Линклар

logo-print

Битиклар тилга кирди


Индонезиянинг Бали оролида 2002 йил октябрида амалга оширилган террор ҳужумлари оқибатида нобуд бўлганларнинг аксари хорижлик сайëҳлар эди.

Индонезиянинг Бали оролида 2002 йил октябрида амалга оширилган террор ҳужумлари оқибатида нобуд бўлганларнинг аксари хорижлик сайëҳлар эди.

Шу кунларда Жакарта дўконларида сотувга чиққан Бали портлашларида айбланган жиноятчиларнинг ёзишмалари ва ён дафтарларидаги битиклар жамланган 3 жилдлик китоб¸ қўлма-қўл бўлиб бормоқда.

Бали портлашлари учун айбланиб, жазога тортилган уч террорчининг ўз ҳаётидан сўзловчи ёзишмалари, хотиралари ва ён дафтарларидаги битиклари жамланган уч томлик китоб шу кунларда Жакарта шаҳридаги барча китоб дўконларида сотилмоқда.

“Шаҳидлар учлиги” деб номланган китобда “кулаётган худкуш” лақаби берилган Амрўзий бин Нурҳасийм, унинг акаси Али Жуфрон ҳамда радикал имом сифатида танилган Самудраларнинг битиклари бор.

Уларнинг уччови ҳам Индонезия суди томонидан 2002 йил 12 октябрда Бали оролида амалга оширилган террорчилик ҳужумини уюштиришда айбдор, деб топилган эди.

202 киши ҳаëтига зомин бўлган бу террор ҳужуми ижрочилари отувга ҳукм қилинган ва 2008 йилнинг ноябр ойида ҳукм ижро этилган эди.

Жиноятчиларнинг ҳикоялари жамланган китоб ўтган йили чоп этишга берилган, аммо, Индонезия ҳукумати аралашуви билан унинг нашри тўхтаб қолган эди.

Китоб чоп этилганидан сўнг эса қўлма-қўл бўлиб кетди. Жакарта шаҳрида кичиккина китоб дўкони бўлган савдогар Ҳилман бу китобга талаб кучайиб бораётганини айтади. Унинг айтишича, китоб оз нусхада чоп қилинган.

- Менинг дўконимда бу китоб жуда кам. Унинг нашри чеклангани боис, дўкон пештахтасида тузуккина тургани ҳам йўқ, дейди жакарталик савдогар.

Биринчи китобда, имом Самудранинг ён дафтаридаги битиклар берилган. Самудра ўз қилмишидан пушаймон бўлмаган ва жазо ижро этилиши олдидан унинг ўлими учун издошлари қасос олишидан ижрочиларни огоҳлантирган эди. Самудра ўз битикларида одамларни оммавий равишда ўлдириш нега “жиҳод” деб аталиши ҳақидаги фикрларини баён қилган.

Иккинчи китобда¸ Амрўзий бин Нурҳасиймнинг таржимаи ҳоли берилган. Унга “кулаётган худкуш” ёки “қаҳ-қаҳ ураётган худкуш” деб ном беришган. Зотан ҳудкушлик ҳаракатини содир этаётган вақтда унинг баланд овозда кулгани воқеа гувоҳлари ёдида муҳрланиб қолган.

Учинчи китобда эса¸ Амрўзийнинг акаси Али Жуфрон ёки яна бошқа номи Мухлас бўлган жиноятчининг ён дафтаридаги хотиралар берилган. У ҳам жазо ижро этилиши олдидан ўзига микрофон тутган журналистларга уни жазога тортганларнинг ҳаммасидан Индонезия ва дунё мужоҳидлари ўч олиши муқаррарлигини таъкидлаган эди.

Бу террорчилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи китоб савдосини кузатаётган жакарталик журналистларнинг хабар қилишича, харидорларнинг асосий қисми мусулмонлардир. Уларнинг аксарияти ўз эътиқодига бу китобдан хавф йўқлигини айтмоқдалар.

Жумладан, жакарталик Сукамто худкушларга хайриҳоҳ бўлгани учун эмас, балки, худкушларнинг ўз олдига қўйган мақсади мантиғини тушунишга қизиққани учун бу китобни олганини айтади.

- Мен бу китобни ўқиб битирдим. У нима ҳақда эканини билишни хоҳлаган эдим. Менимча, бизнинг ҳамюртларимиз ахмоқ эмас. Улар нима ҳақиқату, нима ёлғонлигини яхши билишади, дейди жакарталик китобхон.

Имом Самудранинг битикларини ўқиган яна бир китобхон Зулқарнайн эса¸ бу китобни чеклашни мантиқсиз деб атайди ва террорчи битиклари бошқаларни ҳам Самдура ғояларига эргаштиришига ишонмайди.

- Менимча, бу китоб одамларга салбий таъсир қила олмайди. Бу китоб ва Самудра бўлса-да, бўлмаса-да, биз ҳақ ва ноҳақни ажрата оламиз, ахир, дейди жакарталик Зулқарнайн исмли китобхон.

Жакарта марказидаги масжид ёнида китоб сотадиган садвогар Аном ҳам харидорлар орасида бу китобни сўраётганлар кўплигини айтар экан, аслида террорчиларнинг хотиралари ҳамма учун, жумладан, унинг ўзи учун ҳам қизиқлигини айтади.

- Менимча, бу жуда яхши мавзу. Бу китобни ўқигандан кейин жакарталиклар худкушлар танланган йўл — жиҳод — хато йўллигидан яхшироқ хабардор бўладилар, деб умид қиламан, дейди индонезиялик савдогар.

Индонезия дунёдаги энг йирик мусулмон давлатидир. Бу давлат раҳбарияти радикал жанггарилик ғояларини ташувчи нашрлар чоп этилишини тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмаганликда айбланиб, халқаро майдонда кўп бора танқид қилинган.

Бали портлашлари ва ўтган бир неча йил ичида Индозенияни ларзага солган бошқа террорчилик ҳужумларини уюштирганликда эса жанубий Осиё давлатлари ҳудудидан бошпана топган “Жамоати Исломия” ҳаракати айбланади.
XS
SM
MD
LG