Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:29

Фуқаролик жамияти хавф остида


Қирғизистон парламенти нодавлат ташкилотларининг сиёсатга аралашувини ва норозилик намойишларидаги иштирокини чеклаш мақсадида янги қонунни муҳокама этмоқда.
Қирғизистон парламенти нодавлат ташкилотларининг сиёсатга аралашувини ва норозилик намойишларидаги иштирокини чеклаш мақсадида янги қонунни муҳокама этмоқда.

Қирғизистонда президентлик сайловлари яқинлашар экан¸ ҳукумат мухолифат ва фуқаролик жамиятининг бу жараëндаги фаоллигини чеклаш уринишларини кучайтириб бормоқда.

Бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевдан "Нодавлат ташкилотлари тўғрисида"ги янги қонунни қабул қилиш жараёнини тўхтатишни илтимос қилдилар.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти Қирғизстон президенти Қурманбек Бакиевни мамлакатда қабул қилинган ва қабул қилиниши режалаштирилган янги қонунларнинг халқаро меъёрларга зид бўлмаслигини таъминлашга даъват этди.

Халқаро ташкилотни¸ айниқса¸ қирғиз парламентида муҳокама этилаётган “Нодавлат ташкилотлари тўғрисидаги қонун” хавотирга солган.

Бундан аввалроқ¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам бу борада ташвиш билдирган эди. Европа комиссияси эса қирғиз ҳукуматини мазкур қонун қабул қилинса¸ мамлакат ҳудудидаги фаолиятини тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Халқаро ташкилотларнинг эътирозларини инобатга олган ҳолда¸ Қирғизистон президенти котибияти парламентдан “Нодавлат ташкилотлари тўғрисидаги” қонун лойиҳаси муҳокамасини тўхтатишни илтимос қилган.

Бироқ қирғиз парламенти бу илтимосга ҳозирча расмий жавоб қайтаргани йўқ. Қонун муаллифлари эса Ҳюман Райтс Уотч, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа комиссияси хавотирларига асос йўқлигини маълум қилмоқдалар.

Қонун муаллифларига кўра, айни пайтда Қирғизистонда 20 мингдан ортиқроқ нодавлат ташкилотлари мавжуд ва шу боис¸ улар фаолиятини назорат қилиш имконини берувчи қонунга эҳтиёж туғилмоқда.

Қонун муаллифи бўлган уч депутатдан икки нафари бу назорат нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш мақсадида эмас, балки уларни ривожлантириш, ҳукумат томонидан кўмак кўрсатиш мақсадида амалга оширилишини билдирди.

Бироқ қонуннинг учинчи муаллифи бўлган депутат, Қирғизистон Коммунистлар партияси раиси Исҳоқ Масалиев нодавлат ташкилотларини назорат остига олишдан кўзланган мақсад сабабларини бошқачароқ изоҳлади:

- Хориж давлатлари томонидан молиялаштириладиган нодавлат ташкилотлари фаолияти менга ёқмайди. Ростини айтсам, қонундан кўзланган асосий мақсад уларни сиёсатга аралаштирмасликдир, деди Исҳоқ Масалиев.

Қирғизистон Коммунистлар партияси раҳбари бу фикрини Вашингтондаги “Нотижорат ташкилотларига оид қонунлар халқаро маркази” баёнотидан сўнг билдирди. Мазкур марказ ўз баёнотида Қирғизистон ҳукумати янги қонун билан барча нодавлат ташкилотларини сиёсий жараёнларда иштирок этиш ва уларни кузатиш ҳуқуқидан маҳрум қилаётганини танқид қилган эди.

Бишкекдаги “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раҳбари Динара Аширахуновага кўра, иқтидордаги расмийлар кейинги йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига тайёргарлик доирасида мана шу қонунни ишлаб чиққанлар.

- Бу қонун президентлик сайловларига тайёргарликнинг бир қисмидир. Бундан асосий мақсад¸ нодавлат ташкилотларини сайлов жараёнини кузатиш ва унда иштирок этишдан маҳрум қилишдир. Иқтидордаги расмийлар, жумладан, президент Қурманбек Бакиев, президент маъмурияти раҳбари Дониёр Усенов ва Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаровлар мухолифатда бўлган пайтлари сайлов жараёнини баҳолашда фақат нодавлат ташкилотларига таянганлар. Бугунги кунда эса, улар ўзлари фойдаланган тузилмадан бошқаларнинг фойдаланишига қаршилик қилаётирлар, дейди Динара Аширахунова.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилотининг Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевга йўллаган мурожаатида айтилишича, “Нодавлат ташкилотлари тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши бу мамлакатдаги сўз эркинлиги ва демократик жамиятнинг бошқа тамойилларига қаттиқ зарба беради.

Шу сабабли ҳам Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти мазкур қонунни Европа Кенгаши қошидаги Венеция комиссияси экспертизасидан ўтказишни таклиф этган.
XS
SM
MD
LG