Линклар

logo-print

Ахсини ёдлаганлар судланди


Ахси воқеасини хотирлаш учун қирғиз президенти саройи олдига намойишга чиққан кишиларга бу гал суд томонидан енгилроқ жазо белгиланди.

Ахси воқеасини хотирлаш учун қирғиз президенти саройи олдига намойишга чиққан кишиларга бу гал суд томонидан енгилроқ жазо белгиланди.

18 март куни Бишкекда Ахси воқеаларида қурбон бўлганлар хотирасини ёдлаб пикетга чиққан бир ҳуқуқ ҳимоячиси ва уч сиёсатчи қўлга олиниб, маҳкамага тортилди.

Қўлга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова, мухолифатдаги сиёсатчилар Тўпчубек Турғуналиев, Анвар Ортиқов ва Самат Алиевлар президент саройи олдида ноқонуний пикет ўтказганликда айбландилар.

Уларга жамоат тартибини бузганлик, милиция ходимларига қаршилик кўрсатганлик айблари қўйилди.

Суд жараёнида уларга огоҳлантириш берилди.

Авваллари Бишкек суди намойиш ўтказилиши таъқиқланган жойларга йиғилган норозиларни бир неча кунлик қамоқ жазосига ёки катта миқдорда жарима тўлашга ҳукм қилар эди.

Бу сафар суднинг нисбатан юмшоқ қарор чиқаришига қўлга олинган сиёсатчиларнинг халқ орасида эътибори катта экани ва Ахси воқеаси қирғиз жамиятида умуммиллий фожеа сифатида кўрилиши сабаб бўлган.

- Судланаётган йигитларимизнинг суддаги нутқлари ҳам жуда ўринли бўлди. “Ахсини хотирлаганимиз учун 20 йил қамоққа ҳукм қилсанглар ҳам чидаймиз”, дейишди.

Пировардида суд ҳам пикет ўтказиш жараёнида қонунбузарликлар бўлмаганини тан олишга мажбур бўлди, дейди маҳкамада кузатувчи сифатида иштирок этган парламент депутати Роза Ўтунбаева.

Қизиғи шундаки, Ахси фожеаси қурбонларини хотирлаш намойиши президент маъмурияти биноси олдида 17 март куни бошланган эди.
Ўша куни намойишчиларга қарши ҳеч қандай чоралар қўлланилгани йўқ, аксинча, милиция намойишнинг тинч ўтишини таъминлаб турди.

18 март куни намойишни давом эттиришга чиққан ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар эса қўлга олинди.

- Албатта, улар митинг ўтказмадилар. Бироқ оммавий акция ўтказишга ҳаракат қилдилар. Турли плакатларни кўтариб, жамоатчилик диққатини ўзларига қаратишга ҳаракат қилдилар.

Биз улардан тадбирни тўхтатишни илтимос қилдик, бироқ бу илтимосимиз қондирилмагач, уларни қўлга олдик, дейди Бишкек шаҳар милицияси расмийси Талай Шатманов.

2002 йилнинг 18 мартида Қирғизистоннинг Ахси тумани аҳолиси парламентдаги мухолифатчи депутат Азимбек Бекназаровнинг қамоққа олинишига қарши намойишга чиққан ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари норозиларга қарши ўқ отган эди.

Бу воқеада 6 намойишчи қирғиз милицияси отган ўқдан ҳалок бўлганди.

Қирғиз жамоатчилиги 7 йилдан бери ахсиликларга қарши ўқ отганларни жазолашни талаб қилиб келади.

Шу йилнинг 17-18 март кунлари Бишкек марказий майдонидаги президент маъмурияти биноси олдида ўтган намойишда ҳам мана шундай талаблар янграган эди.

Бундай талаб билан республиканинг бошқа вилоятларида ҳам намойишлар бўлиб ўтди.

Ахси туманида ўтган митингда эса аҳоли президент Бакиевга шу йилнинг 25 мартига қадар бажариш шарти билан талабнома жўнатдилар.

Унда Ахси воқеалари айбдорларини жазолаш, мухолифат лидерларига нисбатан таъқибни тўхтатиш ҳамда ҳукумат оммавий ахборот воситаларига сўз эркинлиги бериш талаб қилинади.

“Агар бу талаблар 25 мартгача бажарилмаса, биз президент Бакиев истеъфоси учун ҳаракат бошлаймиз”, дейилади ахсиликлар талабномасида.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун фикрича эса¸ Ахси воқеалари айбдорларини аниқлашга қирғиз жамиятида илдиз отган қабилачилик монеълик қилмоқда:

- Президент Бакиев аввалги прокурорга ҳам, ҳозирги прокурорга ҳам Ахси воқеалари айбдорларини топиш ҳақида қатъий топшириқ берган эди. Аммо, афсуски, бу топшириқ бажарилмаяпти.

Ахси воқеалари айбдорларини аниқлашга маҳаллийчилик, қирғизларнинг жанубликлар ва шимолликларга бўлиниб олгани халақит бераётир, деди Турсунбек Ақун.
XS
SM
MD
LG