Линклар

Кўмир¸ ўтин ва тезакдан қутулиш пайти келди


Тожик экологлари аҳолини қазиб олинадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг саломатликка зарар етказишидан огоҳлантирмоқдалар.

Тожик экологлари аҳолини қазиб олинадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг саломатликка зарар етказишидан огоҳлантирмоқдалар.

Тожик экологлари муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали табиатни муҳофаза қилиш ва мамлакатни энергетик қарамликдан қутқаришни таклиф этмоқдалар.

Тожикистон экологлари углеводородлар ва бошқа қазиб чиқарилувчи энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартиш таклифи билан чиқишди.

Экологлар энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш вақти етганлигини таъкидламоқда.

Республика аҳолисининг cўнгги йилларда атроф-муҳитга катта зиён келтирадиган кўмир, ўтин ва тезакдан ўта кўп миқдорда фойдалана бошлагани экологлар ташвишига сабаб бўлган.

Республикада фаолият юритаётган “Кичик Ер” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Тимур Идрисовнинг айтишича, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланишга ўтиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши бўлмоғи зарур.

- Биз республика ҳукуматига кўмир, мазут, керосин, газ каби энергия берувчи манбалардан воз кечишни таклиф қилмоқдамиз.

Мамлакатда кўмир саноатини ривожлантириш борасида давлат дастури амал қилмоқда. Бу дастур ҳам давлат томонидан молиявий таъминланмаслиги керак.

Мазкур энергия воситалари атроф муҳитни ифлослантирмоқда. Одамлар саломатлигига зарар етказиляпти.

Улар ўрнига¸ кам ҳаражатли кичик ГЭСлар қуриш, қуёш батареяларни ўрнатиш, шамолдан электр энергия олишни йўлга қўймоқ лозим, дейди Тимур Идрисов.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашларича, мамлакатдаги энергия тақчиллигининг ҳукуматни яқин орада кўмир соҳасини ривожлантиришдан воз кечишига имкон бериши даргумон.

- Айтайлик, бугун биз кўмир ва бошқа углеводородлардан фойдаланишдан воз кечамиз. Бунинг ўрнига аҳолига нима таклиф қиламиз?

Ахир¸ кичик ГЭСлар ва қуёш батареяларини қисқа муддатда қуриб, фойдаланишга топшириш мушкил. Одамларга эса чироқ ва иссиқлик бугун керак, дейди “Тожикглавгидромет” корхонаси вакили Мусабия Маҳмадалиевa.

Хўжанддаги “Сўғд нав овар” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нўъмон Ҳасанов фикрича, аҳоли орасида муқобил энергия афзалликлари ҳақида тушинтириш ишлари олиб борилиши лозим.

- Одамлар муқобил энергия ҳақида маълумотга эга эмас. Шунинг учун тандир, «буржуй” печи, сандал, керосин лампаларига нисбатан кўпроқ иссиқлик берадиган, хонадонларни чароғон қиладиган воситалар борлиги хақида уларга тушунтиршимиз лозим.

Масалан, қуёш батареяларини олсак. Тўғри, бундай ускуналар қиммат, лекин бирорта қишлоқда ўрнатилиб, унинг афзаллиги намойиш қилинса, бу бошқаларни ҳам қуёш батареяларидан фойдаланишга ундаши мумкин.

Давлат ва маҳаллий ҳукуматлар бундай лойиҳаларни қўллашга қодир эмас. Бироқ жамотчиликнинг имкониятлари, ниҳоят халқаро ташкилотлар ёрдамида бундай ускуналарни ўрнатиш мумкин, дейди Нўъмон Ҳасанов.

Мутахассисларга кўра, йирик ГЭСларни бунёд этишга мамлакатнинг қурби етмаяпти ва бунинг оқибатида Роғун ҳамда Сангтўда ГЭСлари қурилиши ўнлаб йилларга чўзилиб кетмоқда.

Бундан ташқари бу каби йирик гидроиншоотлар қурилиши қўшни Ўзбекистон билан муносабатларнинг совуқлашувига сабаб бўлаётир. Расмий Тошкент Роғун ГЭСининг қурилиши минтақа экологиясига катта зарар етказишини даъво қилаётри. Расмий Душанбе эса¸ бу айбловни рад этиб келмоқда.

Сўғдлик кузатувчи Абдувосит Салимзоданинг айтишича, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш давлат сиёсатига айлантирилса, қўшни давлатлар билан муносабатлар яхшиланади, шунингдек, муқобил энергия олиш қурилмалари йирик иншоотларни барпо этишдан кўра камроқ маблағ талаб қилади.

- Ҳукумат раҳбарларининг ниятини тушунса бўлади. Улкан гидроиншоотларни қуришдан мақсад, энергетик жиҳатдан қўшниларга тобеъ бўлмаслик ва бу соҳада бошқалардан устун бўлишдир.

Лекин бу иншоотлар қачон қуриб битказилиши, қачон ишга туширилиши номаълум. Аҳоли эса¸ энергия манбалари етишмаётганидан азоб чекмоқда, дейди Абдувосит Салимзоданинг

Унга кўра, бу масалада, олма пиш¸ оғзимга туш қабилида иш тутиб бўлмайди. Тожикистонда аллақачон энергиянинг муқобил манбаларини ишлаб чиқарувчи кичик ГЭСлар, қуёш батареяларидан фойдаланилмоқда. Лекин бундай қурилмалар Тожикистон ҳудудида бармоқ билан санарли.

- Чунки аҳолининг асосий қисми, “фуқароларни энергия билан таъминлаш давлатнинг вазифаси”, деган тушунча билан яшамоқда. Лекин республикада энергетик тақчиллик яқин йилларда ҳал этилмайди. Шунинг учун муқобил энергия воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун халқнинг ўзи ташаббус кўрсатмоғи керак, дейди Абдувосит Салимзода.
XS
SM
MD
LG