Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:00

Тожик иқтисоди чўкмоқда


Нарх-навонинг кўтарилиши оқибатида тожикистонликнинг бир ойлик ўртача иш ҳақи бир ҳафталик тирикчиликка ҳам етмай қолди.
Нарх-навонинг кўтарилиши оқибатида тожикистонликнинг бир ойлик ўртача иш ҳақи бир ҳафталик тирикчиликка ҳам етмай қолди.

Расмий Душанбе жаҳон молиявий инқирози мамлакатни четлаб ўтганини таъкидлаëтган бир пайтда¸ мамлакатда саноат корхоналари ëпилиб¸ ишсизлар сони ва инфляция даражаси ошиб бормоқда.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби йирик молия тизимларига кўра¸ жаҳонда давом этаётган глобал иқтисодий бўҳрондан дунëнинг иқтисодиёти заиф бўлган давлатлари энг кўп зарба емоқда ва бундай давлатлар рўйхатида Тожикистон ва Қирғизистон ҳам бор

Халқаро мутахассисларга кўра, бу мамлакатларга¸ биринчи навбатда¸ сув ва энергетика инқирози катта зарар етказган ва Россиядаги юз минглаб мардикорларнинг ишсиз қолиб ватанга қайтаëтгани эса, бу муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.

Тожикистон Статистика қўмитаси маълумотида айтилишича, республика ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизи айнан мардикорлар жўнатаётган пуллар туфайли шаклланади

Бироқ молиявий инқироз туфайли мардикорларнинг ватанига жўнатаётган пуллари миқдори кескин камайган.

Москвада мардикорлик қилаётган панжакентлик 56 ёшли Маҳмашариф Раупов ҳам бугунги кунда уйига пул жўната олмай қолган.

- Москва шаҳридаги қурилишда ишлардим. Ишлаб юрган пайтларим ҳар ойда 12 минг рубл ҳақ олардим, бир қисмини уйга жўнатардим. Инқироз туфайли ишсиз қолдим. Бир ойдан буён уйга пул жўнатганим йўқ, дейди Маҳмашариф.

Сўғддаги “Амонатбанк” бошқармаси маълумотларига кўра, 2008 йилда чет элдан меҳнат муҳожирлари томонидан Тожикистонга юборилган маблағ бир миллиард доллардан ортиқ бўлган.

Жорий йилнинг икки ойида мардикорлар юбораётган пул жўнатмалари миқдори 2008 йилга нисбатан 30 фоизга камайган.

Навбатдаги суҳбатдошимизнинг Россияда мардикорлик қилаётган фарзандлари инқироз туфайли ватанига қайтиб келган.

- Фарзандларим Россияда меҳнат қилиб, пул жўнатарди. Ҳозир икки ўғлим ҳам уйда, ишсиз ўтирибди, мажбур ўзим ишлаяпман, дейди бу суҳбатдош.

Мардикорлар томонидан жўнатилаётган пул миқдорининг камайгани, Россияда ишсиз қолган гастрабайтерларнинг Тожикистонга қайтишга мажбур бўлаётгани, доллар ва евронинг тожик миллий валютасига нисбатан қиймати кўтарилгани мамлакатда қашшоқлар сонининг ортишига, нарх навонинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

- Республикамиз 18 йилдан буён иқтисодий буҳрондан чиқолмаяпти. Бундан ҳам даҳшатлироқ бўҳроннни бошидан кечирган тожикистонликлар учун бугунги кундаги қийинчилик муаммо бўлмаса керак, дейди биринчи суҳбатдошимиз.

Иккинчи суҳбатдошимиз эса нарх-навонинг кўтарилишидан зорланади:

- Давлат бераётган 60- 90 сомоний (15-22,5 АҚШ доллари- таҳририят) иш ҳақи рўзғор учун икки кунга аранг етади. Шу пул бўлган тақдирда ҳам картошка, пиёз сабзи ва сут маҳсулотларидан бирортасини сотиб олишга етади. Лекин гўштга пул қолмайди, дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Шу ўринда вилоят бозорларидаги маҳсулотлар нархига назар ташлайлик.

Қозоғистон уни 30 доллар, бир килограмм пахта ёғи 2 доллар, бир килограмм гурунч 2 доллар, гўшт эса 5 доллардан сотилмоқда. Тожикистондаги ўртача иш ҳақи эса 65 сомоний, яъни 16, 5 доллар атрофидадир.

Айни пайтда¸ Тожикистон расмийлари глобал иқтисодий бўҳрон республика иқтисодиётига деярли таъсир қилмади, дейишмоқда. Лекин статистик маълумотлар расмий Душанбе вакилларининг бундай фикрларини шубҳа остига қўймоқда.

Тожикистон статистика қўмитаси маълумотига кўра, иқтисодий инқироз туфайли республикадаги 44 фоиз саноат корхоналари фаолиятини тўхтаб қолган.
XS
SM
MD
LG