Линклар

logo-print

Қайга саëҳат қилишни истайсиз?


Ўзбекистон қишлоқларидаги камбағал оилалар учун Тошкентга бориш орзу бўлса¸ Тошкентни кўрганлар¸ Париж ëки Лондон орзусидалар.

Ўзбекистон қишлоқларидаги камбағал оилалар учун Тошкентга бориш орзу бўлса¸ Тошкентни кўрганлар¸ Париж ëки Лондон орзусидалар.

“Avesta Research” марказига кўра¸ Ўзбекистондан хорижга сафар қилаëтган сайëҳлар сони ошиб бормоқда. Айни пайтда¸ мамлакат қишлоқларида умрида бир бор Тошкентни кўриш орзусидагилар ҳам талайгина.

Одий ўзбек ҳам хорижга саёҳат қилишни хоҳлайдими, агар имкон бўлса у қаерларга боришни орзу қиларди?

Сурхандарё вилоятининг Бойсун қишлоғида яшовчи 84 ёшли Ҳожиқул Эшқурбонов ҳозир пенсияда. Отахон собиқ Иттифоқ даврида мамлакат бўйлаб қилган саёҳатларини хотирлайди

- Иттифоқ пайтида Тожикистонда¸ Россияда¸ Грузияда¸ Озарбайжонда бўлганман. Ўша пайтларда Сочи, Кисловодск курортларида дам олганман, дейди Ҳожиқул Эшқурбонов.

Ҳожиқул ота бугунги кунда ҳам саёҳат қилишни хоҳлайди. Агар имкон бўлса¸ у хориж давлатларини кўриш орзусида.

- Мисол учун¸ Чехия ва Словакияни кўрардим¸ Американи кўрардим. Имконият бўлса ҳамма ерга саёҳат қилардим. Бутун дунёни кўрардим.

Пул бўлса¸ жаҳонни айланишга хоҳиш бор. Бироқ иқтисодий қийинчилик халақит беради, қуриб кетгур, денг, дейди Ҳожиқул Эшқурбонов.

Қарши шаҳрида яшовчи 60 ёшни қаршилаётган Муҳаммадсолиҳ Раимов умрида Ўзбекистондан ташқарига саёҳат қилмаган.

Муҳаммадсолиҳ Раимов: Мен 1987 йилда Янгийўлда санаторияда дам олиб келганман. Ўшандан бери мутлақо бирон жойга саёҳат қилмаганман.

Озодлик: Чет элга чиқишни орзу қиласизми?

Муҳаммадсолиҳ Раимов: Қани энди шундай бўлса. Чунки инсон тирик экан, орзу билан¸ ният билан¸ истак билан яшайди.

Озодлик: Агар имкон бўлганида¸ қаерга саëҳат қилишни хоҳлардингиз?

Муҳаммадсолиҳ Раимов: Имконияти бўлганда Франциями¸ Англиями, бир демократик давлатга борсам. Лекин начора¸ илож йўқ.

Озодлик: Илож йўқ деганда¸ нимани назарда тутаяпсиз?

Муҳаммадсолиҳ Раимов: Авваламбор¸ маблағ масаласи. Биласиз, бераëтган пенсияси аранг нонга етади. Бошқа нарсаларга мутлақо етмайди.

65 ёшли Имсин момо Хоразмнинг чекка қишлоқларидан бирида яшайди. У умрида ҳатто вилоят марказига ҳам бормаганлигини айтади. Момо "Тошкентга бир борсайдим", деб орзу қилади. Лекин у саёҳат учун умуман маблағи йўқлигидан ўкинади.

Имсин момо тез-тез Тошкентга қатнайдиган қўшниси Шоҳсанам билан суҳбатлашиб, ундан Тошкент таасуротларини сўраб туради. Шоҳсанамнинг орзуси эса¸ хорижга саёҳат қилиш.

- Ҳар бир одам ҳам чет элга саëҳат қилишни хоҳлайди. Оддийгина ўзларимизнинг Тошкентга борганда ҳам унинг гўзаллигини¸ фонтанларини кўриб, одамнинг кўзи қувнайди.

Чет элдаги нарсаларни кўрса¸ одам дунëга сиғмай кетса керак. Агар менда имконият бўлганида Японияга боришни жуда хоҳлаган бўлардим.

Японияга¸ Парижга боргим келади. Қани иложи бўлса¸ бошқа жойларга ҳам борсанг.

Бундай саёҳатларни биз фақат ҳавас қилишимиз мумкин. Бу жойларга бориш учун ҳеч қачон пулимиз етмаса керак, дейди Шоҳсанам.

Ўз исмини айтишимизни истамаган бир суҳбатдошимга кўра, унинг чет элга чиқиш учун маблағи етарли. Бироқ у чет элга чиқиш билан боғлиқ муаммолардан қочиб, саёҳат қилишни истамайди.

Суҳбатдошга кўра, қариндошларидан бири мухолифатчилардан бўлгани учун¸ унга чет элга чиқиш визасини беришмаган.

Бироқ “Ўзбектуризм” миллий компанияси ходимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, мамлакат фуқароларига хориж чиқиш учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади.

“Avesta Research” марказининг “2006-2008 йилларда Ўзбекистондаги туризм бозори таҳлили” ҳисоботида айтилишича, йилдан йилга хорижга саёҳат қилаётган фуқаролар сони кўпайиб бораяпти.

Марказ маълумотига кўра, 2008 йили хорижга саёҳат қилган ўзбекистонликлар сони аввалги йилларга нисбатан 40 фоизга кўпайган ва ўзбекистонлик туристлар сони 1 миллион 200 минг кишидан ошиб кетган.


P.S. Азиз муштарий¸ бугун сиз бизнинг сайтимизга балки Тошкент¸ балки Бухоро ë Самарқанддан ëхуд Америка¸ Европа¸ Осиë ва ëинки Австралия шаҳар-қишлоқларидан кираëтгандирсиз. Мабодо¸ сизда эркин саëҳат қилишга барча имкон бўлганда¸ сиз дунëнинг қай ерини кўришни истаган бўлардингиз. Бу орзуингизни бизга билдиринг...Аввалдан ташаккур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG