Линклар

Болаларсиз пахтазор?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда кўтарилаëтган пахта хирмонларининг асосий оғирлиги¸ ҳали-ҳамон ўзбек болалари елкасига тушмоқда.

Ўзбекистонда кўтарилаëтган пахта хирмонларининг асосий оғирлиги¸ ҳали-ҳамон ўзбек болалари елкасига тушмоқда.

Ўзбекистонда пахтани болалар меҳнатидан фойдаланмай туриб ҳам йиғиб-териб олиш мумкин¸ дер экан иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов¸ бунинг учун мамлакатда қилиниши лозим ислоҳотларга тўхталади.

Ўзбек деҳқони чигит экишни бошлашни эндигина ўйлаб турган шу кунларда пахта терими билан боғлиқ муаммолар яна халқаро миқёсда тилга тушди.

Душанба кечки эшиттиришларимизда қароргоҳи Лондонда жойлашган Осиё ва Африка тараққиёт институтининг "Дунё кўзидан панада: Ўзбекистон пахтачилигида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш тадрижи" мавзуидаги тадқиқоти мазмуни билан Сиз тингловчини таништирган эдик.

Тадқиқот муаллифлари, Ўзбекистон ҳукумати пахтани болалар меҳнатисиз териб олишга қодир эмас, деган хулосага келган.

Биз мавзу юзасидан ўзбекистонлик олим, иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидовни суҳбатга тортдик.

Олим бошқача фикрда.

Расулжон Абдумажидовнинг фикрича, Ўзбекистон далаларида кейинги йилларда етиштирилаётган пахтани мактаб ўқувчилари ва талабалар ёрдамисиз ҳам териб олса бўлади.

Қандай қилиб, деган савол билан бошланди суҳбатимиз.

Расулжон Абдумажидов: Шундай бўладики¸ пахта биринчи теримга тушганда одамларнинг терими бемалол 80-90 килога тўғри келади.

Озодлик: Домла¸ 80-90 килодан тўғри келади деяпсиз. Сиз 27 миллионлик Ўзбекистон аҳолисини ҳисобга олаяпсизми ëки қишлоқ хўжалигида банд аҳолиними?

Расулжон Абдумажидов: Қишлоқ хўжалигида банд аҳолини назарга олаяпман.

Озодлик: Қишлоқ хўжалигида банд бўлган катта ëшли одамларни назарда тутаяпсиз.

Расулжон Абдумажидов: Ҳа. Менинг маълумотларим бўйича¸ масалан¸ Андижон вилоятида битта қишлоқ хўжалик ходимига 53 сўтикдан¸ Наманган вилоятида 54 сўтикдан¸ Фарғона вилоятида 55 сўтикдан тўғри келади. Ана энди ўшани териб олиш нима деган гап.

Озодлик: Домла¸ сиз бу ҳисоб-китобларни чиқарар экансиз¸ қишлоқларда яшайдиган кўпчилик ишчи кучларининг Россия ва Қозоғистонда юрганини ҳисобга олдингизми?

Расулжон Абдумажидов: Ҳисобга олганман. Ҳозир менинг ҳисоб-китобим бўйича 5 миллиондан ортиқ одам Россия ва Қозоғистонда.

Пахта теримига ҳануз ҳашарчилар жалб этилиши қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишга илмий ёндошувнинг йўқлигида, бошқарувнинг советча маъмурий -буйруқбозлик усули сақланиб қолаётганидадир, дейди Расулжон Абдумажидов.

Кейинги йилларда эса, дейди олим:

Расулжон Абдумажидов: Бундан ҳам беш баттар бўлди.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада?

Расулжон Абдумажидов: Сабаби тепадаги бошқарув тизими жуда маълумотли одамлардан ташкил топмаган. Қишлоқ хўжалик институтлари агроном-технолог¸ технолог-агроном деган мутахассис бермайди. Шунинг учун қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида технологияни мукаммал билмайди.

Шунинг оқибатида пахтачилик ҳам¸ бошқа қишлоқ хўжалик соҳалари ҳам ривожланиб кета олмайди. Ҳаммаси ҳам мутахассис эмас. Пахта етиштиришда 97 та технологик операция бажарилади. Вилоят ҳокимлари бўладими¸ туман ҳокимлари бўладими¸ фермерлар уюшмаси бўладими, умуман бу технологиялар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Озодлик: Домла¸ мен шу жойда сизга эътироз билдираман. Технологлар етишмагани билан мамлакатда Мирзиëев деган энг катта технолог бор. Селектор мажлислари ўтказиб¸ ҳар бир фермернинг ишини бошқариб турадику!

Расулжон Абдумажидов: Мирзиëевники қандайдир диктатурадай гап. Палон қил¸ пистон қилдан бошқа нарса эмас. Ҳатто Мирзиëевнинг муовинлари вилоятларга бўлиниб¸ ëзи билан шу ерда юради. Баъзи ҳокимлар ҳатто ҳожилардан гуруҳлар тузиб олган. Улар ҳам тинчлик бермайди.

Умуман фермерларга тинчлик йўқ. Якшанба куни селектор¸ кечқурун мажлис. Буларнинг ҳаммаси маданиятсизлик.

Айниқса¸ йиғим- терим пайтида босимни жуда юқори қўйиб юборади. Югур-югур¸ бақир-чақир¸ урди-сурди. Қуруқ сиëсат билан яшайди булар.

Меҳнат эркинлиги бўлиши керак¸ биринчи навбатда. Меҳнат эркинлиги бўлмайдиган бўлса¸ одамлар ҳеч қачон ижодий ëндаша олмайди. Юқоридаги буйруқни кутиб ўтираверади.

Фермерларнинг ҳаммаси қарздор. Биргина Наманган вилоятининг фермерлари бу йил 50 миллиард сўм қарз билан чиқишди. Бу томонлари ҳам бор. Балансовый экономикага эга эмас.

Озодлик: Шундай шароитда нима қилиш керак? Бюджет ташкилотлари ходимларини¸ институт талабаларини¸ мактаб ўқувчиларини пахта бош оғриғидан қутқариш учун нима қилиш керак?

Расулжон Абдумажидов: Яна машина технологиясига кўчиш керак. Усиз қутула олмаймиз. Терим машиналари йўқ. Фақат қўлга ўтиб олган. 1980-1985 йилларда пахтанинг 60 фоизи¸ чўл зоналарида 70 фоизи машина билан терилар эди. У пайтда пахта икки баробар кўп эди.

Ҳозир тола аранг 900 минг тоннага етишади холос. Икки бараварга қисқариб кетган. Битта кўсак 43 кунда етилади. Демак ¸уни қўйиб қўйиш керак. Одамлар бир марта тердими¸ қўйиб қўйиш керак. Лекин одамларнинг кўпчилиги термайди. 30-35 фоизи югур¸ чоп¸ у ëқ¸ бу ëқ қилиб юради холос.

Озодлик изоҳи: Жаноб Абдумажидов шу кунда пенсияда. Узоқ йиллик фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган.

1994 йил июлигача Расулжон Абдумажидов Ўзбекистоннинг Россиядаги савдо ваколатхонасини бошқариб турган.
XS
SM
MD
LG