Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:56

Қора қозон, миллий стратегия ва таблетка


Ўзбекистонлик аёлларнинг айтишларича, айрим оилаларда бир ойда бир кило гўшт ейилади.
Ўзбекистонлик аёлларнинг айтишларича, айрим оилаларда бир ойда бир кило гўшт ейилади.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда уч миллион олти юз минг одам тўйиб овқатланмайди. Молиявий инқироз туфайли эса қора қозоннинг қайнаши янада қийинлашди.

Жиззахлик Насиба ая минглаб ўзбеклар сингари қора қозонини бир амаллаб қайнатаётганига шукур қилади.

Насиба ая: Қозонимиз эл қатори қайнаб турибди. Ҳозир ҳамма ҳам қийналиб қолган.

Озодлик: Эл қатори қайнаяпти, деганингиз қандай?

Насиба ая: Масалан, одамлар гўштга тўймайди. Кўпчиликка¸ айниқса қишлоқ жойларида жуда ҳам қийин.

Озодлик: Масалан, сизнинг уйингизда қандай овқатлар пишади?

Насиба ая: Энди, топилгани... Одамлар топганини пишириб ейди. Унинг устига қимматчилик.

Озодлик: Масалан, сизларнинг уйда ош неча кунда пишади?

Насиба ая: Ошми?.. Бир ҳафтада ëки икки ҳафтада бир марта қиламиз.

Озодлик: Умуман ҳафтасига неча кун гўштли таомлар ейсизлар?

Насиба ая: Гўштли овқатлар жуда кам бўлади. Бизда ҳар қалай пишиб туради. Кўп оилаларда, масалан, ойлаб гўшт емаган кунлар ҳам бўлади. Чунки гўшт қиммат.

Озодлик: Гўштнинг нархи қанча бўлди ҳозир?

Насиба ая: 5500 сўм¸ 6000 сўм. Оддий оилаларга¸ шунингдек, фақат ойликка қараб қолганларга жуда ҳам қийин.

“Музлатгич гўшт билан тўлиб турар эди”

Хоразмлик Роза опа оиласи ўртаҳол оилардан ҳисобланади. Роза опа айни пайтдаги аҳволни собиқ Иттифоқ даври билан таққослайди.

Роза опа: Аввалги вақтларда музлатгичлар гўшт билан тўлиб турар эди. Ҳозир эса зўрға бир кило гўшт оламиз. Жуда бўлмаса бир ҳафта ейилади, шу бир кило гўшт. Кўпчилик бир ой ейди, бир кило гўштни.

Ош деган таом танқис бўлиб қолди, биз томонларда. Бозорларда гуруч қиммат. Аввалгидай ҳар икки кунда ош дамлаш йўқ.

Авваллари бизлар конфетларни яшиқлаб олар эдик. Биз болаларимизни фақат гўшт ва конфет билан боқардик. Бугун невараларга бу каби нарсалар қаёқда дейсиз. Топсак ейди, топмасак йўқ...

Авваллари дўконларда ëғ¸ гўшт¸ балиқ арзон нархда бўларди. Олиб ердик. Ҳозир унақа нарса йўқ.

Озодлик: Ҳозир балиқ еб турасизларми?

Роза опа: Ҳозир балиқ бир йилда бир марта ëки икки марта ейилар. Қимматку балиқ.


Тиббий маълумотларда айтилишича, киши бошига бир кунлик овқатланиш рациони 2100 – 2400 калорияни ташкил этиши лозим. Бунинг ичида гўшт ва сут маҳсулотлари албатта бўлиши шарт.

Бироқ тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдуллага кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда аксар оилалар талаб даражасида овқатланмайди.

-Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси еяётган овқатларнинг калорияси 800-1200 атрофида, дейиш мумкин. Эрталаб нон-чой¸ озгина ширинликлар¸ макарон шўрва¸ кечқурунга қараб яна қуюқроқ овқат.

Бу халқаро меъëрларда кўрсатилган норманинг фақатгина ярмига чиқа оладиган даражадаги калориядир¸- дейди Суҳбат Абдулла.


Овқатланишни яхшилаш учун таблетка тарқатилади


Ўзбекистонда 2009-2011 йилларга мўлжалланган овқатланишни яхшилаш бўйича миллий стратегия ҳаётга тадбиқ этила бошланди.

Хўш, овқатланишни яхшилаш бўйича миллий стратегия аҳолининг камбағал қатламига қандай ёрдам бера олади? Эндиликда ўзбекнинг қора қозони қайнаши яхшиланадими?

Айни саволга жавоб олиш мақсадида бир қанча вилоят ҳокимликларига сим қоқдик. Афсуски саволимизга ҳеч қаердан жўяли жавоб ололмадик.

Жиззах вилоят ҳокимлигида айни миллий стратегия билан шуғулланувчи мутасаддини топиб бера олишмади.

Наманган шаҳар ҳокимилиги ходими эса қисқа жавобдан нарига ўтмади:

- Бу бўйича ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари шуғулланаяпти. Бу борада керакли ҳужжатлар қабул қилинган. Иш олиб борилаяпти,-деди ҳокимлик вакили.

Овқатланишни яхшилаш бўйича уч йилга мўлжалланган миллий стратегия жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистон вазирлар маҳкамасида маъқулланган.

Ҳукуматга қарашли “Правда Востока” газетасининг ёзишича, мазкур миллий стратегиядан мақсад аҳоли орасида кам овқатланиш натижасида келиб чиқадиган камқонлик, бўқоқ, сил каби касалликлар олдини олиш.

Овқатланишни яхшилаш миллий стратегиясига мувофиқ, эндиликда мамлакатдаги 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларига таркибида темир ва фолий кислотаси бўлган таблеткалар тарқатилади.

Шунингдек, унни бойитиш, тузни йодлаш, пахта ёғини А витамини билан бойитиш каби тадбирлар давом этдирилади.
XS
SM
MD
LG