Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Душманимнинг душмани...


Эрон ҳукумати ўтган ҳафта Теҳронда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинидан ҳам ўзига сиëсий таянч қозониш мақсадида фойдаланишга уринди.
Эрон ҳукумати ўтган ҳафта Теҳронда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинидан ҳам ўзига сиëсий таянч қозониш мақсадида фойдаланишга уринди.

Куни-кеча Теҳронда учрашган юқори даражали Ўзбекистон ва Эрон дипломатлари¸ бир-бирларига мулозамат қила туриб¸ Ғарбни ўз танқидлари нишонига айлантирдилар.

14 март куни Теҳронда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Солиҳбоев Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий билан учрашди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Солиҳбоев билан сўзлашув чоғида, Ғарбни экстремизм ва наркотиклар муаммосига нотўғри ёндашаётганликда айблади.

Бу ҳақда хабар қилган ИСНА ахборот агентлигига кўра, Муттақий бунинг оқибатида, минтақада экстремизм ва наркотиклар ноқонуний савдосига оид вазият янада кескилашаётганини таъкидлаган.

Ўз навбатида¸ вазир ўринбосари Солиҳбоев эронлик ҳамкасбининг фикрига қўшилган ҳолда, Ғарбнинг номақбул сиёсати туфайли Марказий Осиёда экстремизм ва наркотиклар муаммосига оид хавотирлар янада кучайганини урғулаган.

Эроннинг Ғарб, хусусан, Қўшма Штатлар билан муносабатларидан келиб чиқиб, Теҳрон расмийсининг фикрларини тушунса бўлади. Лекин ҳозирда Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари илиқлашиб бораётгани инобатга олинса, Тошкент расмийсининг позициясини тушуниш қийин, демоқда кузатувчилар.

Россиядаги РИА Новости агентлигининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Санобар Шерматова икки мулозим учрашувининг аҳамияти баланд бўлмагани каби, унда қилинган баёнотлар ҳам ҳеч нарсани англатмайди, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Бу шунчаки, ўзаро мулозамат учун қилинган баёнотлардир. Бир томондан¸ Эрон ўзига нисбатан "ёвузлик ўқи" мамлакатларидан бири сифатида қилинаётган муносабатдан ҳафсаласи пир бўлиб келмоқда, бошқа томондан Ўзбекистон ҳам Андижон воқеаларида Ғарб махсус кучларини айблаган эди.

Шу сабабдан улар, бошқа айтарли гап бўлмагани боис, ўзларини бирлаштирувчи нуқтани топиб олган кўринади.

Биласизми, сиёсатда мавжуд тенденциялардан бири ана шундай нуқтани топиш учун умумий душман топиб олишдан иборат.

Эрон билан Ўзбекистон мисолида эса, фараз қилинган бу умумий душман Ғарб, дейиш мумкин¸ дейди Санобар Шерматова.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўрта даражадаги мулозимидан чиққан бу гаплардан кейин Тошкент билан Теҳрон аксил ғарб коалициясига бирлашади, демаган бўлардим, деб қўшимча қилади таҳлилчи.

Айтиш жоиз, Тошкент ва Теҳрон мулозимлари учрашувида Ғарбга нисбатан янграган танқидларга оид тафсилотларини фақат Эрон агентликлари эълон қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” агентлиги хабарида икки мулозим минтақа хавфсизлиги, жумладан, Афғонистондаги вазият ва террорчиликка қарши кураш муаммоларидан ташқари, транспорт ва коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Малик Абдураззоқов, Тошкент билан Теҳрон ўртасида бундай ҳамкорлик истиқболларини кўрмаслигини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистон-Эрон муносабатлари ҳақида мен умуман ҳеч нарса дея олмайман. Чунки ҳеч қанақа манфаат йўқ. Иқтисодий нуқтаи назардан Ўзбекистон Эрондан нима сотиб олиши мумкин?

Эрон Ўзбекистондан химия саноати бўйича айрим маҳсулотлар сотиб олиши мумкин. Эроннинг бизга мевалари келади.

Қаранг Афғонистон тўғрисида Ўзбекистон “унақа қилиш керак¸ бунақа қилиш керак” деб таклиф қилади. Эроннинг Афғонистонга таъсири йўқ.

Афғонистонда битта томонга жуда ҳам қаттиқ қарашади. Эрон шиа мамлакат¸ Афғонистон эса сунний. Биз дунëвий давлатмиз. Уларда жуда қаттиқ бу нарса. Бошқа давлатларга таъсирини ўтказиш нимаси бор.

Агар Эрон кучли давлат бўлганда ҳам¸ Афғонистонга салбий таъсири бўлиши мумкин. Эроннинг ижобий таъсири¸ умуман ҳеч қанақа таъсири бўлиши мумкин эмас¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Санобар Шерматова эса, Ўзбекистон-Эрон муносабатлари истиқболлари кенг бўлмаса-да¸ ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар йўқ эмас, дейди.

- Ҳамкорлик имкониятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай имкониятлар бор, албатта. Масалан, Ўзбекистон учун транзит соҳасида Эрон билан ҳамкорлик қилиш, айниқса, Туркманистон билан алоқалари яхшиланаётгани инобатга олинса, манфаатлидир.

Биласиз, Туркманистонни Эрон билан боғловчи темир йўли бор. Бу эса¸ Ўзбекистон учун океанга чиқишнинг осон йўли деганидир.

Лекин менимча, Ўзбекистоннинг Эрон билан муносабатлар ҳароратини кўтаришига яна бир муҳим сабаб бор. Эрон Тожикистонда Роғун ГЭСи лойиҳаси учун асосий сармоядор сифатида, кўрилади.

Кейинги пайтларда Тожикистон бу ҳақда кўп гапираяпти. Тошкентнинг Роғун масаласидаги позициясини¸ биласиз.

Бу вазиятда эса, Ўзбекистон Эрон билан сўзлашувлар ўтказиб, масалага оид ўз мавқеини билдириб қўйиши Тошкент учун муҳимдир.

Айтмоқчиманки, сув заҳираларига оид тортишувлар Марказий Осиёдаги дипломатия ва сиёсат жараёнларини белгиловчи асосий омилга айланиб бормоқда¸ дейди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG