Линклар

logo-print

Пахтакорликка маҳкум болалар

  • Барно Анвар

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистондаги болалар меҳнати масаласи аслида катта муаммолар занжирининг бошидаги муаммо¸ холос.

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистондаги болалар меҳнати масаласи аслида катта муаммолар занжирининг бошидаги муаммо¸ холос.

Ўзбекистон иқтисодида туб ислоҳотлар бўлмас экан¸ мамлакат ўз пахтачилигини ҳозирги суръатда ушлаб туриш учун болалар меҳнатидан фойдаланишга маҳкум¸ деган хулосага келди яна бир нуфузли тадқиқот гуруҳи.

Ҳар йили Ўзбекистонда 2 миллион 700 мингга яқин ёш бола пахта теримига мажбуран жалб қилинади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Осиё ва Африка тараққиёт институти “Дунё кўзидан панада: Ўзбекистон пахтачилигида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш тадрижи” сарлавҳаси остида эълон қилган ҳисоботида айни рақамни келтирди.

Тадқиқотчилар мамлакатнинг 6 та тумандаги мактаблар мисолида ҳар пахта мавсумида ўқувчиларнинг 86 фоиздан кўпроғи 51 кундан 63 кунга қадар мажбурий меҳнатга жалб қилинишини кузатган.

100 дан ортиқ ўзбекистонлик ўқувчи, ўқитувчи ва кузатувчилар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида келинган хулоса шуки, Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланаётганини турфа йўллар билан инкор қилаётган бўлса-да, аслида болалар меҳнатисиз пахтани йиғиб олишга қодир эмас.

Ана шу тадқиқот мазмуни, хулосаси ва у асосда Лондондаги тадқиқотчиларнинг Ўзбекистон ҳукуматига берган тавсиялари ҳақда Осиё ва Африка тараққиёт институти илмий ходими, социолог Алишер Икромов билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Алишер ака, бизга аввало, социологик тадқиқотнинг кўлами ҳақида гапириб берсангиз. Бу тадқиқот айнан қайси туманларда, қанча мактаб мисолида ўтказилди?

Алишер Илҳомов:
Бу тадқиқот Ўзбекистондаги 6 та районда сифат методи асосида олиб борилди. Бу районларда мавзу ва вазиятдан келиб чиқиб, танланган 100 дан ортиқ респондент билан суҳбатлар ўтказилди. Лекин Ўзбекистондаги бугунги сиёсий режим табиатидан келиб чиқиб, мамлакат ичкарисида иш олиб борган ҳамкорларимиз, уларнинг суҳбатдошлари ва манзиллари сир тутилмоқда.

Албатта, бу тадқиқот асосида аниқланган маълумотлар мазмуни кенг жамоатчилик учун сир эмас. Аммо бу Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланиш устида ўтказилган илк илмий-академик тадқиқотлардан бири сифатида эътиборли, деб ҳисоблайман.

Озодлик: Алишер ака, ўзингиз айтмоқчи, Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши кўп йиллардан бери кузатилмоқда, танқид қилинмоқда. Сўнгги икки-уч йил ичида эса танқид оҳанги янада кучайди. Аммо, Ўзбекистон расмийлари буни муттасил инкор қилади ва бунга сўнгги изоҳлардан бири яқинда: “Ўзбекистонда пахтачилик хусусийлаштирилган, болаларни далага фермерлар чиқараяпти” деган мазмунда янгради. Аслида вазият қандай экан, сизнинг ҳамкасбларингиз ўтказган кузатувга кўра?

Алишер Илҳомов: Ўзбекистон ҳукуматининг бу масаладаги позицияси жуда зиддиятли. Мисол учун, ўтган йили болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни таъқиқловчи ҳужжатлар имзоланди. Ҳатто, шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёев болаларни пахта даласига қўймаслик тўғрисида фермерларга оғзаки буйруқ бергани ҳақида ҳам хабарлар бўлди. Болалар мавсум бошида пахтага чиқарилмади ҳам.

Аммо мавсум бошидан 10-15 кун ўтиб, улар барибир пахтага чиқарилди. Ўзбекистонда болалар меҳнатисиз пахтани йиғиб олиш жуда қийин. БМТнинг Женевада ўтган муҳокамаларида жаноб Акмал Саидов болаларни фермерлар ишлатаяпти, деган гапни тилга олганига балки шу мажбурият туртки бўлгандир. Бироқ, бу фермерлар эски колхоз ва ширкат раҳбарлари, уларни бунга мажбур қилаётган омил эса собиқ совет замонидан кейин деярли ўзгаришсиз қолган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимидир.

Озодлик: Алишер ака, шу каби мазмунда ўнлаб халқаро ташкилотлар, қолаверса, Ғарб ҳукуматлари мана неча йилдирки Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилиб келмоқда. Аммо вазият ўзгаргани йўқ. Болалар ҳануз пахта даласида. Яна қачонгача бу вазият давом этиши мумкин? Уни ўзгартиришга хизмат қиладиган тавсиялар бўлдими, институтингиз тадқиқоти натижасида?

Алишер Илҳомов: Тадқиқотнинг асосий хулосаларидан бири шуки, Ўзбекистондаги болалар меҳнати масаласи аслида катта муаммолар занжирининг бошидаги муаммо. Миллионлаб аҳолиси ташқарига пул излаб чиқиб кетгани боис, Ўзбекистон ҳукумати болаларни ишлатишга мажбур бўлмоқда. Токи, миллионлаб одам юртга қайтарилиб, нормал маош эвазига аграр соҳадаги ишларга жалб қилинмас экан, болалар меҳнатидан воз кечишнинг имкони бўлмайди.

Бу йил БМТ нинг Женевадаги эшитувларида Ўзбекистонда болалар эксплуатацияси муаммосини дунёнинг 11 дан зиёд давлати кўтарди. Қатор нуфузли савдо ташкилотлари Ўзбекистонга бойкот эълон қилган. Яъни, танқидлар оҳанги вақт ўтган сайин жиддийлашмоқда. Шундай экан, Ўзбекистон ҳукумати имкон қадар тезроқ болалар меҳнатидан воз кечиши ва аграр соҳа, айниқса, пахтачилик соҳасида зарур ислоҳотларни ўтказиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG