Линклар

Ўзбек элчихонаси муҳтожларни йўқлади

  • Гулнора Равшан

Тўйиб овқатланишдан маҳрум бўлган Душанбедаги кўзи ожиз болалалр мактаб-интернати ўқувчилари Ўзбекистон элчихонаси совғасидан жуда мамнун бўлдилар.

Тўйиб овқатланишдан маҳрум бўлган Душанбедаги кўзи ожиз болалалр мактаб-интернати ўқувчилари Ўзбекистон элчихонаси совғасидан жуда мамнун бўлдилар.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси Наврўз арафасида кўзи ожиз болаларга меҳр-мурувват ёрдами кўрсатди ва бу ўзбек- тожик алоқаларининг яхшиланишидан даракчи дея кўрилмоқда.

18 март куни кўзи ожиз болалар мактаб-интернати ҳовлиси ҳар кунгидан озода, ёруғ дунёни кўришдан маҳрум қиз ва болалар эса ҳар кунгидан қувноқ .

Чунки бугун уларга қўшалоқ байрам: бир томони Наврўз, бошқа томондан эса уларни йўқлаб катта совғалар билан ўзбекистонлик меҳмонлар келишган.

Болалар ота - оналари, устозлари қатори меҳмонларни ҳам ўз истеъдодлари билан қувонтириш мақсадида махсус концерт дастурини ҳозирлашган экан - меҳр, муҳаббат ва баҳор ҳақида шеърлар айтиб, қўшиқлар куйлашди ва йиғилганларни ўз хурсандчиликларига шерик қилишди.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси ёрдамчиси Миродил Абдураззоқов болаларни яқинлашаётган Навруз байрами билан табриклади.

- Сизларнинг асосий вазифангиз “яхши” ва “аъло” ўқиб ота- онангиз, Ватанингизга хизмат қилиш ҳамда ўзбек ва тожик халқлари дўстлигига ҳисса қўшишдир, деди ўзбек дипломати.

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Наврўз совғаси тариқасида бу интернатга нон ёпиш ускунаси, макарон, ун ва кўплаб ширинликлар олиб келишди.

Мактаб-интернат ошпази Гулшуд кўзи ожиз болаларга нон ва кулчалар пишириш учун шароит йўқлигидан кўп қийналгани ва бугун ўзбекистонлик меҳмонлар совғаси жуда катта муаммони ҳал қилганини айтади.

- Болаларнинг уч маҳал овқатланишлари учун бир кунда 300 дона кулча ёпиш керак. Аммо духовкамиз кичик ва атиги бир дона бўлгани учун тонга қадар ишлашимга тўғри келарди. Баъзан бир кеча- кундузда 3 соат дам олардим. Раҳмат Ўзбекистон элчилигига, мушкулимни осон қилди, дейди Гулшуд.

Ўзаро суҳбатда Миродил Абдураззоқов бу мактаб - интернат билан икки йилдан буён ўзаро ҳамкорлик қилаётганларини ва келгусида кўзи ожиз болаларнинг таълим олишлари учун яна ёрдам қилинишини таъкидлади.

Бу ҳамкорликнинг ўзбек - тожик алоқаларининг мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонч билдирди, ўзбек дипломати.

Аммо ўтган асрнинг 90 - йиллари сўнгида ўзбек - тожик дўстлигига тушган дарз, сўнгги йиллар минтақа сув ва энергетик заҳиралари атрофида давом этаётган баҳслар ортидан йириклашаётгани кузатилади.

- Мустақилликка эришган минтақа давлатларининг ҳар бири энг аввало ўз иқтисодий манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўрмоқда. Кўпинча бу хилда сиёсат юргизиш, ўз қобиғидан ташқарига чиқмаслик яхши қўшничилик муносабатларига путур етказади, дейди душанбелик таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон томони тожикистонлик кўзи ожиз болаларни байрам арафасида хурсанд қилиш учун мактаб-интернат бўсағасини ҳатлаган пайтда, Душанбе шаҳар Сино туман ҳокимияти расмийлари бу интернат махсус мақомга эга эмаслиги баҳонасида бир неча ўқитувчини ишдан бўшатиб, қолганларнинг маошларини 20 фоизга қисқартиргани борасидаги қарорини эълон қилди.

Мактаб - интернат директори Ғойиб Шоев иқтисодий бўҳрон калтаги биринчи галда улар бошида синганидан шикоят қилади.

- Яхшиямики хорижий ташкилотлар, ўзбекистонлик биродарларимиз бор. Агар бу хайрихоҳ инсонлар ёрдами бўлмаса, мактабимиз бир ой ҳам фаолият юрита олмайди. Чунки ҳукумат бюджетидан ажратилаётган 90 дирам билан боланинг қорнини тўйдириш ақлга сиғмайди, дейди Шоев.
XS
SM
MD
LG