Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:10

Олий суд собиқ раиси оқланди


Покистон Олий суди собиқ раисининг ўз лавозимига қайта тикланиши¸ нафақат Чаудҳурий¸ балки унинг ўн минглаб тарафдорлари томонидан ҳам байрам қилинмоқда.
Покистон Олий суди собиқ раисининг ўз лавозимига қайта тикланиши¸ нафақат Чаудҳурий¸ балки унинг ўн минглаб тарафдорлари томонидан ҳам байрам қилинмоқда.

Покистон ҳукуматининг Олий суд собиқ раиси Ифтихор Муҳаммад Чаудҳурийни лавозимида тиклагани мамлакат бўйлаб зўравонликлар бошланиши олдини олди ва умуммиллий норозиликни байрамга айланиб юборди.

Покистонликлар Бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний эълон қилган янгиликни якшанбадан бери кутаётган эди.

- Покистон президенти ва камина ўз номимдан, ишдан четлатилган барча ҳакамлар, жумладан, Ифтихор Муҳаммад Чаудҳурийнинг ўз лавозимига тикланишини эълон қиламан. 21 март куни Олий суднинг жорий раиси Абдул Ҳамид Дўғар истеъфога кетганидан кейин, судья Ифтихор Муҳаммад Чаудҳурий Олий суд раислиги вазифасига киришади. Бунга оид билдиршнома дарҳол эълон қилинади, деди Бош вазир.

Бу хабар бутун мамлакат бўйлаб шодиёналарнинг бошланишига сабаб бўлди. Мухолифат етакчиси Навоз Шариф пойтахт Исломободда ўтказилиши керак бўлган намойишларни ҳам бекор қилди.

Мухолифат фаоллари режалаштирган пойтахтга қараб юриш акцияси зўравонликка айланиб кетиши мумкинлигига оид хавотирларни келтириб чиқарган эди.

Мустақил фикрловчи суд раиси сифатида танилган Чаудҳурий ва яна 60га яқин ҳакам 2007 йил ноябрида Покистонда фавқулодда вазият эълон қилиниши ортидан, собиқ президент Парвез Мушарраф томонидан ишдан олинганида адвокатлар ҳаракатининг тимсолига айланган эди.

Якшанба куни Чаудҳурийнинг суд раислигига тикланишини унинг уй олдига тўпланган адвокатлар ва сиёсий фаоллар ҳам олқишлар билан кутиб олди.

Исломободдан келган хабардан халқаро ҳамжамият ҳам енгил тортди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук, Нью Йорк Таймсга берган суҳбатида, “президент Осиф Али Зардорий қарори давлат арбобига лойиқ қарор бўлгани ва хатарли қарама-қаршиликни бартараф этганига” умид қилишини таъкидлади.

Ҳолбрук АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд билан биргаликда Покистон етакчиларини қарама-қаршиликдан воз кечишга кўндиришда асосий рол ўйнагани айтилмоқда.

Ўтган ойда Олий суднинг собиқ Бош вазир ва мухолифат етакчиси Навоз Шарифнинг сайловда иштирок этишини таъқиқлаб қўйгани Покистондаги сиёсий таранглашувга сабаб бўлган эди. Бу таъқиқ Шарифнинг укасига ҳам жорий қилинди.

Суд ҳукми мамлакатнинг аҳоли жиҳатидан энг катта бўлган Пунжаб вилоятида ҳокимиятидан четлатилган Покистон Мусулмонлар Лигасининг Навоз Шариф қанотига қимматга тушди.

Бундан ташқари, айни ҳукм Навоз Шариф партияси ва иқтидордаги Покистон Халқ Партияси ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтириш билан биргаликда адвокатлар ҳаракати норозилигининг ошишига ҳам сабаб бўлди.

Якшанба куни Шариф уй қамоғига олинганига қарамасдан, ўн минглаб намойишчиларни Исломободга бошлади.

Бош вазир эълон қилган янгилик олқишлар билан кутиб олинганига қарамасдан, Чаудҳурийнинг матбуот вакили Атҳар Миналлоҳ сиёсий таранглик узил-кесил бартараф қилингани ҳақида гапириш эрта, дейди.

- Агар бу қарор ортида қандайдир алдамчи ниятлар бўлса, бундай бўлмаслигига умид қиламан, лекин агар бу ерда Парвез Мушарраф 2007 йилнинг 9 мартида парламент воситасида эришмоқчи бўлган ниятлар каби режалар тузилган бўлса, ёки бу қарор шунчаки номига қабул қилинган бўлса, бундан мамлакатимиз аҳолисининг ҳафсаласи пир бўлади, деди Чаудҳурийнинг матбуот вакили.

Покистондаги сиёсий кучлар энди ҳукуматни миллий манфаатларга оид масалаларда муросага эришишга чақирмоқда. Бу муаммоларга Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги толибон ва Ал-Қоида жанггарилари ва Покистоннинг инқироз ёқасига келиб қолган иқтисодига оид масалалар киради.

Покистонда янги сиëсий зиддиятнинг олди олинганига бозор ҳам ижобий муносабат билдирди ва душанба кунги қарордан кейин Карачи биржасидаги асосий кўрсаткичларда ўсиш кузатилди.
XS
SM
MD
LG