Линклар

"Гули" ва "Chopard" томошаси

  • Ҳурмат Бобожон

Дунëдаги энг қиммат заргарлик буюмлари сотиладиган "Chopard" брэнди¸ постсовет давлатлари ҳукмдорларининг қиз ва аëллари орасидаги энг севимли ëрлиқ ҳисобланади.

Дунëдаги энг қиммат заргарлик буюмлари сотиладиган "Chopard" брэнди¸ постсовет давлатлари ҳукмдорларининг қиз ва аëллари орасидаги энг севимли ëрлиқ ҳисобланади.

Ўзбекистон президентининг тўнғичи¸ мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Гулнора Каримова шу ой охирида "Chopard" заргарлик ширкати учун махсус тайёрланган коллекциясини Ғарб жамоатчилигига тақдим этади.

Дуру-жавоҳирлари ва ўтказаётган кўнгилочар кечаларининг миқёси билан ном чиқарган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз кўнгил очиш майдонини янада кенгайтирган кўринади.

Келаси ҳафта Гулнора Каримованинг "Гули" бренди остида Швейцариянинг донғи кетган "Chopard" заргарлик ширкати учун махсус тайёрланган коллекцияси Базел шаҳрида тақдим этилади.

Каримованинг "Гули" бренди вакилларига кўра, Швейцариядаги кўргазмада заргарлик буюмлари сотилишидан тушган маблағ хайрия учун сарфланади.

- Ҳозир янги коллекциямизни тайёрлаяпмиз ва бу коллекция 26 март куни Швейцариянинг Базел шаҳрида тақдим этилади. Коллекцияга кирган маҳсулотлар сотилишидан кўрилган маблағнинг ҳаммаси хайрия учун, жумладан болалар жмағармаси учун сарфланади, деди ўз исмини айтишни истамаган "Гули" бренди вакилларидан бири.

"Гули" бренди муаллифи ва дизейнери сифатида кўриладиган Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова "Chopard" заргарлик ширкати билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқариш режаси ҳақда ўтган йили октябр ойида Ўзбекистонда ўтказилган мода ҳафталиги давомида маълум қилган эди.

Ўшанда Тошкентга сафар қилган "Chopard" заргарлик ширкати вице-президенти Каролин Груози-Шофел Гулнора Каримованинг "Гули" бренди билан ҳамкорликда ишланган тилла тақинчоқларнинг келажакда "Chopard"нинг жаҳон бўйлаб ёйилган 150дан ортиқ дўконларида сотилиши мумкинлигига ишорат қилган эди.

Аммо Базелда бошланажак кўргазма арафасида "Chopard" ширкатидагилар бу ҳақда маълумот беришга ҳозирча тайёр эмасликларини айтишди.

- Бу ҳақда ҳозирча бирон изоҳ бера олмаймиз, узр, дея суҳбатни қисқа қилди "Chopard" матбуот вакили Дафне Секретан.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи эксперти Эндрю Штролайн фикрича, "Chopard" ширкатидагиларни Каримованинг дуру жавоҳирлари нима эвазига топилганини билмайди¸ деб бўлмайди.

- Менимча¸ Ғарбнинг заргарлик саноати қандай режим билан иш қилаётганини ўйлаб кўриши керак, дейди Штролайн.

Эндрю Штролайн фикрича, Гулнора Каримова бойлигининг Ўзбекистондаги миллионлаб фуқароларнинг Ислом Каримов диктатураси остида янада қашшоқлашувисиз мавжуд бўлмаслиги маълум.

- Каримованинг дуру-жавоҳирлари унинг қашшоқликдан азоб чекаётган мамлакати, пахтадаги болалар ҳисобига тўпланганини гапириш ўринлидир.

Ўзбекистон пахта далаларида болалар мунтазам мажбурий эксплуатация қилинадиган давлатдир. Ҳар йили Ўзбекистонда 2 миллион 700 минг бола ўқиш ўрнига пахта далаларига ҳайдалади, дейди Штролайн.

Швейцариянинг донғи кетган "Chopard" ширкатининг ялтироқ олмос тақинчоқлари, тилла буюмлари ва қўл соатлари нархи бир неча 10 минг доллар нархда сотилади. Гулнора Каримованинг эса бу ширкат маҳсулотларига ишқи аввалдан тушганини айтишади, уни яқиндан билганлар.

Декабр ойида Франциянинг "Canal+" канали ўз дастурларидан бирида, 19 йилдан буён ҳокимият тепасида турган ўзбек диктатори Ислом Каримовнинг дабдаба ва ҳашаматлардан талтайган қизлари ҳақида ҳақида ҳикоя қилган эди.

Ўша фильмда француз журналисти Ўзбекистоннинг Швейцариядаги элчиси Гулнора Каримованинг дуру жавоҳирлари фонида унинг қашшоқликдан азоб чекаётган мамлакати, сиёсий қатағонлар, пахтадаги болалар ва Андижондаги ўлдирилганлар ҳақида ҳикоя қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG