG