Линклар

Қирғизлар Ҳолливудни забт этмоқчи


Қирғиз киночилари Ҳолливуд билан бошланиши кутилаëтган ҳамкорлик натижасида¸ битмай келаëтган улкан кинолойиҳаларни амалга оширишга умид қилмоқдалар.

Қирғиз киночилари Ҳолливуд билан бошланиши кутилаëтган ҳамкорлик натижасида¸ битмай келаëтган улкан кинолойиҳаларни амалга оширишга умид қилмоқдалар.

Франция ва Германия киночилари билан ҳамкорликда Европа ва Америка томошабинлари мақтовига сазовор бўлган филмларни ярата олган қирғиз киночилари энди Ҳолливуд "панжасига панжа урмоқ"чилар.

Ҳолливуд “Қирғизфилм”ни Осиёдаги таянч базасига айлантиради ва қирғиз эпосларини экранлаштиради. Бу ҳақда Ҳолливуд таклифи билан АҚШга борган Қирғизистон Маданият ва ахборот вазири Султон Раев маълумот берди.

Қирғизистон Маданият ва ахборот вазирлиги кино бўлими бошлиғи Абибилла Пазиловнинг айтишича, Ҳолливуд продюсерлари музокаралар ўтказиш учун қирғиз киночиларини Америкага таклиф қилганлар.

- Қирғизистон давлат раҳбари номига Ҳолливуд продюсерларидан хат келган. Бу хатда қирғиз киночилари делегациясини АҚШга жўнатиш илтимос қилинган.

Советлар даврида қирғиз киноси жаҳонга танилган ва “қирғиз киноси феномени” деган атама ҳам пайдо бўлган эди. Ўша даврларда қирғиз киночилари билан танишган Ҳолливуд продюсерлари анчадан бери биз билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтиб келишар эди, дейди Абибилла Позилов.

Қирғизистон делегацияси 10 кун давомида Ҳолливудда бўлди ва у ердаги кинокомпаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Қирғизистон Маданият ва ахборот вазири Султон Раевнинг айтишича, “ХХ аср фокс” компанияси президенти Стенфорд ва таниқли продюсерлар Питер Синегал ва Габриэл Грифтерлар қирғиз эпосларини экранлаштириш масаласини кўтарганлар.

- Улар қирғиз эпосларини экранлаштириш ва қирғиз киночилари билан ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокамага қўйдилар. Бу йўналишдаги музокаралар яна давом этади. Чунки жуда кўп масалаларни ҳал қилиш лозим бўлади.

Айни пайтда¸ Ҳолливуд “Комбат” филмининг навбатдаги қисмини Қирғизистонда суратга олишга қизиқмоқда. Маълумки бу филм Ҳолливуд тарихидаги энг катта лойиҳалардан бири ва бу филм намойишларидан 4 миллиард доллар йиғим олинган, дейди Султон Раев.

Вазирнинг айтишича, Ҳолливуддаги музокаралар пайтида “Қирғизфилм” ширкатини замонавий кинотехника воситалари билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

- Ҳолливуд “Қирғизфилм”ни Осиёдаги таянч базасига айлантиришни таклиф қилмоқда. “Қирғизфилм” Ҳолливуд томонидан энг замонавий кинотехника билан таъминланади.

Бугунги кунда Ҳолливуд турли мамлакатларда кинолар олиш дастурлари устида ишламоқда. “Қирғизфилм” ана шу лойиҳанинг бир қисми бўлади, дейди Султон Раев.

Қирғизистон делегацияси таркибида Ҳолливудга борган машҳур қирғиз кинорежиссёри Болот Шамшиев эса, сафар чоғида бир қатор машҳур киноюлдузлар билан суҳбатлашганини айтди. Бу суҳбатлар чоғида Ҳолливуд билан ҳамкорликда суратга олиниши назарда тутилаётган “Қурмонбек” эпоси ҳақида сўз борган.

- Бу қирғизларнинг биринчи мюзикли, эпик мюзикли бўлади. Айни пайтда унинг сценарийси тайёр бўлган. Ҳолливуд кино юлдузи Кери Тагава ҳам бу филмда иштирок этиш ниятини билдирди, дейди Болот Шамшиев.

Бундан тўрт йил муқаддам Хитой киночилари қирғиз эпосларини экранлаштириш лойиҳасини бошлаган эди. Бироқ бу лойиҳа амалга ошмай қолиб кетди.

Шундан келиб чиқилса, қирғиз киночиларининг миллий эпосларни Ҳолливуд ҳамкорлигида экранлаштириш борасидаги амбициялари қанчалик амалга ошиши мумкин?

Қирғизистон Маданият ва ахборот вазири Султон Раевга кўра, Хитой киночилари қирғиз эпосларини экранлаштириш лойиҳасини бошлаш арафасида қабул қилиб бўлмас шартларни қўйганлар.

Султон Раев Ҳолливуд продюсерлари ҳозирча бундай шартларни қўймаганлари ва қирғиз тарафининг таклифларини инобатга олган ҳолда ҳамкорлик қилишга мойил эканини айтди.
XS
SM
MD
LG