Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:43

Чипта арзонлади, йўловчи йўқ


Тожикистондан Россияга қатновчи поездларнинг чипта нархи арзонлаганига қарамай, бу поездларда сафарга чиқиш ниятида бўлган йўловчилар сони кўпаймаяпти.
Тожикистондан Россияга қатновчи поездларнинг чипта нархи арзонлаганига қарамай, бу поездларда сафарга чиқиш ниятида бўлган йўловчилар сони кўпаймаяпти.

Ўзбекистоннинг ўз ҳудудидан ўтадиган Тожикистон йўловчи поездлари учун белгиланган транзит миқдорини камайтиргани кетидан Душанбе - Москва йўналишидаги поезд чипталари 15 фоизга арзонлади.

Тожикистон масъулларининг маълум қилишича, расмий Тошкентнинг бу қарори Москва поездларига йўловчилар сонининг камайиши олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Бу борада “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси масъули Содиқ Жалов маълум қилди.

- Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўллари раҳбарлари ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида чипта нархини ҳисоблаш учун амал қилувчи 3,5 фоизли коэфицент Ўзбекистон томонидан 2 фоизга туширилган.

Бу эса чипта нархининг Душанбе- Москва поездларига 15 фоиз, Душанбе - Конибодом поездлари учун эса 30 фоизга арзонлашига сабаб бўлди, деди “Тожикистон темир йўллари” ширкати масъули Содиқ Жалов.

Шу йилнинг январ ойи ўрталарида “Тожикистон темир йўллари” ширкати раиси Омонулло Ҳукумов 2009 йил бошидан Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтувчи Тожикистоннинг барча турдаги поездлари учун транзит тўловини 38 франкка (Марказий Осиё темир йўлларидаги транзит тўловлари франк пул бирлигида амалга оширилади - таҳририят) оширганидан норозилик билдирган эди.

-Йўловчи ташувчи поездларга чипта баҳосининг қимматлашуви йўловчилар сонининг қисқаришига олиб келади. Менимча, бу на Ўзбекистон ва на Тожикистон учун фойда.

Ҳозир биз Ўзбекистон билан транзит ҳақи борасида музокаралар олиб бормоқдамиз. Улардан транзит ҳақини белгилашда жаҳонда ёнилғи баҳосининг арзонлаб бораётганини эътиборга олишларини сўраяпмиз, деган эди ўшанда Ҳукумов.

Содиқ Жаловнинг билдиришича, музокаралар чоғида Тожикистон томони ўзбек касбдошларини чипта нархининг қимматлашуви ҳақиқатдан йўловчилар сонининг қисқаришига таъсир қилаётгани ва бу икки давлат иқтисодиёти учун ҳам зарар келтираётганига ишонтира олган.

Темир йўл ширкати масъулининг билдиришича, 19 март куни Душанбе Москва йўналишида йўлга чиқувчи поездга чипталарнинг фақат 48 фоизигина сотилган.

20 март куни сафарга отланаётганлар эса чипталарнинг 20 фоизини сотиб олишган¸ холос.

Унга кўра, поездларда йўловчилар сонининг камайиб кетганига иқтисодий бўҳрон туфайли Россия шаҳарларида иш жойларининг қисқараётгани ҳам сабаб бўлган.

Ўтган йилнинг шу кунларида Душанбе - Москва йўналишидаги поездларга чипта топиш муаммо эди. Шунинг учун аксарият йўловчилар сафарга чиқишдан бир ой илгари чипта сотиб олишарди.

-Энди эса,- дейди темир йўллар расмийси Жалов,- Душанбе, Хўжанд ва Кўлоб шаҳарларидан Россиянинг Москва ва Саратовига юбориладиган 8 та пассажир поездлари учун чипталарнинг атиги 50 фоизи сотилган.

Айни пайтда “Тожикэйр” ширкати масъуллари¸ Россия шаҳарларига парвоз қилаётган самолётларда йўловчилар сонининг кескин қисқариши сезилмаганини билдиришмоқда.

Россияда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирлари Москвага самолётда сафар қилиш ўзлари учун хавфсиз ва қулайроқ эканини таъкидлашади.

Суҳбатдошимиз Олмахон Раҳимова Ўзбекистон томони поездларда йўловчилар сонининг қисқариши олдини олиш учун транзит ҳақини камайтирганини олқишлайди, аммо Россияга самолëтда боришни афзал кўришини айтади.

-Ўзбекистоннинг транзит ҳақини камайтиргани биз йўловчилар учун яратилган бир қулайлик. Масалан, минг сомонийга билет олмаймиз энди. Бу Россияда ишлаб, пулини ололмай алданиб қолиб, ортга қайтишга мажбур бўлаётганларга ҳам енгиллик бўлади.
Лекин шуни ҳам айтиш керакки, айрим йўловчилар қонун таъқиқлаган нарсалар,масалан, наркотик олиб ўтаётгани учун бизларни ҳам Ўзбекистон ҳудудида роса текширишади.

Поездларни тўрт - беш соатлаб тўхтатиб туришади. Вақтимизни олишади. Ёш болалар қийналишади.
Шунинг учун кўпинча одамлар Россияга самолётда боришни афзал билади. Агар Ўзбекистон томони поезд билетларини арзонлаштириш баробарида шу текшир - текширларни ҳам олиб ташласа ёки поездни тўхтатиб туриш соатларини қисқартирса¸ яна ҳам яхши бўларди, дейди суҳбатдошимиз.

“Тожикистон темир йўллари”ширкати раиси Омонулло Ҳукумов йўловчи поездлар Ўзбекистон ҳудудида асоссиз тутиб турилиши масаласи ҳар гал икки ёқлама учрашувларда ўртага ташланаётгани, аммо расмий Тошкент бу борада ўз қарорини ҳамон ўзгартирмаётганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG