Линклар

Наврўз келди оламга...

  • Гулнора Равшан

Бодом ва ўрик гуллагани табиатда янги йил бошланаëтгани даракчиси каби кўрилади.

Бодом ва ўрик гуллагани табиатда янги йил бошланаëтгани даракчиси каби кўрилади.

Кўклам келиб марказий осиëликлар дастурхонида кўк сомса, бўғирсоқ ва сумалаклар пайдо бўлди - жорий иқтисодий қийинчиликларга қарамай минтақа аҳли қурби етганича¸ Наврўзи оламни нишонлашга киришди.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар сингари Тожикистонда ҳам Наврўз ўтган асрнинг 90- йиллари бошида расман нишонлана бошланди.

Гарчи Наврўз 21 март куни нишонлансада, байрамга ой бошидан тараддуд кўрила бошланади.

Қишлоқликлар қир-адирларда, анҳор бўйларида униб чиққан ялпизлардан кўк сомса қилиб ейиш баробарида, ялпизларни шаҳарликларга етказиб беришади.

Авваллари ялпизлар ва исмалоқлар савоб учун, “кўкка оғзи тегсин” қабилида текин тарқатилган бўлса, бугунги кунда кўклар бозорларда сотилади.

70 баҳорни қаршилаган Ҳанифахон ая эсини танибдики, Наврўзни, ўзининг таъбири билан айтганда “йил боши” ни нишонлаб келган.

Шўролар даврида Наврўз байрамига диний тус берилгани учун Ҳанифахон ая ҳам бошқалар сингари бу байрамни яширинча нишонлаган.

- Аммо бугун омон - омон замонларга етиб, Наврўзни нишонлаш учун ҳукумат рухсат берган бўлса ҳам шароит чатоқ. Нарх-наво баланд.

Бир сомсалик ялпиз 10 сомоний (тахминан 2,6 доллар – таҳр.). Оллоҳнинг каромати билан ердан униб чиққан ялпиз, кўк ўтларнинг нархи ҳам шунақанги қиммат бўладими?. Ахир бу инсофданми?

Биз кўк ош, кўк сомса қилиб ейимиз, ҳар йили. Қилмасак бўлмайди. Витамин ейиш керак, дейди нафақаси билан зўрға кун кўриб турган бу аёл.

Мавзу баҳона Душанбе шаҳар марказидаги “Баракат” бозорига кириб, кўкатлар сотилувчи расталарни ораладик.

Расталарда савдо қилаётган савдогар аёллардан бирининг ёнида тўхтадик. Аёл ўзини Назирахон, деб таништирди. Назиранинг айтишича, нархлар унчалик қиммат эмас.

- Ялпизни териб келамиз, кейин сотиб ҳам оламиз. Шунинг учун устига 50 дирам қўйиб сотамиз. Менимча бу арзон, дейди Назирахон.

Назиранинг ҳам Наврўз ташвишлари бошидан ошиб ётибди.

- Баҳор байрамига тайёргарликларимиз катта. Энг аввало қизларимни хурсанд қилиш учун атлас кўйлаклар тиктириб, ясатиб байрам сайлига олиб чиқишга тараддуд кўраяпмиз.

Бундан ташқари меҳмон кутиш учун дастурхон безатамиз. Фақат баҳор неъматларидан пишириқлар қиламиз. Шароитим етарли, Худога шукур, мана савдо қилаяпмиз, дейди Назирахон.

Яна бир суҳбатдошимиз Насибахон ҳам қишдан соғ омон чиқиб, баҳорга етганига шукур қилади.

- Худога шукур бу йилги баҳорга ҳам етиб келдик. Оллоҳ яратган неъматлардан кўк сомса қилаяпман.

Бу йил қизчалик бўлдим. Шунинг шарофатига бу йил биринчи марта сумалак қилмоқчиман.

Наврўзни байрам қилиш учун сайилга чиқаман, қизчамни кўтариб. Унга ҳозир адрас кўйлакча тикаяпман, дейди Насибахон.

Аммо тўрт фарзанднинг онаси Зилола бу йилги баҳорда болаларига фақат бир марта кўк сомса қилиб берганини, байрам учун янги кийимлар олмаганини айтади:

- Қизларим адрасни ёқтиришади. Лекин иложимиз йўқ. Шунинг учун ўтган йилгисини ювиб, дазмоллаб чиқишади байрамга. Бу кризис туфайли нархлар кўтарилган, пул эса йўқ, дейди Зилолахон.

Тожик ва ўзбек қиз-жувонлари ёқтирадиган адрас Тожикистонга Ўзбекистоннинг Марғилон, Қўқонидан олиб келинади.

Кўп йиллардан буён Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида тижорат билан шуғилланиб келаётган Фирузахон шу кунларда Душанбе бозорларига марғилонлик ва қўқонлик косиблар тўқиган адрасларни олиб келмоқда экан. Наврўз арафасида бу матонинг бозори чаққон.

Фируза адрас нархининг қимматлиги сабабига ҳам тўхталди.

- Ўзбекистондан бу ёққа маҳсулот олиб келиш осон иш эмас. Чегара, виза, бунинг устига солиқ тўланади, йўл кира қилинади. Шулар ҳисобга олиниб нарх белгиланади, дейди Фирузахон.

Лекин нарх-наво қимматлаганига қарамай, молиявий инқироз туфайли пулдан қийналиб қолган бўлсалар ҳам, аксарият тожикистонликлар бир йилда бир марта келадиган Наврўзга астойдил тайёргарлик кўришаётганлари, кўкламга етиб олганларидан қувонаётганларининг гувоҳи бўлдик.
XS
SM
MD
LG