Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:46

Икир-фикрлар ëки бир чемодан жавоҳир


Бойликнинг ҳам бойликдан фарқи бор. Бировники енгил, бошқаники оғирроқ. Бировникига махсус майдон керак бўлса¸ бошқасини бир ҳовучга жам бўлади.
Бойликнинг ҳам бойликдан фарқи бор. Бировники енгил, бошқаники оғирроқ. Бировникига махсус майдон керак бўлса¸ бошқасини бир ҳовучга жам бўлади.

Постсовет президентлари болаларининг ҳаëт тарзи араб шаҳзодалариникидан ўтса ўтадики¸ қолишмайди - улардан бирови қимматбаҳо машиналарни коллекция қилса¸ бошқаси ноëб тошларни йиғиш билан машғул.

- Фалончини кўрдингми, ҳар бармоғида биттадан "Гули", қулоқларидаям "Гули", ишлари юришиб қоптими?!

Бундай гапни, Тошкентнинг бадавлат хонадонларида гуркираб ўсаётган дуркун қизларнинг ўзаро ғийбатларига ўғринча қулоқ солсангиз, яқин орада эшитиб қолишингиз мумкин.

Бармоқлару қулоқларни безаган "Гули" – Ўзбекистон президентининг қизи. Аниқроғи, Гулнора Каримова етакчилигидаги дизайнерлар гуруҳи ясаётган "Гули" тақинчоқлардир. Каримова хонимнинг эрмаги минтақадаги бошқа президентлар фарзандлари эрмагига қизиқишимизни пайдо қилди.

Эрмакнинг эрмакдан фарқи бор. Бировники енгил, бошқаники оғирроқ.

Масалан, президентнинг ўғли президент Рамзан Қодировнинг (Чеченистон республикаси) эрмаги оғир эрмаклардан.

Хабарларга қараганда, Рамзаннинг 20га яқин қимматбаҳо машинаси бор.

Ўт балоси бор, сув балоси бор. Худо кўрсатмасин, бир нарса бўлиб қолса, бирданига 20 ҳайдовчи керак бўладику?! Рамзанбек бир ўзи олиб қочолмайдику 20 та машинани?!

Қодировникига қараганда¸ Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустамнинг ташвиши анча оз.

Рустам Раҳмон ҳам, айтишларича, қимматбаҳо машиналарни яхши кўради.

Лекин унинг Чеченистон раҳбаридай машиналарни коллекция қилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Рустамнинг эрмаги пойга, шиддат, суръат, дейди тожикистонлик журналист Мардон Муҳаммад.

Мардон Муҳаммад: У кечалари соат бир-иккиларда¸ машина кам бўлган пайтда ҳайдовчилик қилади. Янги моделларни ҳайдайди.

Озодлик: Ким ўзарга ҳайдаш билан шуғулланади деб эшитган эдим. Мана шуни сиз ҳам айтаяпсиз. Пойга қилади¸ шундайми?

Мардон Муҳаммад: Ҳа¸ шунақа.

Тезликни яхши кўрадиган Рустам Раҳмоннинг иккинчи эрмаги - футбол.

- Унинг футбол командаси бор. Ўзи ҳам ўйнайди. Ҳозир у Тожикистоннинг биринчи лигасида ўйнайди¸ дейди Мардон Муҳаммад.

Ўйинқароқ ўғлига қараганда, Имомали Раҳмоннинг катта қизларидан бири анча пишиқ-пухта чиқиб қолди.

- Раҳмоннинг катта қизи кўчмас мулк билан шуғулланади. Баъзи маълумотларга қараганда¸ Душанбе шаҳрининг катта марказий савдо расталарини сотиб олган. Буларнинг ҳаммаси норасмий маълумотлар.

Расмий манбалардан президентнинг фарзандлари ҳақида¸ уларнинг ҳоббилари ҳақида бирор бир маълумот олишнинг имкони йўқ¸ дейди Мардон Муҳаммад.

Лекин аниқ, расмий маълумот шуки, Тожикистон президенти серфарзанд: 2 ўғли, 7 қизи бор.

Қирғизистон президентини демографик вазиятни яхшилашга, тожик ҳамкасбидай, катта ҳисса қўшган, деб бўлмайди.

Бишкеклик журналист Султан Хоназаровнинг айтишича, Қурманбек Бакиевнинг “расмий иккита ўғли” бор.

Султонбек айтган учта сўзнинг биринчисидан келиб чиқадиган саволни, президентни ҳурмат қилиб, бермадик.

Бакиевнинг тўнғичи тўп тепиб, машина чоптириб кўча чангитмайди. У ўта жиддий идорада - давлат хавфсизлиги қўмитасида ишлайди.

Иккинчи ўғлини¸ йирик тадбиркор дейишади. Лекин ака-ука бакиевларнинг бирон бир ўзгача эрмаги мавжудлиги тўғрисида маълумот йўқ, бўлсаям балки машиналар, пул, чет элларга саёҳат каби бой йигитларнинг аксариятига хос бўлган эрмаклари бўлиши мумкин, дейди бишкеклик журналист Султон Хоназаров.

Сардор. Бу Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг ўғли.

Туркман журналисти Мурод Нургелдининг айтишича, ҳозирча, мамлакат халқи президент фарзандлари эрмаги у ёқда турсин, уларнинг неча нафар эканлигини ҳам аниқ билмайди. Баъзилар 2 қизи бор, деса, бошқалар 3 қизи бор, дейди.

Лекин бу масалада Ўзбекистонда ошкоралик.

Гулнора ва Лола Каримоваларни республикада танимаган, уларнинг ишлари тўғрисида эшитмаган одам йўқ.

Мана энди тўнғич Каримова ўз эрмаги - тақинчоқлари ёрдамида Ўзбекистонни дунёга танитаман, деб турибди.

Келаси ҳафтада Швейцариянинг Базел шаҳрида Гулнора Каримованинг "Гули" тақинчоқлар коллекцияси тақдимоти бўлиб ўтади.

Хабарларга қараганда, "Гули" тақинчоқлари атайлаб "Chopard" заргарлик ширкати учун тайёрланган.

"Chopard" тақинчоғи қандай бўлишини камина билмайман. Билгичларнинг айтишича, марҳум туркманбоши тақадиган узуклар "Chopard" даражасида бўлгич эди, унинг тахминан 70 узугидан ҳар бири ўртача 100 минг доллар тургич эди.

Мана энди Рамзан Қодировга қайтайлик.

Боя уни машина тўплаб нима қилади¸ ўт балоси бор, сув балоси бор. Худо кўрсатмасин, бир нарса бўлиб қолса, бирданига 20 та ҳайдовчи керак бўладику?! Рамзанбек бир ўзи олиб қочолмайдику 20 та машинани?!¸ деган эдик.

Бу масалада Гулнора Каримова анча пишиқ-пухта¸ узоқни кўра биладиган кўринади. Нега дейсизми?

Биттагина оддий чемоданга нечта узугу¸ нечта балдоқ сиғишини тасаввур қилиб кўринг.

Шунинг учун айтдикда¸ эрмакнинг оғири ҳам¸ енгили ҳам бор деб.
XS
SM
MD
LG